Ўш шаҳар коменданти: Мен ўзбекни ҳам¸ қирғизни ҳам ҳимоя қиламан!

Ўш шаҳар коменданти полковник Курсан Асанов ўзига бўйсинувчи ҳарбийлар ҳеч кимга таҳдид қилмаётганини иддао қилмоқда

Ўш шаҳар коменданти¸ полковник Курсан Асанов Озодлик радиоси билан суҳбатда ўзига бўйсунадиган ҳарбийлар ўзбек маҳаллаларида ўтказаётган “зачистка”лар пайтида ўзбекларга таҳдид қилаётганига оид хабарларни "қуруқ сафасатадан бошқа нарса эмас”, дея баҳолади.

Озодлик: Бизга ўшликлардан ҳарбийларнинг қўпол ҳатти-ҳаракатлари, одамларни калтаклаётгани ҳамда ўн кун ичида барча ўзбекларни қириб ташлаш билан таҳдид қилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда, шу ҳақда сўрамоқчи эдим.

Асанов: Буларнинг ҳаммаси сафсата. Ҳозиргина телевизордан кўрсатдик. Ҳозиргина иккитасини яраштириб қўйдик. Яраштирмадигу, улар ўзлари бир-бирининг ёнига келишди. Жамоатчилик, яъни халқнинг ўзи кўп нарсани тушунди. Оддий одамлар ўзлари келишиб, бир-бири билан ярашмоқда. Бугун хорижий ва маҳаллий журналистлар гувоҳлигида Ўн адир ва Уйғур қишлоқлари аҳли, ҳар бир томондан 50 кишидан қирғиз ва ўзбеклар телевидение олдида чиқиш қилди. Умаман аҳоли бундай хунрезликни истамасликларини айтишди.

Озодлик: Лекин баъзи қирғиз расмийлари ҳам ҳарбийлар баъзи ҳолларда қўпол ҳаракат қилаётганини эътироф этмоқда...

Асанов: Бу вилоят комендантига бериладиган савол. Биз Ўш шаҳрида ўтказган амалиёт пайтида нималарни топганимизни биласизми?



Озодлик:
Нима топдингиз?

Асанов: 37 килограмм гашиш, 20¸5 килограмм героин, 4 килограмм афюн, тўртта пистолет...

Озодлик: Буларнинг ҳаммаси...

Асанов:
Мени эшитиб туринг, профилактик ишлар, амалиётнинг иккинчи босқичида ўзбек ва қирғизлардан иборат халқ дружиналари ҳам иштирок этди. Квартал қўмиталари ва маҳаллалари ҳам иштирок этди. Одамларнинг норозилигига сабаб бўлган ҳолатлар юзага келгани йўқ.

Озодлик: Бу рейдларга гувоҳ бўлганлар бизга тинимсиз қўнғироқ қилиб, наркотик ва қуроллар уларга махсус ташлаб қўйилаётганини айтишмоқда, буни изоҳлаб берсангиз.

Асанов: Эй, мени эшитинг, 37 килограмм наркотикни ким ташлаб қўяди. Берган саволингизни қарангу!

Озодлик: Бу саволни беришимга сабаб...

Асанов: 20 килограмм героин, буни ким ташлаб қўяди, бунинг 70 минг долларга яқин...

Озодлик:
Ҳар қалай гувоҳлар шундай демоқда ва саволни бераётганим сабаби ҳам шунда...

Асанов: Мен ўзим, Ўш шаҳрида ўзим рейдни ўтказдим. У ерда зирҳли машинага айлантирилган учта Камаз топилди, яъни улар олдиндан тайёргарлик кўришган. Сиз нима деяпсиз? Буни ким қиляпти? Биз “зачистка” қилаяпмиз, ҳурматли Фаррух. Мен комендант сифатида шуни ваъда қиламанки, биз одамларни миллатларга ажратмаймиз. Биз Қирғизистон бирлиги ва Қирғизистон халқи учун ишлаяпмиз. Биз миллатига қараганимиз йўқ, биз учун энг муҳими бу ерда тартиб ўрнатишдир. Биз “зачисткаларни” ҳам ўзбеклар, ҳам қирғизлар яшайдиган жойларда ўтказаяпмиз. Мана буган қирғизлар яшадиган жойда ҳам амалиёт ўтказдик...

Озодлик: Бу “зачистка”, деб айтилаётган амалиётлар қирғиз қирғиз маҳаллаларида ҳам ўтказилмоқдами, ё асосан ўзбеклар маҳллаларидами?

Асанов: Ҳа, албатта, укагинам, бўлмасамчи, бутун Ўш шаҳри бўйича ўтказилаяпти. Биз олинган оператив маълумотларга кўра, ўтказаяпмиз. Бу маълумотларни халқнинг ўзи етказмоқда. Халқ бу зўравонликлардан чарчаган кўринади, мен буни сизга айтяпман. Биз операция ўтказаётганда, оператив маълумот оламиз, шундайми? Кейин эса, бу амалиётларни ўтказаяпмиз. Профилактика ишларини эса, биз очиқчасига ўтказмоқдамиз. Ҳеч кимдан яшираётганимиз йўқ, маҳалла вакилларини жалб қиляпмиз. Масалан, ҳужжатларни текширяпмиз, кимда паспорти бўлмаса, ўзбекларга ҳам, қирғизларга ҳам, аксинча ёрдам бераяпмиз, вақтинча паспорт бериб...

Озодлик: Бугунги кунгача, нечта маҳалла ёки кўчаларда бундай рейдлар ўтказилди?

