Равшан Эрматов ҳакамлик масъулияти, ўзбек футболи ва Ўш воқеалари ҳақида

Равшан Эрматов 2010 йилги жаҳон чемпионатида бешта ўйинга ҳакамлик қилган ягона рефери бўлди.

Жанубий Африка республикасида ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳакамлик қилиб Ўзбекистонга қайтган рефери Равшан Эрматов Озодлик радиоси ўзбек хизматига эксклюзив интервю берди.
Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатида бешта баҳсга, жумладан, чемпионатнинг очилиш учрашувига ҳакамлик қилди.

Эрматовга чизиқ ҳакамлари ўзбекистонлик Рафаэл Илёсов ва қирғизистонлик ўзбек Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилди.

Равшан Эрматов МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари ҳудудидан жаҳон чемпионати ўйинларини кузатиш учун учун танланган ягона бош ҳакамдир.

Озодлик билан суҳбат чоғида Эрматов жаҳон чемпионати айнан унинг ҳуштаги билан бошланишини сира кутмаганлигини айтди.

Озодлик: Равшан ака¸ Жанубий Африка республикасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида жамоангиз билан бешта ўйинни бошқарганингизни қандай баҳолайсиз?

- Ўзи биз жаҳон чемпионатига кетаëтганда “битта ўйин бошқарсак” деб умид қилиб кетаëтган эдик. Бунақа бешта ўйин бошқаришни кутмаган эдик. Лекин бизга ишонч билдиришди. ФИФА томонидан ишонч билдирилиб¸ энг ëш бригада бўлишимизга қарамасдан ишонч билдиришди. Ўйлайманки¸ биз уларнинг ишончини оқладик.

Бошида бизга очилиш ўйинини топширишганида кўпчилик шубҳа билан қарашган эди. “Қанақа қилиб бу болаларга очилиш ўйинини топшириш мумкин? ФИФА риск қилаяпти” деб бизни озгина танқид қилишган эди хабаринглар бўлса. Кўпчилик учун балки бу таваккалликдир¸ лекин биз охирги тўрт-беш йил ичида жуда катта меҳнат қилдик. ФИФА нинг олтита ҳар хил йирик мусобақаларида иштирок этдик.

Бу йилги жаҳон чемпионатига биз пухта тайëргарлик кўрган эдик ва бу бизлар учун ҳам¸ ФИФА учун ҳам рискмас эди. Лекин бошқа давлат ахборот воситалари учун бу катта рискдай туюлди. Уларнинг гапи бўйича “Ўзбекистонда футбол ҳали унча ривожланмаган¸ лекин нуфузли мусобақада ўзбекистонлик ҳакамларни қўяяпсизлар” деган танқидларга учрадик. Бу нарсадан бизлар ундан ҳам кучлироқ бўлдик. Нимага десангиз¸ бизда яна битта мотивация пайдо бўлди. Ватанимизнинг шаъни учун ватанимизнинг 28 миллион аҳолиси шу гапларни билиб қараб турган эди. Шу мотивация пайдо бўлдики¸ биз улар биз ҳақимизда нотўғри ўйлаëтганини кўрсатиш керак эди.

Худога шукур бизлар очилиш ўйинидаги ўйинни якунловчи ҳуштакни чалгандан кейин кўзимиздан ëш оққан эди. Бу бахт ëшлари эди. Бизга ишончсизлик билан қараган одамларнинг фикрини ўзгартира олдик биз. Ўзбекистонда футбол борлигини¸ Ўзбекистонда бу ишни эплай оладиган одамлар борлигини бизлар бутун дунëга кўрсатдик. Ўйиндан олдин бизга “Бу ўйинни тўрт миллиарддан ортиқ одам томоша қилади” деб айтишган эди. Бу тўрт миллиарддан ошиқ одам ўйинни кўраяпти дегани. Биз тўрт миллиарддан ошиқ одамга бунга Ўзбекистон достойный эканлигини кўрсата олдик. Ўзбекистонда достойный одамлар борлигини¸ Ўзбекистонга унақа фикр билан қарамаслик кераклигини¸ Ўзбекистонга ҳурмат билан қараш кераклигини биз кўрсата олдик.

