"Айт, эй хаста булбулим, Ўшга қачон етамиз..."

Бугун култепаларга айланмиш киндик қони томган диёр ҳақида шоир Шавкат Раҳмон "Қорли тоғлар бағрида\\Бегим — Ўшим кўринди,\\Султон — Ўшим кўринди..." деб ёзган эди.

Ҳаётининг сўнгги дамларида Ўшга кетишни орзулаб ана шундай сатрларни битган Шавкат Раҳмон, агар тирик бўлганида, ватанида содир бўлган ва бўлаётган мусибатни кўтара олмасди, демоқдалар шоирнинг дўстлари.
Қирғизистон жанубида фожиа юз берди. Ўш ва Жалолобод шаҳарлари олов ичида қолди.

Юзлаб одамлар бу тўполонлар нега ва қаердан бошланганини ҳали англаб етмаёқ ҳаётдан кўз юмдилар.

Қирғизистонда бегуноҳ одамлар қони оқди. Бу алвон қонлар нима учун тўкилганини ҳеч ким билмайди, худди 20 йил олдинги Ўш-Ўзган воқеалари каби.

Ўзбек шоири Шавкат Раҳмон кўрганди у кунлар фожиасини.

Шавкат Раҳмон ёнган эди, куйган эди миллат дардига қўшилиб.

Орадан 20 йил ўтиб, бу фожиа яна такрорланди. Бироқ у фожиадан даҳшатлироқ.

Шавкат Раҳмон яшаган уй ҳам ёниб кул бўлди.

- Шавкат акам яшаган уйларни кейин қурилишлар қилиб, 2000 йилда янгилаган эдик. Шавкат акам уйланган¸ ëшлиги ўтган¸ бизнинг ҳам ëшлигимиз ўтган¸ ота-онамиздан қолган эшик (ҳовли демоқчи - таҳр.) эди-да. Тўполонларда йўлнинг бўйидалиги учун бекитиб чиқиб кетдик-да энди. Шавкат акамнинг номига қўйилган маҳалла ҳам ëнимизда эди. У ҳам ëниб кетди. Бизда 10-15 та¸ Шавкат Раҳмон номига қўйилган кўчада кўпроқ уй ëниб кетди. 100 дан ошиқ хонадон ëниб кетди¸ дейди шоирнинг укаси Маҳмуджон.

Ўшда шоир хотирасига бағишлаб қўйилган Шавкат Раҳмон номидаги маҳаллада ҳам ёнмаган уй жуда кам қолди.

Шавкат Раҳмон руҳи чирқиради.

Шоир бундай кунлар келишини билгандай шундай деб ёзган эди.

Шуҳрати сочилди бодияларга...
Зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда
Тинимсиз айланар чирқираган руҳ.

Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
Илинждан ўзга бир туйғу сиғмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар¸
Ғафлатда ухлади, кимлар йиғлади.

Фитналар домида пишган зулмдан¸
Айбсиз босилди қўзғолган ёдлар,
Ўзликни топтаган маккор илмдан¸
Кулгуга айланиб кетди фарёдлар.

Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
Қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
Юз йиллик адоват заҳрини қусиб¸
Қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.

Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
Кўзлари тўймаган жобирлар қолур,
Ўлим-ла ўйнашган назм авжида¸
Юраги ёрилган шоирлар қолур.

Туркистон — тарихи ҳарбистонларда,
Тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда¸
Қаддини кўтарса агар номардлар.

Буюк руҳ чирқирар...
Мудҳиш саройда¸
Зинодан тўралган неча даҳрий зот¸
Урчитар малаклар туғитган жойда¸
Ўзаги айниган янги махлуқот...

Демак, бор,
баҳайбат зулм бор ҳали,
Ҳали бор одамни қувган овчилар,
Шундан донишлари овсару далли,
Ўғрига айланган доно тожирлар,

Шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
Фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
Шундан водийларда ўсиб ётар мунг,
Ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга.

Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар,
Жигарлар йўлинда темир тикантар,
Гадолик илмини ўргатар энди¸
Аждод-авлоди-ла босиб шилганлар.

Бурғулар чириган...
занглаган тиғлар...
Итлар томоқ ичар олтин тожидан,
Мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
Шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.

Шавкат Раҳмон орзу қилган туркий халқлар бирлиги ва дўстлигига бундан 20 йил олдин бир дарз тушганди. Бу дарз бугун янада кенгайди.

"Шавкат Раҳмон агар ҳаёт бўлганида, унинг юраги бу кунларни кўтара олмасди", дейди шоирнинг дўстлари.

