Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондан қочқинларни қабул қилиш тўхтамаганини билдирди. Расмийларга кўра, 15 июн тушгача 100 мингдан зиёд қирғизистонлик қочқин Ўзбекистондан паноҳ топган. Чегаранинг қирғиз томонида эса¸ гуманитар фожиа ëйилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондан қочқинларни қабул қилиш тўхтатилгани борасидаги ахборотларни инкор қилиб, қирғизистонлик ўзбеклар учун чегара очиқлигини маълум қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, айни пайтда қочқинлар Андижон вилоятининг Жалолқудуқ, Марҳамат, Хўжаобод ва Хонобод туманларига жойлаштирилган.
Андижонлик мустақил кузатувчи Шукур Файзга кўра, 16 июн куни Марҳамат туманидаги Мингтепа чегара постидан қочоқларни ўтказиш давом этаяпти.
Шукур Файз: Мен Қўрғонтепагача бордим. Ўзимизнинг Марҳамат туманида икки кун қочоқлар билан овора бўлдим.
Озодлик: Ҳозир чегара очиқми?
Шукур Файз: Чегарадан қочоқларни қабул қилиб олиш ҳали давом этаяпти. Бугун ҳам учта автобусда қочоқларни олиб келишди. Кўзимнинг олдида ҳозир олиб ўтишди.
Озодлик: Демак¸ 16 июн куни ҳам қочоқларни олиб келиш давом этаяпти-а?
Шукур Файз: Ҳа. Фақат аëллар ва болалар. Лекин эркаклар эмас. Яна ярадорлар бўлса олиб ўтишаяпти.
Озодлик: Ҳозир қаерлардан ўтказилаяпти?
Шукур Файз: Марҳамат туманида бемалол ўтказилаяпти.
Озодлик: У ерда қайси пост?
Шукур Файз: Марҳаматдаги Мингтепа пости. У ерда қочоқларни қабул қилиб ўтказишаяпти.
Озодлик: Бугун автобусда олиб ўтишди дедингиз. Қаерга олиб боришаяпти уларни?
- Чегарадан олиб ўтгандан кейин Марҳамат туманининг ўзига жойлаштиришган эди. Кеча мен янги маълумотлар олдим. Ўзбекистоннинг ичида ҳам тинчроқ бўлган районларга жойлаштиришаяпти. Масалан¸ Бўз тумани чегарада жойлашган эмас. Лекин Бўз шаҳарчасида Тиббиëт коллежини бўшатиб ўша ерга ҳам қочоқлар жойлаштирилди, дейди Шукур Файз.
Хонобод тумани хокимлиги қошида ташкил қилинган қочқинлар иши билан шуғулланувчи махсус штабдан олинган маълумотга кўра, ҳозирда жами 10600 нафар қирғизистонлик қочқин Хонободдан паноҳ топган.
- Хонободда ҳозир 14 та жойга қирғизистонлик қочқинлар жойлаштирилди. Мактабларда¸ коллежларда¸ лагерларда улар. Яхши ëрдам берилаяпти. Овқат берилаяпти¸ постел берилаяпти. Қариндош-уруғлари ëрдам бераяпти. Нима камчилик бўлса¸ олиб бориб бераяпмиз. Навоийга жойлаштирилган томонда жуда шароит йўқ эди. Уларнинг ярмини Таполиндаги лагерга ўтказилдик.
Озодлик: У ёқда шароит йўқми?
- Йўқ¸ навеслар қурилиб¸ краватлар қўйиб берилган эди. Лекин у ерда сув масаласи қийинроқ эдида. Ҳозир энди уларнинг ярми битта автобус одам Таполинга кўчирилди. Лагер борда у ерда. Ҳозирда уларга озиқ-овқат¸ сабзавот¸ ҳамма ëқни олиб бориб беришаяпти. Ҳозир ҳокимлар ҳам штабда ҳозир. Ҳамма ëқда штаб, дейди Хонобод туман ҳокимлигидаги махсус штаб ходими.
Унга кўра, туманда қочқинларни жойлаштириш учун жойлар етишмаётгани боис 15 июн куни қочқинларни қабул қилиш тўхтатилган.
Озодлик: Бугун ҳам чегара очиқми, қочоқларни чегарадан ўтказишаяптими?
- Йўқ¸ ўтказмаяпти. Кечадан бери ўтказмай қўйди.
Озодлик: Ўтказиш кеча тўхтатилдими?
- Ҳа.
Озодлик: Нима учун тўхтатилди?
