BP Вашингтон танқидига учради

АҚШ ҳукумати Мексика кўрфазида юз берган аварияни бир ойдан буён бартараф этолмаётгани учун British Petrolium ширкатини кескин танқид қилди.

АҚШ Ички ишлар вазири Кен Салазарга кўра¸ агар яқин кунлар ичида аҳвол ўзгармаса, АҚШ ҳукумати British Petroliumни аварияни бартараф қилиш ишларидан четлатади ва бошқа ширкатни жалб этади.

– BP ширкатининг сувга сизиб чиқаётган нефтни тўхтата олмаётгани ва сув ифлосланишини тўхтата олмаётганидан жаҳлим чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш ишлари 33 кун давом этиб келмоқда, нефтни тўхтатиш учун белгиланган муҳлатлар ҳам ўтиб кетиб бўлди, деди Кен Салазар.

Айни пайтда Луизиана штати ҳокими Бобби Жиндалга кўра, АҚШ қирғоқ қўриқчилари ва British Petrolium ширкати авария оқибатларини бартараф этишда тезкор қарор қабул қилмаган ва тозалаш ишлари учун керак бўлган ускуналарни етказиб беришни кечиктирган.