"Ҳа, кўтара олмаслиги тайин эди. Зеро, 20 йил олдин Шавкат Раҳмон Ўш-Ўзган воқеаларини ўз кўзи билан кўриб, Тошкентга зил-замбил дард билан қайтган эди", дейди шоирнинг рафиқаси Манзура опа.

- Уни мен қандай сизга айтиб берсам экан - билмайман. Мана ҳозир менинг уйимда папкаларда ëтибди. Худди ҳозиргидай бости-бости бўлган саволларга жавоб ҳам бўлмаган. Умуман, 1990 йилдан кейин шеърга қўлини ювиб қўйган. Шеър ҳам ëзмаган. Одил полвон деган дўсти бор эди. Унинг уйлари ëнган. Унинг уйида чин дилдан ҳурмат қиладиган қўлëзмаларнинг асл нусхалари бор эди. Ўшалар ëнгандан кейин умуман адабиëтган яқинлашмай қўйган-да. Ëзмаган ҳеч қанақа шеър¸ дейди Манзура опа.

"Туркий улуснинг бирлигини орзу қилган шоир учун бу кутилмаган зарба бўлди", дейди ўша кунлари шоир билан суҳбатлашган ёзувчи Набижон Боқий. Ўшандан бошлаб у жуда кам ёзадиган бўлиб қолди. Уни абадиятга олиб кетган саратон касаллиги ҳам ўша дардлар билан йўғрилиб келган бўлса ажаб эмас.

- Олой тоғларида чўпонлар мол-қўйларини боқади-ку. Кўчма дўкон бўлар экан. Шавкат акамнинг дадалари чиқар экан-да. Ичида бегоначилик нимаси йўқ эди. Бутун турк халқларини битта халқ¸ битта миллат деб ўйларди-ку. Ўшанда Шавкат ака сочининг оқлари шунақа кўпайиб кетди. Кўпчилик қатори мен ҳам ҳайрон бўлдим. Шундан кейин шеър ëзганини¸ адабиëтга бир нима қилганини билмадим мен. Касаллик 1990 йилги воқеаларидан кейин пайдо бўлдида назаримда¸ дейди Набижон Боқий.

“Мен куйган шоирларни кўп кўрганман. Шавкат Раҳмон агар ҳаёт бўлганида¸ бу дардга чидай олмасди”, дейди шоирнинг дўсти Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. Усмон Азим шоирнинг Ўшдаги хонадонига кўп боргани ва бу сўлим шаҳар унинг хотирасида бир умр муҳрланиб қолганини айтади.

- Шавкат билан дўст бўлиб, Ўшдаги уйида жуда кўп бўлганмиз-да. Ўзбекистондан жуда кўп одамлар борган. Хуршид Даврон¸ Азим Суюн¸ Шерали Жўраев борган. Кейин ҳам мен кўп бордим. Бундан тўрт-беш йил аввал Шавкатжоннинг укаси Маҳмуднинг уйига бордим. Маҳмуд кутиб олди. "Онамиз ҳам вафот этиб кетдилар Шавкатнинг дардида. Маҳмудни бир кўрайлик", деб бордик. Эркин икковимиз жуда хурсанд бўлган эдик. Чунки у уйни илгари кўрган эдик. “Маҳмуджон ҳовлини жуда чиройли қилиб олибди. Шавкат турган жойларни чиройли қилиб олибди” деб кўп гапириб, ҳавасимиз келган эди¸ дейди Усмон Азим.

Ўзбек шоири ва султони Бобур Мирзо “Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлик қасаба йўқдур” деб ёзган эди. Ота-боболарнинг минг йиллик юрти бўлган ва “минг битта туйғуни ўйнатган гўша” Ўш бугун “тупроғи эланган, тоғи туюлган” тошга айланди. Шавкат Раҳмон “Хиргойи” деб номланган шеърида бу кунлар келишини сезгандай, шундай башорат қилган эди:

Ўтганлар бари бек, қолган жавдирар,
гардинда кўринмас ғуллар шалдирар,
меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар,
ўз беким ерида юрсак майлиму?

Насимлар гулламиш озод тоғларда,
озодлик муждаси сўлу соғларда,
боболар қийналиб тиккан боғларда
ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?

деб ёзган эди Шавкат Раҳмон.

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул Шавкат Раҳмоннинг бундан 20 йил олдинги Ўш-Ўзган воқеаларидан куйиб кетганини гапиради.