Асанов:
Ёзиб олинг. Аввал қирғиз маҳаллаларини ёзиб олинг. Булар: ХБК – у ерда кўп қаватли уйлар жойлашган, Зайнобиддинов кўчаси, Ғарбий микрорайон.

Озодлик:
Бу қирғиз маҳаллалари, шундайми?

Асанов: Кейин Жийдалик, Шёлккомбинат, булар ўзбек маҳаллалари. Мен Ўш шаҳрини олтита ҳудудга бўлиб олганман, укагинам. Қаердан маълумот келса, ўша ерда оператив тадбирларни ўтказяпмиз.

Озодлик:
Сиз ўзбек маҳаллаларида фалонча килограм наркотик топилди, дедингиз. Қирғиз маҳаллаларидан ҳам бирор нарса топилдими?

Асанов:
Албатта, улардан турли хилдаги тўқмоқлар, пичоққа ўхшати ясалган калтак ва арматуралар, ундан олдин...

Озодлик: Наркотикларчи, наркотиклар топилдими?

Асанов: Мени эшитиб туринг, ундан олдин улар кўнгилли тарзда автоматларни топширишди, биласизми?...

Озодлик: Автоматларни ким топширди?

Асанов: Қирғизлар.

Озодлик: Улар автоматларни қаердан олганини аниқладингизми?

Асанов: Баъзилари айтишяпти, баъзилари... Биласизми, биз қандай ишлаймиз? Биз (зўравонликларнинг) биринчи кунларидан тушунтириш ишларини олиб бордик. Зўравонликлар 10- куни бошланган бўлса, улар 11,12 ва 13 кунлари авжига чиқди, тўғрими? Биз уларга агар кимда ким қандайдир йўл билан қурол олган бўлса, уларни топширинглар, дея мурожаат қилдик. Яъни улар тинчлик вақтида ҳар хил қуролларни сотиб олишган. Кейин улар кўнгилли тарзда бу қуролларни топширди. Кимдан қурол олган бўлсак, улар устидан тергов олиб борилмоқда. Бу ҳақда қўшимча хабар қиламиз. Масалан¸ бугун ҳам одамларга тушунтирганимизда уларнинг ярми қуролларини кўнгилли тарзда топширди, қолганини ўзимиз излаб топдик. Бир кунда турли калибрдаги 19 дона қурол топдик ва...

Озодлик: Кимдан топдингиз?

Асанов:
Ҳам қирғизлар, ҳам ўзбеклардан. Бир кун ичида, тушгача ҳар хил калибрдаги қуролдан 19 доналарни топдик, тушуняпсизми?

Озодлик: Мен яна бир саволга қайтмоқчи эдим. Сиз рейдлар журналистлар назоратида ўтказилаяпти, дедингиз. Ўшда бизнинг мухбирларимиз ҳам бор. Улар Наримон қишлоғида ўтказилган рейд ҳақида видеолавҳа юборишди. Унда одамлар ҳарбийлар уларнинг пастпортларини йиртиб ташлагани ҳақида гапириб бераётганини кўриш мумкин...

Асанов: Фаррух, мен Ўш шаҳар комендантиман. Вилоят учун бошқа комендант жавоб беради, тушундингми, укагинам. Мени тўғри тушунинг, бу саволни унга бериш керак.

Озодлик:
Охирги савол, агар сизга бўйсинувчи ҳарбийлар орасида қўпол ҳатти-ҳаракат қилаётганлар ёки “ўзбеклар бу ердан йўқолларинг” қабилидаги экстремитик баёнотларни қилаётганларни топсангиз, уларга нисбатан чора кўрасизми ва қандай чора кўрасиз?

Асанов:
Биринчидан¸ халқнинг ёмони бўлмайди, Фаррух. Қирғизларда ҳам, ўзбекларда ҳам, русларда ҳам ёмонлар учрайди, тўғрими? Агар бундай ҳоллар аниқланса, албатта¸ чора кўрилади. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси бизнинг фуқароларимиздир ва уларни миллатга бўлмаймиз...

Озодлик:
Ҳозиргача, сизга бўйсинадиган ҳарбийлар орасидан шундайлар чиқдими?

Асанов: Ҳа иккитасини аниқладик. Мудофаа вазири ўринбосари орқали, топдик. Ўш районидаги блок-постда турган иккитасини ишдан четлаштирдик. Улар кўнгилли тарзда хизматга келган ва афғонлар (Афғонистон уруришида қатншган ветеранлар.- Ф.Ю.) экани аниқланди. Бундан ташқари, яна бир хизматчини қўпол муносабат учун Бишкекка қайтариб юбордик. Унга интизомий жазо берилди. Чунки унинг қилмишини исботлаш қийин. Фуқаролар бундай, дейди, буниси, ундай, дейди. Шунга қарамасдан, уни қайтариб юбордик. Боз устига биз ўзимиз ҳам тезроқ тартиб ўрнатилишини истаймиз...

Озодлик: Сиз муштарийларимизга, ўшлик ўзбекларга улар ҳимоя этилиши ва ҳеч ким уларни ҳайдаш ниятида эмас, дея аниқ айта оласизми?

Асанов: Мен нафақат ўзбеклар, қирғизларни ҳам ҳимоя қиламан. Мен бутун халқни ҳимоя қиламан. Мен фақат ўзбекларни ҳимоя қиламан, десам, бошқа миллатлар мени нотўғри тушуниши мумкин. Мен ўз мамлакатим фуқароси ёки ватанпарвари сифатида, тинчликни истайман. Мен фақат қирғиз ёки ўзбекларни ҳимоя қиладиган бўлсам, бизда тинчлик бўлмайди. Мен бутун халқ манфаатини ҳимоя қиламан.