UzGazOil очилди - Тошкентда яна бензин бор...

30 май куни Тошкентдаги аксар ëқилғи қуйиш шахобчаларида ана шундай манзара кузатилди.

Сўнгги уч кун ичида Тошкент шаҳридаги UzGazOil ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг ëпилгани оқибатида бензин учун километрга чўзилган навбатлар кузатилди. Гарчи 31 майдан UzGazOil шаҳобчалари қайта очилган бўлса-да¸ вазиятга оид саволлар жавобсиз қолмоқда.

Тошкент шаҳрида бензин тақчиллиги 28 май куни бошланди, дейди пойтахтлик такси ҳайдовчиси Хайрулло.

- 28 май кундан бошланди. А так у ëғи километрлаб узоқ бўлдию. Одамлар турди лекин. Кечаси 11-21 да ҳам турди лекин. Ўша 11-12 да ўтганимда ҳам очеред эди жуда ҳам. Шаҳарда 65-75 фоиз UzGazOil. Кичкина заправкаларни ҳам UzGazOil сотиб олган. Ўзини ушлаб қолган толковой заправкалар ҳам саноқли қолган. Шаҳарда 10 тача бўлса керак. Балки 10 тадан кўпроқмикан¸ аниқ билмайман. Ўшаларнинг ҳаммаси очеред. Бир хил жойларда очеред туриб бензин тугаб қолди. Анчадан бери UzGazOil дан бошқа нималар бунақа сотмаган эди, дейди Хайрулло.

Аммо 31 май куни эрталабдан UzGazOil шўъба корхонасига қарашли ёқилғи қуйиш шаҳобчалари яна иш бошлади, дейди тошкентлик яна бир такси ҳайдовчиси Собиржон ака.

Собиржон ака: Уч кун бензин кам бўлди. Чунки UzGazOil нинг заправкалари бекилаяптида. Ҳозир очилди ҳаммаси. Яхши ҳозир бензин.

Озодлик: UzGazOil ҳам очилдими ҳозир?

- Ҳа¸ ҳозир очилди бугундан. А так уч кун дефицит бўлди. Ярим километр¸ бир километр атрофида очеред бўлиб қолди озгина. Нимага деганда Тошкентдаги заправкаларнинг 70-80 фоизи UzGazOil фирмасиникию. Уч кун ëпиқ бўлгандан кейин бу ëқдагилар улгура олмай қолди бензин беришга. Шаҳарда машина кўпку¸ дейди Собиржон ака.

Тошкентдаги автоқантовни уч кунга фалажлаган UzGazOil ёқилғи қуйиш шаҳобчалари апрел ойида ҳам маълум муддатга ёпиб қўйилган ва яна қайта иш бошлаган эди.

Оқибатда турнақатор навбат пойлар экан, бунинг сабаби билан қизиқққан ҳайдовчиларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари эгаси бўлган UzGazOil шўъба корхонасининг катталари устидан суриштирув бошлангани ҳақидаги гап-сўзларгина маълум.

- Хўжайинлари қанақадир ноқонуний иш қилган дейдимией¸ налог тўламаган дейдимией¸ нотўғри иш олиб борганми. Шунинг учун ëпилган¸ деб эшитдим. Чилонзорда стадион қурилиши бор эди. Ўша ҳам тўхтаб қолган. UzGazOil ҳам¸ қурилаëтган стадион ҳам "Зеромакс"га қарайдию. Ўша қурилишни ҳам тендерда ютган. "Бунëдкор"га қурилаëтган эди зима-лето стадион. Ўша стадион ҳам тўхтади. Менимча¸ 25 дан кейин тўхтади. Ë ундан олдинроқмикан. “Энди ишга тушади. Заправкалар ишга тушади” деб эшитдим¸ дейди автомобил ҳайдовчиларидан бири.

Кўринадики¸ сўнгги кунларда тошкентлик автомобил ҳайдовчилари орасида UzGazOil шўъба корхонасининг ишлари ўнгланаётган эмиш, деган гап-сўзлар бор.

Шу кунларда Озодликка хабар йўллаган “Зеромакс” ширкатига яқин бир манба UzGazOilга ёқилғи етказиб берадиган ва “Зеромакс”га қарашли бўлган бош бир бир корхона — “Гиссарнефтегаз” Ўзбекистон – Швейцария қўшма корхонаси устидан Ўзбекистон Бош прокуратурасининг тергов бошланганини билдирган эди.

Манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги бир неча йирик конларда иш олиб бораётган бу қўшма корхона қазиб олинган маҳсулот ҳажмини сохта равишда ошириб кўрсатган ва бунда “Зеромакс”ширкати раҳбари Миродил Жалолов ҳам иштирок этган.

Мазкур манбага кўра, бу ҳолат юзасидан тергов бошлаганидан сўнг “Гиссарнефтегаз”дан UzGazOil шўъба корхонаси ёқилғи қуйиш шаҳобчаларига ёқилғи келиши тўхтаб қолган.

Бироз муқаддам эса "Зеромакс" ширкатига яқин бош бир манба Озодлик мухбири билан суҳбатда "Зеромакс" ширкатининг асосий йўналиши ҳисобланиб келган нефт ва газ билан шуғулланувчи бўлим тугатилгани ва бу соҳанинг ҳукумат назоратига ўтгани сабаб UzGazOil шаҳобчалари ёпилганини айтган эди.

Айни пайтда¸ ушбу корхонанинг Озодликка сўзлаган вакили бу каби хабарларни инкор қилган ва шаҳобчаларнинг ёпилганини бензин таъминотидаги вақтинчалик узилиш билан изоҳлаган эди.

Шўъба корхона шаҳобчаларининг бу сафар Озодликка сўзлаган баъзи ходимлари ҳам бу ҳақидаги маълумотларни изоҳлашдан бош тортар экан, шаҳобчалар 31 майдан бошлаб мўътадил ишга тушгани ва бензин тақчиллиги йўқолганини тасдиқлади, холос.

- Ҳаммаси ишлаяпти¸ ҳаммасида бор. Бензин бемалол. Бугундан¸ деди UzGazOil шаҳобчаларидан бири ходими.

Шу тариқа, “Тошкентда бензин танқис бўлди” деган ваҳима пайдо бўлишига сабаб экани айтилаётган UzGazOil шўъба корхонаси, унинг эгаси бўлган “Зеромакс” ширкати муаммоларига оид тафсилотлар ҳануз қоронғулигича қолмоқда.

Тошкентдаги айрим таҳлилчилар, бу корхона тўлиқ ҳукумат тасарруфига ўтган бўлиши мумкинлиги ва бунинг барчаси “Зеромакс” ширкатини парчалаш ишлари муваффақиятли давом этаётганидан дарак эканини сўзламоқда.

Зеро, бир вақтлар “Зеромакс” ширкати тармоқларидан бирида ишлаган ва номини сир тутган манба "Зеромакс" ширкати хўжайинлари Гулнора Каримова ва Миродил Жалолов билан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ўртасида низо чиққани ҳамда Мирзиёев Ўзбекистон газ экспорти назоратини "Зеромакс"дан тортиб олишга ҳаракат қилаётганини гапириб берган эди.

Тошкентлик таҳлилчилар фикрича¸ бунинг барчаси ҳукумат таркибида туриб ҳокимият талашаётган баъзи бир гуруҳларнинг Ўзбекистон иқтисодининг сердаромад соҳалари назоратини реструктуризация қилиш жараëнида атайлаб иқтисодий тақчиллик юзага келтириш орқали сиёсий беқарорликни келтириб чиқаришга урина бошлаганидан дарак бўлиши мумкин.