Астанадаги саммит доирасида 20 га яқин ҳужжат имзоланди

2010 йил 1 июлдан бошлаб Божхоналар иттифоқи фаолиятини бошлаш тўғрисидаги ва бундан ташқари, яна 20 га яқин ҳужжат Астанада ўтаётган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти Давлатлараро кенгаши йиғилишида қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган РИА-Новости агентлигига кўра, қабул қилинган ҳужжатлар сирасида Беларус, Қозоғистон ва Россия ўртасида ягона иқтисодий ҳудудни шакллантириш, ташкилотга аъзо давлатлар биргаликда глобал молиявий инқироз оқибатларини олдини олишига оид саъй-ҳаракатлар режаси тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам бор.

Бундан ташқари томонлар Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан қабул қилинган қўшма баёнотни ҳам тасдиқлади.

Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасидаги Божхоналар иттифоқи расман 2010 йилнинг 1 январидан кучга кирган. Аммо умумий Божхона кодекси қабул қилинмас экан, бу иттифоқнинг тўлиқ ишга тушиши ва уч давлат ўртасида ягона божхона ҳудудининг ишга тушиши имконсизлигича қолмоқда.