Олабуқаликлар қамалда қолганидан шикоят қилмоқда

Жалолободдаги ўзаро низолар, маҳаллий аҳолининг айтишича, 13-14 май кунлари Қирғизистон жанубида содир бўлган тартибсизликлардан кейин кучайган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Олабуқа туманига қарашли Сафед Булон қишлоғи аҳолиси сўнгги ҳафта мобайнида қамалда яшамоқда. Бу борада Озодликка олабуқаликлардан бири маълум қилди.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи Сафед Булон қишлоғи аҳолиси шу йилнинг 17 май куни Олабуқа туманида тинчлик митинги ўтказганидан сўнг қишлоққа олиб кирувчи йўллар тўсиб қўйилган.

Сафед Булон қишлоғи аҳолиси бир ҳафтадан буён қамалда яшаётгани борасида биз билан телефон орқали суҳбатда ушбу қишлоқда истиқомат қилувчилардан бири маълум қилди.

- Бизнинг қишлоқдагиларни ташқарига чиқаришмаяпти. Қишлоқдагилар ташқарига чиқишаяптию, Олабуқа туманига боришолмаяпти, лекин бошқа туманга боришаяпти.

Озодлик: Ким чиқармаяпти?

- Ўша, қирғиз йигитлар. Йўлни тўсиб олиб, машиналарни чиқаришмаяпти. Битта-иккита одам ўтаяпти, зарур иши борлар.

Озодлик:
Бунга нима сабаб бўлди?

- Бизнинг болалар тинчлик учун митингга чиққанди, тинчлик бўлсин, деб. Бироқ “Ўзбеклар бостириб чиқди” деган нотўғри информация тарқатилган. Информацияни эшитиб, нотўғри тушуниб олишиб, “булар атай бошлаяпти”, деб чиқармай қўйишди.

Озодлик: Ҳозир Сафед Булондан бошқа қишлоқларда бундай йўқми блокада?

- Йўқ, бошқа қишлоқларда йўқ. Бошқа қишлоқларда ўзбек-қирғиз аралаш яшайди. Бизда эса фақат ўзбеклар яшайди. Ҳозир энди тушунтириш ишлари олиб боришаяпти, бироқ ўта суст кетяпти-да, деди исми ошкор этилишини истамаган сафедбулонликлардан бири.

Биз қишлоқ нега қамал қилинаётгани борасида батафсил маълумот олиш мақсадида Олабуқа туман ҳокими Улан Бимурзаев билан боғландик. Бироқ туман ҳокими бизга ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди:

- Биринчидан, биз сиз билан бир-биримизни танимаймиз. Ҳозир телевидиние, радиолардан ёлғон маълумотлар кетаяпти. Шу сабабли мен сизга маълумот беришдан қўрқаман. Мен одамнинг ўзини шахсан кўргандан кейин маълумот бераман. Ҳозир кўряпсизлар, интернетда ёлғон маълумотлар чиқаяпти. “Олабуқада икки одам ўлди”, деб ёзишибди. Олабуқада ундай бўлмаган-да. Сиз ҳам ўзингиз бу ерга келинг, ўшанда қандай маълумот бўлса, бераман. Менга, биринчи навбатда, Олабуқанинг тинчлиги керак, ёлғон маълумотлар одамларни бир-бирига қайрамоқда, деди туман ҳокими Улан Бимурзаев.

Унинг айтишича, туманда ҳозир вазият барқарор, Сафед Булон қишлоғида ҳеч қандай қамал йўқ. Фақат туманда турли низоларнинг олдини олиш мақсадида блокпостлар қўйилган, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 17 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли “Олабуқа туманида миллатлараро низо чиқибди” деган гап-сўзлар мамлакат жануби бўйлаб тарқалганди. Бироқ Олабуқаликлар туманда ҳеч қандай миллатлараро низо чиқмаганини айтишган:

- Жданов деган участкамиз бор Олабуқада, “Дўстлик” дейилади. 16 май куни соат 4-5 лар чамаси шу ерда эл қўшини тузилиб, ҳамма маҳалласини қўриқлаётганди. Шу ердан бир-иккита қирғиз болалар ўтган. Улардан: “Қаердансан, кимсан?” деб сўрашганда улар сўкиниб қочган. Бизнинг йигитлар орқасидан қувган. Кейин бири қайрилиб туриб, бир болага пичоқ урган. Пичоқ чап томонидаги буйракка теккан, лекин ички органларга таъсир қилмаган. Ҳозир касалхонада, аҳволи яхши. Шу билан ҳамма қишлоқларга ўзбеклар ёрдам сўраб телефон қилганидан кейин ҳамма оёққа туриб, йўлга тайёрланган, деган эди олабуқалик Жамол ака.

Унинг айтишича, шундан сўнг қишлоқ ўзбеклари билан муваққат ҳукумат, миллий хавфсизлик хизмати, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари келиб учрашган. Учрашувда ўзбеклар расмийларга ўзларининг муаммоларини айтишган:

- Олдинги Бакиевдан қолган мафия бор. Микки, Улан, Рашид, Айбек деганлари бор. Улар бозордаги ўзбекларга солиқ солади. Таксистга 10 сўм, бошқаларга 20 сўм, 50 сўм. Мол бозоридан тортиб ҳаммаёқни қўлга олволганда, қисқаси. Қирғиз эли билан мана шу ерда қуда-анда бўлиб аралашиб кетилган. Бизнинг қишлоқ ҳукуматда ҳам 13 фоиз қирғизлар яшайди, ҳозир ҳам бирортаси кўчага чиққани йўқ. Шу йигитларни касофатига мана шу ўйин бўлиб турибди, деганди Жамол ака.

Аммо олабуқаликларнинг айтишларича, ўшандан бери ҳам бакиевчилар мафиясига қарши чора кўрилмаган. Аксинча, исми ошкор қилинишини истамаган суҳбатдошимизга кўра, туманнинг ҳозирги ҳокимини ҳам ўриндиққа ўша мафиячилар ўтқазиб кетганлар.