"Зачистка"лар Қорасувдаги масжидларга кўчди

Ўзбек маҳаллаларида бораëтган зачистка пайтида ҳарбийлар¸ асосан қурол-яроғ изланаëтгани ва топилаëтганини даъво қилмоқда.

Ўш шаҳрига туташ Наримон қишлоғида қўлга олиниб, ҳибсда сақланаётган ўзбек йигитлар сони 6 июл куни камида 43 кишига етди. Шу куни Ўшдан 25 чақирим шимолда жойлашган Қорасув шаҳридаги икки жоме масжидида ҳам "зачистка" ўтказилди. Бу икки масжиддан бирини қорасувликлар "Устоз Алоуддин Мансурнинг масжиди", деб атайди.


Ўш ва унинг атрофидаги ўзбек маҳалла-кўйларидан Озодликка етиб келаётган хабарларга қараганда, маъмурлар қўлга олишларни тўхтатмаяпти.

Босқинчилар ҳужумидан жабр кўрган халқ орасидан “жиноятчи”лар изланмоқда.

Наримон қишлоғи қама-қамалардан энг кўп зарар кўраётган кўйдир.

Қишлоқ фаолларидан бирининг 6 июл куни Озодлик билан мулоқоти шундай кечди:

Озодлик: Ҳар хил хабарлар келаяпти. Яна қама-қамалар бўлаяпти¸ дейди.

- Тўғри¸ у бўлаяпти.

Озодлик: Шу кунгача наримонликлардан неча киши қамоқда?

- Менинг ҳисобим бўйича 43 та.

Озодлик: Уларга нима айб қўйилаяпти?

- Одам ўлдирганлик.

Озодлик: Уларнинг қотиллик қилганига сиз ишонасизми?

- Йўқ.

Озодлик: Уларни нима кутаяпти энди?

- Ҳозир мен бир нарса дейишга ожизман. Адвокатлар ëллаганмиз. Ўша адвокатлар улар бўйича иш қилаяпти.

Озодлик: Охирги марта қачон ва неча кишини олиб чиқиб кетишди?

- Ҳар куни бўлаяпти. Ҳар куни иккита-учта бор.

Озодлик: Асосан¸ кимларни олиб чиқиб кетаяпти? Ëш нечадаги одамлар?

- 20 дан 35 гача бўлганларни.

Озодлик: Қачон тўхтар экан бу қама-қамалар?

- Унга мен бир нарса дея олмайман¸ дейди Наримон қишлоғи фаолларидан бири.

11-15 июн кунлари ўзбек маҳаллаларига босқинчилар қилган ҳужумлардан кейинги “зачистка”лар айнан Наримон қишлоғидан бошланган, “зачистка” ўтказилган куни бу қишлоқда камида икки киши ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўлдирилган, 30 яқин кишига тан жароҳати етказилган, одамларнинг қадри, мол-мулки топталган, паспортлари йиртиб ташланган эди.

6 июл куни “зачистка” навбати аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат Қорасув шаҳридаги икки жоме масжидига келди.

Тинтув ўтказилган жомелардан бири бундан 4 йил муқаддам ўлдирилган Рафиқ қори Камолов имомлик қилган масжиддир.

Қорасув шаҳри бош имом хатиби, марҳум Рафиқ қори Камоловнинг ўғли Рашод қори 6 июл кунги тинтув тўғрисида мана бундай ҳикоя қилди:

- 12-13 киши келди. Буларнинг ичида маска кийиб олиб¸ автоматларни ушлаб¸ халқнинг қалбига қўрқув солишлик учун ҳаммалари маска тақиб қуролланган. СНБ ва орган ходимлари биргалашиб келди¸ дейди Рашод қори.

Рашод қорининг айтишича, тинтув ўтказгани келганлар қўлларида прокурорнинг санкцияси борлигини айтишган.