- Ўш деганда шахсан менинг ўзимнинг эсимга шу кунларда раҳматли шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг ҳолатлари келди. Ўшанда Шавкат қорайиб, куйиб кетган эди. Ўшга бориб келган эди. Чунки Ўш унинг туғилган жойи¸ жону жаҳони. Қариндош-уруғлари¸ онаси тирик эди. Умуман, жуда оғир қабул қилган эди ўша нарсаларни. Шу кунларда Шавкат бўлса, нима бўларди, деб ўзимча ўйлайман. Ëниб-куйиб кетарди. Ваҳшийликнинг олдида ақл¸ фаросат барибир ожиз бўлади-да. Шунинг учун мен ўйлайманки¸ бунинг сабабларини айтиб ëки фожианинг туб олдизларини очмасдан яна ўзбекларни жабру жафога¸ қўрқувга¸ ҳасратга¸ йиғининг ичига ташламаслик керак. Аввало, Қирғизистондаги ўзбеклар аҳил бўлиб¸ қўлни қўлга бериб, бу фожиадан чиқиши керак. Бўлмаса, ëшларга бу ëмон таъсир қилади. Келажак авлод учун жуда оғир таъсирлари бўлади. Кейин туркий дунë бор. Туркий халқлар қараши керак. Чунки шунча қон тўкилиб, шунча мусибат бўлгандан кейин бу бирдан тўхтамайди. Менинг назаримда, ҳозир ўзбекларга муносабат ҳам холис эмас. Радиодан¸ телевизордан воқеаларни эшитиб, одамларнинг гапини тинглаб, менда шундай кайфият бор. Шунинг учун мен ўйлайманки¸ ўзбекни у ерда яккалатиб қўймаслик керак. Қўлни қўлга бериш керак. Бу халқнинг тезроқ хотиржам яшашини¸ эртасига ишонишини, чирқираб юрган одамларнинг дардига малҳам қўйишни ўйлаш керак¸ дейди Иброҳим Ҳаққул.

Шоир Усмон Азим 1990 йилдаги Ўш-Ўзган воқеаларидан изтиробга тушиб шундай шеър ёзган эди:

Қўлларим бошимга муштлади ҳаргиз¸
Аламдан тарихнинг афти буришди¸
Бир қўлим ўзбекдир¸ бир қўлим қирғиз¸
Менинг икки қўлим, нега урушдинг?

Иккала кўзимда икки ëв ҳис¸
Наҳотки тескари айланди дунë¸
Бир кўзим ўзбекдир¸ бир кўзим қирғиз¸
Менинг икки кўзим, нега урушдинг?

Қай бирингни айтсам¸ зирқирайди жон¸
Менинг икки қўлим бекор сўйишдинг¸
Икковинг сўйганинг ахир Туркистон¸
Менинг битта халқим, нега урушдинг?

"Энди эса шундай шеър ёзишга менинг қўлим бормайди", дейди Усмон Азим.

- 1990 йилда шу воқеа бўлганида у ëқдан Чингиз Айтматов югуриб келган эди¸ бу ëқдан бизнинг ëзувчилар Одил Ëқубов борган эди. Ўшанда¸ энди кечирасиз, барибир шу гапни айтишга тўғри келади¸ мен Чингиз Айтматовни жуда яхши кўрганман¸ юбилейларида қатнашганман¸ у одам жуда буюк одам эди. Ўшанда у қирғизларга даҳшатли гапларни айтган эди. “Эй моллар¸ сенлар кимлар билан урушаëтганингни биласанми?” деган эди. Бу ўзининг муаммоларини бошқа халқлардан кўрадиган одамларга айтилган гапи бўлса керак¸ дейди шоир Усмон Азим.

Унинг айтишича, Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар сиёсий ўйиннинг маҳсули бўлди. Ва бу қонли “маҳсул” учун унинг фитначилари ҳамда бу ижрочилари албатта жазо олиши керак. Агар жиноят бу сафар ҳам жазоланмай қолса, Усмон Азим фикрича, яна 20 йилдан кейин бундан даҳшатлироқ фожеанинг такрорланишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

- Бу воқеаларни уюштирган одамлар¸ бу қонхўрликни уюштирган одамлар топилиб жазоланмас экан, ҳеч қачон ҳақиқат юзага чиқмайди. Мен биламан, оломоннинг ўз психологияси бор. Ур деса, тўда бўлиб кетган-да. Лекин буни бошлаган одамлар бўлади. Улар топилиб жазоланмаса¸ Қирғизистоннинг бўйнида бу қон қолаверади. Бири икки бўлмайди уларнинг. Шавкат қандай ëзарди Ўш ҳақида? Биз ҳаммамиз у ëққа бориб, ҳамма қирғизлар билан кўришиб, дўсти ëр бўлиб юрганмиз. Мен жуда афсусдаман. Дунëга Чингиз Айтматовни берган халқ шунақа бўладими? Уйлар битар. Шавкатжоннинг укаси ҳам Шавкатжон туғилган уйни тиклаб олар. Лекин адолат бўлмагунча, бу масала ечилмайди¸ дейди Усмон Азим.