- Энди одамлар кўпайиб кетдида бу ëқда. Ҳозир жой йўқку умуман. Шунга раҳбарлар нима қилаяпти. Кечадан бери ўтказмаяпти, дейди Хонобод туман ҳокимлигидаги махсус штаб ходими.
Озодликка маълум бўлишича, қирғизистонлик қочқинларни Ўзбекистонга ўтказиш айрим жойлардагина давом этаяпти, лекин Хонобод сингари бир қанча туманларда жой муаммоси пайдо бўлгани боис қочоқларни қабул қилиш тўхтатилган.
Ўшлик Баҳром Мўминовнинг Озодликка маълум қилишича, Дўстлик чегара постидан ҳам қочқинлар ўтказилиши тўхтатилган.
Баҳром Мўминов: Ҳозир Дўстлик пости ëпиқ. Катта марказий таможня бор. Ҳеч қанақа одам ўтмаяптиям¸ ўтказмаяптиям. Кеча соат 8 да Ўзбекистонга ўтказишни тўхтатди.
Озодлик: Дўстликда ҳозир чегарадан ўтишни кутиб ўтирган нечта одам бор?
- Бу ерда тахминан 10 мингга яқин одам бор, дейди Баҳром Мўминов.
Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида ВЛКСМ қишлоғидаги қочоқлар лагерида ўтирган ўшлик Абдуфаттоҳ Фозилов ҳам 4 кундан буён ўз яқинларини Ўзбекистонга ўтказа олмаяпти.
Абдуфаттоҳ Фозилов: Чегара 16 июнда ҳам очилмади. Биз турган ердаги аниқ биламан¸ очилгани йўқ.
Озодлик: Бу қаер?
Абдуфаттоҳ Фозилов: ВЛКСМ.
Озодлик: Ўзбекистон томони Ëрқишлоқмиди?
Абдуфаттоҳ Фозилов: Ҳа. Ёрқишлоққа ўтиш пости. Кеча ҳам ëпиқ эди. Бугун яна одамлар келди бу ерга. Ҳозир одамларни кўрсангиз¸ кўнглингиз айнийди. Жуда кўп одам чегарада турибди. Бизнинг келганимизга тўрт кун бўлди.
Озодлик: Шунча кундан бери ўтириб қандай кун кўраяпсизлар?
Абдуфаттоҳ Фозилов: Етишмовчилик бўлаяпти. Бизга ВЛКСМнинг халқи ëрдам бераяпти. Уйида бор нарсасини бераяпти. Ўзбекистондан сув¸ макарон¸ дори-дармонлар бераяпти.
Озодлик: Ўзбекистондан бу нарсани ҳукумат бераяптими ëки одамларми?
Абдуфаттоҳ Фозилов: Оддий одамлар Ўзбекистондан дастурхонларга нонларни ўраб келиб чегарадан ўтказиб бераяпти.
Озодлик: Дори-дармонларни Ўзбекистон ҳукумати бераяптими?
- Менимча¸ ҳа, дейди Абдуфаттоҳ Фозилов.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмоилованинг Озодликка билдиришича, ВЛКСМдаги қочоқлар лагерида жами 30 минг қирғизистонлик қочқин Ўзбекистонга ўтишни кутиб ўтирибди.
- Биз лагерга бориб қочоқлар аҳволи билан танишдик. Бу ердаги аҳвол жуда ҳам ачинарли. Болалар орасида турли хил касалликлар пайдо бўлган. Озиқ-овқат етишмовчилиги, айниқса¸ сув етишмовчилиги юзага келган. Шу пайтгача на ҳукумат, на бошқа бирор бир ташкилот бориб улар ҳолидан хабар олмаган. Ҳозирда уларга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Биздаги хабарларга кўра, чегара очиқ. Лекин у ерда 30 минг одам Ўзбекистонга ўтишни кутиб ўтирибди. Бунча одамни бирданига чегарадан ўтказиш имкони мумкин эмас. Шунинг учун уларни доимий равишда инсонпарварлик ёрдами билан таъминлашни йўлга қўйиш жуда зарур, дейди Тўлейкан Исмоилова.
12.uz ахборот порталининг хабар қилишича, Ўзбекистон томони қочқинларни жойлаштириш ва уларни еб-ичиши учун 15 июнгача 1, 5 миллиард сўм (тахминан 1 миллион АҚШ доллари) миқдорида пул сарфлаган.
Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида қочқинлар учун жами 30 та лагер ташкил қилинган. Шунингдек, қочқинлар оромгоҳлар, мактаблар, коллеж ва болалар боғчаларига жойлаштирилмоқда.