Тинтувчилар келиши биланоқ масжид қавми жоме атрофига йиғилган ва тинтувни 11 июн воқеалари жараёнида Қорасув аҳолиси ўз вакилларидан тузган ва туман ҳокими тасдиқлаган Халқ комиссияси иштирокида ўтказишни талаб қилган.

Қорасув шаҳри бош имом хатиби Рашод қори Камоловнинг айтишича, “зачистка” ўтказишга келганлар масжиддан ҳеч қандай қурол топа олмаган, тўғрироғи, уларнинг “қурол топишларига” Халқ комиссияси ва масжид қавми имкон қолдирмаган.

- Комиссиялар ҳаммаси тўплангандан кейин одамнинг кўплигидан улар ҳам ҳайбатга тушди ва ҳеч нарса қилмасдан бор нарсани кўриб чиқиб кетишди¸ дейди Рашод қори Камолов.

“Зачистка” ўтказилган иккинчи жомени қорасувликлар “Устоз Алоуддин Мансурнинг масжиди”, деб атайди.

Қуръони Каримни ўзбек ва қирғиз тилларига ўз изоҳлари билан таржима қилган беназир ислом олими ибодат қиладиган масжиддан ҳам маъмурлар 6 июл куни қурол излаганга ўхшайди.

Қорасув шаҳрида тузилган Халқ комиссияси аъзоси Дилёр Жумабоев ҳикоя қилади.

- У ерда маскада¸ автоматлар¸ броножилетлар кийилган спецслужбалар турган эди. Секин бордим мен. “Шу комиссиянинг аъзосиман” десам¸ ичкарига мени умуман яқинлаштирмади. Прокурорнинг сакцияси билан келибди¸ дейишди. Биз “Санкциянинг копиясини беринглар” десак¸ беришмади¸ дейди Дилëр Жумабоев.

"Зачистка"чилар “Устоз Алоуддин Мансурнинг масжиди”дан ҳам, Дилёр Жумабоевнинг айтишича, ҳеч нарса топа олмаган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзбек маҳалла-кўйларида ўтказаётган амалиётлари кутилиши мумкин бўлган хавфга нопропорционал эканлиги тўғрисида, қўлга олинган ўзбек йигитлар кўплиги ва улар қийноққа солинаётгани тўғрисида қирғиз ҳуқуқ ҳимоячилари шу кунгача бир неча бор баёнот берган.

Шу кунда Ўшдаги вазиятни ўрганаётган "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази (Москва) вакили Виталий Пономарёв ҳам вазиятнинг барқарорлашиши йўлидаги тўсиқлардан бири кучишлатар тизимлар юритаётган сиёсат бўлиб қолаётгани тўғрисида гапирди.

- Асосий муаммо кучишлатар тизимларнинг аҳоли билан ўзаро муносабатида бўлиб қолмоқда, деди Виталий Пономарёв.

Кучишлатар тизимлари ходимларининг ўзбошимчаликлари тўғрисида, афтидан, Ўш вилоят коменданти Бақтибек Алимбеков ҳам билади.

Ҳар ҳолда у киши Озодлик радиоси қирғиз хизматига 6 июл куни мана бундай деди:

- Ҳуқуқ-тартибот ва кучишлатар тизимлар ходимлари, айниқса, блок-постларда турганлар устидан жуда кўп шикоятлар келиб тушди. Шуни айтиб қўйишим керакки, бугунгача 20 дан зиёд ходим жазоланди, бир қатор ходимлар хизматдан вазифаларидан озод қилинди, 5 ходим эса ишдан бўшатилди, деди Бақтибек Алимбеков

Вилоят комендантининг бу хабари, балки, баъзи ўшликларга таскин берар.

Лекин Қорасувдаги масжидларга, жумладан устоз Алоуддин Мансурнинг масжидига юзда ниқоб, қўлда қурол билан бостириб киришга, қандайдир қурол излашга буйруқ берганлар ўша - ишдан бўшатилган мелисалар эмас-ку?!