Шоир бу фожеаларнинг келиб чиқишида учинчи кучлар борлигини эътибордан соқит қилмайди.

- Мен жуда ҳайрон қолдим. Бу ëқда халқ қирилиб ëтибди. Москвага бориб, Медведевдан: “Мана бу мажлисни чақирайлик” деса¸ мажлисни икки кундан кейин чақирди. Унда ҳам ҳеч нарса бўлгани йўқ. "Ўзининг масаласини ўзи ҳал қилсин". Ўзбек бетараф тарафмас, киролмайди. Кирса¸ ундан баттар бўлади. Ана Ўзбекистон бостириб кирди, дейди. Мана шундай ëмон бир жойга ташлашди-да. Бу сиëсий ўйин бўлди¸ дейди Усмон Азим.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Ўш-Жалолобод воқеаларидан қаттиқ изтиробга тушганини айтар экан, бу воқеалар юзасидан халқаро тергов ўтказилиши лозимлигини таъкидлайди. Шоирга кўра, бундан 20 йил олдин рўй берган айни ҳолат сабаблари чуқур ўрганилмаганлиги ва жиноятчилар жазоланмай қолганлиги учун ҳам шундай ҳолат такрор содир бўлди.

- Ўш воқеаси¸ Ўш ва Жалолободда бўлган хунрезликлар биз учун чексиз алам. Буни сўз билан ифода этиб бўлмайди. Лекин яна ўзимга тасалли бериб айтаманки¸ Чингиз Айтматовдай улуғ адиб чиққан қирғиз халқи ичида ақлли¸ олийжаноб¸ интеллигент¸ узоқни кўрадиган одамлар барибир бор. Мана шу одамлар овозини баландроқ кўтариши керак. Бу нарсалар такрорланмаслиги учун бунинг фақат битта йўли бор. Халқаро терговни амалга ошириш керак. Халқаро тергов комиссияси тузиб¸ бошидан охиригача буни ўрганиб чиқиб, жиноятга бош қўшганларни жазосини бермаса¸ бўлмайди. Чунки 1990 йилларда шундай бўлмаса ҳам шунга яқинроқ ваҳшийликлар¸ хунрезликлар бўлган эди. 1990 йиллардаги гаплар бости-бости қилиб юборилгани учун ҳам мана шу ишлар амалга ошди¸ дейди Жамол Камол.

Жамол Камол, бу воқеаларга Қирғизистонга қўшни бўлган давлатларнинг ва ўзини доим тинчликпарвар деб атаб келаётган Россиянинг бепарво қараб тургани бўлди ўзига жуда алам қилганини айтади:

- Менга алам қилгани шу бўлдики, Қирғизистондаги воқеаларга бу ёғи Қозоғистон, бу ёғи Туркманистон, бу ёғи Тожикистон индамай қараб туришди. Ҳолбуки, бир қўшни бошқасига жабр қилганда бошқалари қараб турмайди. Келиб унга айтади, "ҳой, сен нега бу бечорага жабр қиляпсан?" деб. Бунга ҳамма томошабин бўлиб қараб турибди. Бизга алам қилгани ана шу. Ахир бизда ШОС (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) деган ташкилот бўларди-ку. Бу ШОС Марказий Осиёдаги барқарорликнинг гаранти дейиларди. Қани ШОС, қани у?!

Мана Медведев ҳам индамай томошабин бўлиб турди. Нимамиш, биз бошқа давлатнинг ички ишига аралашмаймизмиш. Ие, бу қанақаси бўлди? Грузиянинг ички ишига аралашди-ку, босиб кирди-ку. Марказий Осиёдаги барқарорлик Россияга керак эмас, дейди шоир Жамол Камол.

