Ню Йорк фитнаси тафтиш қилинмоқда

АҚШ ҳукумати Ню Йоркдаги машҳур Таймс майдонида машинага ўрнатилган бомбани портлатиш уриниши ортида Ал-Қоида ёки бошқа бир йирик террор ташкилоти турмаганини таъкидламоқда.

Якшанба куни интернетда тарқатилган ва Ториқи толибон гуруҳига тегишли экани айтилаётган видеода фитна учун маъсулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган эди. Бироқ АҚШ расмийлари бу иддаоларни инкор қилдилар.

Шанба куни Ню Йорк полицияси Таймс майдонида қолдириб кетилган машина ичида газ балонлари, пиротехника, бензин билан тўлдирилган канистралар, соат механизми ва портловчи мосламаларда ишлатиладиган бошқа компонентларни топди.

Айни пайтда Ню Йорк полицияси ушбу ишга алоқадорликда гумон қилинган 40 ёшлар атрофида бўлган оқ танли шахсга қидирув эълон қилди. Маълум бўлишича, хавфсизлик камераларида ушбу шахснинг шаҳар марказида қолдириб кетилган машинани бошқараётгани акс этган.