Ўша биринчи ўйиндан кейин бизнинг ëнимизга ФИФА медиа ходими келиб бизлар ҳақимизда салбий гапирган оммавий ахборот воситалари журналистларининг фикри ўзгариб¸ биз ҳақимизга ижобий фикрлар ëзишаëтганини кўрсатди. Бу бизларни жуда ҳам хурсанд қилди.

Озодлик: Равшан ака¸ сиз ҳозир гапни мен бермоқчи бўлган саволга олиб келдингиз. Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига қачон чиқа олади ва ҳозиргача нима учун чиқа олмаяпти?

- Оддий мисол билан оладиган бўлсак¸ Япония терма жамоаси жаҳон чемпионати финалида ўйнаш тайëргарлигини 1973 йилда инфраструктурани тўғри йўлга қўйишдан бошлаган. Улар 2050 йилда жаҳон чемпионатининг финалида ўйнашни орзу қилган. Тасаввур қилаяпсизми 80 йил. Футбол бирданига бўлиб қоладиган нарса эмас. Мен ўйлайманки¸ мана Ўзбекистонда охирги уч-тўрт йил ичида кўп футбол мактаблари қурилаяпти. Унгача бу нарсалар бўлмаган. 2003-2004 йилларда у ëқ бу ëқларга бориб ëш мактабларни кўриб хурсанд бўлардик. Ҳозир ўзимизда ҳам худди шунақа шароитлар ëш футболчилар учун бор. Уй қураëтган пайтда биринчи пойдеворини қурасизку. Ҳозир ўша пойдеворини қураëтган пайтдан ўтаяпмиз ҳозир. Лекин бунга озгина вақт керак. Мана 20 ëшли болалар жаҳон чемпионатида қатнашди.

Озодлик: Аэропортда тушганингизда хаëлингиздан қандай ҳислар кечди?

- Очиғини айтганда¸ бунчалик илиқ кутиб олишларини кутмаган эдим. Одатда мураббийлар¸ футболчилар мана шунақа яхши кутиб олинадида. Ҳакамларга бунақа катта эътибор бўлмайди ўзи футболда. Тўғрисини айтганда бунақасини кутмаган эдим. Федерациямиз президенти Мираброр ака Усмонов ҳам чиқиб шунақа внимание кўрсатдилар. Бу нарса кейинги қиладиган ишларингизга ҳам қанақадир куч-қувват бағишлайдида. Бекорга юрмаëтганлигингизни ҳис қиласиз. Сизнинг қилаëтган меҳнатингизни қадрлашаëтганини биласиз.

Озодлик: Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилишнинг масъулиятли юки бўлади тўғрими?

- Албатта.

Озодлик: Ўша масъулиятли юк сиз учун қандай қўйилган эди? Нима қилишингиз керак эди?

- Албатта¸ масъулият жуда катта эди. Биринчидан¸ бизни бутун халқимиз томоша қилиб турган эди. Жуда кўп одамлар биз учун мухлислик қилиб дуо қилиб турган эди.

Иккинчидан¸ ФИФА мутасаддилари бизларга ишонч билдирди. Уларнинг бизга бўлган ишончини оқлашимиз керак эди. Ўз ўзидан бу бутун дунë томоша қиладиган нуфузли мусобақа ҳисобланади. Биз Ўзбекистонда достойный одамлар борлигини¸ Ўзбекистонда футбол борлигини кўрсатиб қўйишимиз керак эди.

Ҳар битта хато одамларни сиз ҳақингизда умуман салбий фикрга олиб келиши мумкин. Шу масъулият ҳам бор эди. Умуман олганда стадионда бўлаëтган муҳит¸ юлдуз ўйинчиларни ўйинда назорат қилиш – ҳаммаси катта юк ҳисобланади. Юлдуз ўйинчиларни назорат қилиш ҳам осон эмас. Бизларда қонун-қоида бор ва у юлдуз ўйинчи бўладими бошқами ҳамма учун бир хил.

Озодлик: Равшан ака¸ гуруҳингизда Рафаэл Илëсовдан ташқари қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ҳам бор эди. Баҳодир Қўчқоров ўшлик. Билсангиз керак¸ жаҳон чемпионати пайтида Ўшдаги воқеалар содир бўлди. Баҳодир Қўчқоровнинг оиласи Ўшда эди. Умуман Ўшдаги воқеалар сизнинг руҳиятингизга¸ фаолиятингизга ўз таъсирини ўтказдими?

