Эрон ҳукумати пайшанба куни мамлакатнинг Систон-Балужистон вилоятида содир этилган иккита портлашларда Ғарб давлатлари ва Исроилни айблади.
Эрон давлат телевидениеси мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Абдуллаҳийнинг “ушбу қўпорувчилик амалиётларини Ғарб давлатлари томонидан ёлланган шахслар содир этди”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.
Пайшанба куни Систон-Балужистон вилоятидаги масжидлардан бирининг ёнида содир этилган кучли портлашлар оқибатида камида 27 киши нобуд бўлди, 160 дан ортиқ шахс тан жароҳати олди.
ЕИ, АҚШ ва БМТ пайшанба кунги портлашларни кескин қораладилар. Эрондаги “Жундуллоҳ” гуруҳи ушбу портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Айни пайтда Эрон хавфсизлик хизматлари мазкур портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 40 чоғли шахс ҳибс этилганини билдирди.