Афғонистонга сафар қилган АҚШ сенатори Жон МакКейн Қандаҳор вилоятида ўтказилиши режаланган кенг кўламли амалиётлар терроризмга қарши кураш уринишларида муҳим рол ўйнашини таъкидлади.
Сенатор Жон МакКейин билан биргаликда Афғонистонга яна бир республикачи сенатор Линдсей Граҳам ва мустақил сенатор Жозеф Либерман сафар қилди. Жон МакКейн Афғонистонда ҳукумат даражасида урчиган коррупцияни кескин танқид қилди.
АҚШ сенатори, шунингдек Қандаҳорда ўтказилиши режаланган ҳарбий амалиётларни муҳим деб атаб, амалиётлар бошланишида талафотлар сони ҳам ортиши мумкинлигини таъкидлади.
- Қандаҳорнинг ғалаба ёки мағлубиятга етакловчи йўл эканини толиблар ҳам яхши тушунади, у ердаги амалиётларнинг қандай тугаши Афғонистондаги можаро натижасига катта таъсир кўрсатади, деди республикачи сенатор.
МакКейн, шунингдек Афғонистонда терроризмга қарши ғалаба қозонилмагунга қадар¸ халқаро кучлар у ерни тарк этмаслиги даркор, деган фикрни билдирди.