- Баҳодир акам доимий равишда оиласидан хабардор бўлиб турди. Менимча¸ оиласида ҳеч қанақа нима бўлмади¸ лекин Баҳодир ака жуда қаттиқ переживать қилди. Биз ҳам бегуноҳ одамларга бунақа нарса бўлганидан жуда нима бўлдик¸ қаттиқ ачиндик. Лекин биз у ерда туриб ҳеч нарса қилиб бера олмаслигимизни билардик. Баҳодир акам ҳам оиласига ҳеч нарса қилиб бера олмаслигини биларди. Шунинг учун Баҳодир акамдаги¸ мужество бўладию¸ ўша етдики¸ бунақа пайтда ўз ишини қилиш жуда қийин. Нимага деганда оилангиз нотинч бўлса¸ сиз ўз ишингизни бемалол қила олмаслигингиз тайин. Лекин Баҳодир акамда мужество етди. Ўз ишини охиригача бехато бажариб¸ ҳаммамиз ëруғ юз билан ватанимизга қайтдик. Энг кераклиси¸ биз хаëлни бошқа жойга олмасдан ўз ишимизни сконцентируется қилишимиз керак эди ва шунинг уддасидан Баҳодир акам чиқдилар. Жуда ҳам яхши инсонга берилган яхши фазилат Баҳодир акамда борлиги турнир давомида синалди.

Озодлик: Равшан ака¸ сиз финал ўйинини кўрдингиз-а?

- Кўрдим.

Озодлик: Мана шу финал ўйинда киритилган гол офсайддан киритилди деган эътирозлар бўлди.

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Бу нотўғри эътирозлар. Гол тўппа тўғри киритилди. Мен сизга мутахассис сифатида айтаяпман. Ҳамкасбнинг ëнини олиш эмас¸ мутахассис сифатида айтаяпман. Гол тўғри киритилди. Ҳеч қанақа офсайд бўлмаган эди. Бир-иккита голланд футболчилари ўйин пайтида офсайд бўлди деб эътироз билдиришди¸ лекин биз ўйиндан кейин такрорий лавҳани кўрдик. Ҳеч қанақа офсайд бўлмаган эди.

Озодлик: Ўйинни томоша қилганимизда кўрдикки¸ ҳакам томонидан асабийлашиш ҳолатлари бўлар экан.

- Энди ўйин пайтида ҳар хил вазият бўлади. Нимага деганда ўйин пайтида босим жуда катта бўлади. Лекин ҳозир мана оилам¸ дўстларим даврасидаман. Аэропортда мана қайноқ кутиб олишди. Бу нарсанинг ҳаммасини кўрганингиздан кейин ҳамма чарчоқлар ўз ўзидан чиқиб кетар экан. Ҳозир мана кўплаб дўстларим келишаяпти. Қариндошларимиз¸ яқинларимиз табриклашга келишаяпти. Ҳозир асабим жуда ҳам яхши ҳолатда. Кейинги қадамлар тўғрисида ўйлашни бошлаяпмиз.

Озодлик: Интернет сайтларида ва турли хил оммавий ахборот воситаларида ҳар бир ҳакамлик ўйинига 45 минг доллар берилар экан деган гап чиқиб кетди.

- Биринчидан¸ бизнинг ФИФА билан контрактимиз бор. Ҳақиқатан ҳам шунақа гонорарлар бизларга берилганда жуда ҳам хурсанд бўлардик. (кулиб) Одамлар қаерда олишди? Менимча¸ ФИФА нинг бунча пул тўлашга қурби етмайди. Контракт бўйича бу нарсани айтишимиз мумкин эмас¸ лекин бу нотўғри информация. Бу ҳаммаси ëлғон гаплар.

Озодлик: Билишимча¸ сизнинг мана шундай ҳакам бўлишингизга дадангизнинг таъсирлари катта бўлган экан.

