Эрон ўз газини Покистонга экспорт қилмоқчи

Эрон ҳукумати мамлакатни Покистон билан боғловчи янги газ қувури борасидаги келишув лойиҳасини жорий ҳафта ниҳоясига етказишга умид қилмоқда. Мазкур газ қувурини 2015 йилда ишга тушириш режаланган.

Эрон миллий газ компанияси вакили Ҳўжжатиллоҳ Қанимифард сўзларига кўра, умумий қиймати 7 миллиард доллар атрофида бўлган шартнома лойҳаси 8 июнга қадар тўлиқ ишлаб чиқилади. Шу куннинг ўзида ушбу келишув лойиҳасининг Покистон расмийларига етказиб бериш режаланган.

Хабарларга кўра, янги газ қувури Эроннинг Жанубий Форс газ конини Покистон жанубидаги Балужистон ва Синдҳ вилоятлари билан боғлайди. Маълумотларга кўра, мазкур лойиҳа томонлар ўртасида 1990 йилдан буён муҳокама қилиниб келинмоқда.