Кўнгилочар жойларга вояга етмаганларнинг тунда кириши тақиқланди

18 май куни Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг тунда клуб, бар, дискотека, кинотеатр ва бошқа кўнгилочар жойлар, жумладан интернет билан боғлиқ ўйинхоналарга катталар ҳамроҳлигисиз боришини тақиқловчи қонун кучга кирди.

Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги Қонунчилик ва суд ислоҳотлари қўмитаси раҳбари сенатор Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда бу қонуннинг “Баркамол авлод йили”да вояга етмаганлар орасида жиноятчиликни камайтириш мақсадида қабул қилинганини айтди.

- Жамоат жойларининг аксариятида эмас¸ балки фақатгина кўнгил очиш¸ дам олиш жойларида вояга етмаганларнинг бўлишига йўл қўйилганлиги вояга етмаганларнинг жиноятга¸ ҳуқуқбузарликка жалб этилиши ëки шу жиноят ва ҳуқуқбузарлиги орқали вояга етмаганларга зарар етганлигини¸ ундан кейин кечқурунги соат 10 дан эрталабки соат 6 гача кўчада бўлиши мана шунақа дам олиш жойларида кафе бўладими¸ бар бўладими¸ ресторан бўладими¸ ўша жойларда бўлиши¸ спиртли ичимлик истеъмол қилиш ëки гиëҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва ҳоказо нохуш воқеаларга дуч келгани аниқланган.

Шунинг учун қонунчилик ташаббуси субъекти Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритган. Депутатлар ўқиган, тегишли равишда маромига етказган шу қонунни ва маъқуллаш учун Сенатга тақдим этилган. Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига, айтганимдек шу масала ҳам киритилган. Муҳокама ҳақиқатан ҳам шуни кўрсатдики¸ бизнинг авлодимизни баркамол қилиб вояга етказиш учун¸ тунги вақтларда кимнинг қаерда бўлишини¸ ота-онаси ëнида бор ëки йўқлигини¸ нафақат ўшаларнинг вояга етишида ота-онасининг ëки мактаб ўқитувчилари жавобгар бўлиши керак¸ балки барча жамоатчилик ҳам шунга жалб этилиши керак, дейди Светлана Ортиқова.

Президент имзо чеккан ҳужжатда янги қонунни бузган кўнгилочар ташкилотларга энг кам ойлик маошнинг 10 – 15 баробари миқдорида жарима тўлаш жазоси белгиланган.