- Худди шундай. Ëш болалар каби мен ҳам бир пайтлар футболчи бўлган эдим. 19 ëшимда олган жароҳатим туфайли футболдан кетишга мажбур бўлдим. Ўша пайтда жароҳатдан тузалганимда¸ дадам менга ҳакам бўлишни тавсия қилди.

Озодлик: Афсусланмаганмисиз?

- Бошида футболчи бўла олмаганимдан жуда афсусланганман. Футболчи бўла олмаганимнинг армонлари ҳакам бўлиб яна майдонга қайтганимдан кейин унутилиб борилган. Бу тақдирда. Тақдир¸ пешонага ëзганини ўзгартириб бўлмайдию. Тақдиримизда шунақа йўл бор экан шунга жуда хурсандмиз. Ўша пайтдаги нималар ҳозир унутилиб кетган.

Озодлик: Ўғлингиз борми?

- Ҳозирча йўқ. Жаҳон чемпионатига сконцентируется қилиб бу нарса тўғрисида ўйлашга вақт йўқ эди. (кулиб) Энди мана жиддий шуғулланамиз.

Озодлик: Келажакдаги режаларингиз қандай? Билишимча¸ янги ўйинларга таклиф қилишибди. Европа чемпионатига таклиф қилишибди деган маълумот чиқди.

- Бизларга бу нулевой шанс. Тарихда бўлмаган бу нарса ҳали. Европа чемпионатига осиëлик ҳакам ҳеч қачон таклиф этилмаган. Бу мумкин эмас. Европанинг жуда кўп юқори малакали ҳакамлари бор. Уларнинг жойини осиëликка ҳеч қачон бермайди. Нимага десангиз бу Европанинг чемпионати. Худди шундай Осиë чемпионатига европалик ҳакам келмаган шу пайтгача. Лекин биз ўз ишимизни давом эттирамиз. Не останавливатся на достигнутом дейдику. Эришилган нарсада тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Ҳали ëшимиз кейинги жаҳон чемпионатида қатнашишга позволят қилади. Биз шу кунгача қанақа қаттиқ иштиëқ билан ишлаган бўлсак¸ бу ëғига ҳам бу давом этади.

Озодлик: Равшан Эрматов бугунги кунда жуда кўп ўзбек ëшларининг кумирига айланган. Сизга қараб ҳакам бўлишни орзу қилган ўзбекистонлик ëшларга нима деган бўлардингиз?

- Бир нарса дейишим қийин. Нимага десангиз ҳакам бўлиш жуда оғир иш. Жуда катта сабр¸ жуда катта меҳнатни талаб қилади. Баъзида яхши кунлар ҳам бўлади¸ ëмон кунлар ҳам бўлади. Битта хато қилсангиз¸ ҳамма сиздан юз ўгирадиган даражага келиб қолади. Лекин шунақа пайтда меҳнат қилишни тўхтатиш керак эмас. Кучли характерга эга бўлиш керакда. Шундагина ютуққа эришиш мумкин. Конечно Худо қўлласа ҳеч гап эмас. Ҳар битта касб эгасига керак бўлгандай омад керак ҳакамликда ҳам. Ҳакам ўзининг касбини севиши керак. Уни юракдан қилиш керак. Майдонга чиқиб кимгадир ўзини кўрсатиш учун эмас юракдан қилиш керак. Менимча¸ ҳамма касбда ҳам шуку. Юракдан қилсангиз¸ ўсиш бўлади¸ олдингизда имкониятлар очилади.

Озодлик: Сизнинг ҳакамлик қилишингизни фақат жаҳон чемпионатида кўрамизми ëки Ўзбекистон чемпионатида ҳам ҳакамлик қиласизми?

- Албатта. Одам ўзининг қаердан чиққанини¸ қаердан кўтарилганини унутмаслиги керак. Менинг уйим¸ ватаним Ўзбекистон. Ўзбекистонда футбол ривожланишига доим ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Жаҳон чемпионатида орттирган тажрибаларимизни ëш укаларимизга¸ ëш ҳакамларимизга ўтказишга ҳаракат қиламиз. Худо хоҳласа Ўзбекистонда ҳам¸ Осиëда ҳам¸ ФИФА да ҳам ўз ишимизни чин юракдан давом эттиришга ҳаракат қиламиз¸ дейди Равшан Эрматов.