Қирғизистонлик таниқли ёзувчи Мелис Абакиров ҳам бу воқеалардан изтиробга тушганини айтади:

- Ҳеч қачон қирғиз-ўзбек муносабатлари бунчалик таранглашмаган эди. Бу ахборот диверсияси маҳсули бўлди. Биринчидан¸ мен ҳеч қачон қирғизистонлик фуқаро ва ватанпарвар сифатида миллат ажратмаганман. Иккинчидан, менинг ўзбеклардан дўстларим шунча кўпки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Биз ўзбеклар билан бир бурда нонни бўлиб ейишамиз. Фақат кимлардир бу дўстликка раҳна солишмоқчи бўлишаяпти. Мен бу воқеаларда қирғиз билан ўзбек бир-бирини ўлдирганига ишонмайман. Тўғри ўлдиришди, лекин бу махсус тайёргарликдан ўтган, қуролли одамларнинг иши бўлди. Уларнинг қаердан келганини билмайман. Менда махсус маълумот бор. Қирғиз қалпоғи кийганни ўзбекча дўппи кийган одамлар, ўзбекча дўппи кийганни қирғизча қалпоқ кийганлар отиб, шундай диверсияни уюштирди. Улар тамоман бошқа одамлар ва улар албатта топилиб, жазосини олишларига умидворман. Қирғиз ва ўзбеклар асрлар давомида иноқ яшаб келган ва яшайди ҳам. Мен бунга аминман, дейди қирғизистонлик ёзувчи Мелис Абакиров.

Шавкат Раҳмон 1990 йилги Ўш-Ўзган воқеаларини таҳлил қилиб “Махфия” номли мақола ёзган эди. Бу мақолада шоир Қирғизистондаги ўзбеклар муаммоларини бирма-бир санаб ўтар экан, Ўзгандаги қирғинда инқирозга юз тутаётган расмий Москванинг қўли борлигини инкор этмаганди:

“Аммо фожиадан кўзланган асосий мақсад—биринчидан, ҳокимият масаласи: Демократия шароитида ҳам, ҳокимият жиловини маъмурий-бюрократик аппарат қўлида сақлаб қолиш, кескин ўзгаришларни талаб қилаётган демократик ҳаракатга зарба бериш, ўзбек аҳолисининг маъмуриятчиликка қарши курашишини, исломнинг фаоллашувини тўхтатиш эди; иккинчидан, сиёсий ва иқтисодий мустақилликни танлаган, биринчи бўлиб президентлик бошқарувини жорий этган, мустақиллик декларациясини қабул этаётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам ташқаридан зарба бериш бўлса. Учинчидан, чет элларда ва Ўзбекистонда кучайиб кетган Туркистонни тиклаш ғояси, туркий халқларнинг бирлик сари интилишини барбод этишдан иборат эди”, деб ёзган эди Шавкат Раҳмон “Махфия” номли мақоласида.

Ўзбекистонлик ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев бундан 20 йил бурун содир бўлган воқеалар ҳақда ёзган “Жар ёқасидаги оломон” мақоласида шундай деган эди:

“Бугун Ўш, Ўзган воқеаларини яшириш, ўлган одамларни, ўт қўйилган уйларнинг сонини камайтириб кўрсатиш, фожеаларнинг асл сабабларини айтмаслик, хаспўшлаш яна янги фожеаларга, янги низоларга олиб боради, холос. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бугун одамларга насиҳатгўйлик эмас, ростгўйлик керак, қанчалик аччиқ, даҳшатли бўлмасин, рост гапириш керак”.

Бироқ бундан 20 йил олдин ҳеч ким рост гапирмаган эди. Бугун ҳам Ўш воқеалари ҳақида рост гапни топиш мушкулдай бўлиб қолди. Агар яна ёлғон гапирилса¸ бу воқеалар яна такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ва қулоқ остида Шавкат Раҳмоннинг ушбу шеъри жаранглайверади:

Халойиқ ишонди,
кўзёшдан ийди,
айбдор болтамас,
айбдор кунда.
Қасосин олмоқдан ўзини тийди
жаллодлар ниқоби йиртилган кунда.
Кон қўлида сузар бедод салтанат,
барча тафсилотин, қани, ким ёдлар?
Бу содда халойиқ мунча алданар,
пихиллаб кулади энди жаллодлар.
Ўтар ошкоралик ҳаш-паш дегунча,
келажак кўрсатар ким кулар, йиғлар,
милён айғоқчилар далил тергунча
қайралиб турса, бас,
исфаҳон тиғлар.
Қайдадир
булбуллар толиқиб сайрар,
ҳавода учгандай милён малойик.
Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар,
уйқуни уради шўрлик халойиқ.