Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқариш корхонаси бўлган Оҳангаронцемент ишчилари янги сармоядорнинг зулмидан нолишмоқда. Аввалига дивидендлардан маҳрум этилган ҳиссадорлар¸ эндиликда ўз акцияларини сув текинга сотиш тазйиқи остида қолганларини айтмоқдалар.
Ўтган асрнинг 60- йилларида Ўзбекистонда қурилган бу корхона аввалига "Зеромакс"¸ кейин эса Россиянинг Евроцемент корхонасига ўтгач¸ комбинат ишчилари ўзларини кам ойлик эвазига кўп ишлайдиган учинчи дунëнинг қашшоқ мардикорлари каби ҳис қилишди.
Гарчи улар комбинат ҳиссадорлари саналишса-да¸ йил сўнггида кутилган дивиденддан мосуво қолишди.
Рус сармоядорининг комбинатни сотиб олаëтиб¸ ишчилар ижтимой аҳволини яхшилаш ва комбинатни модернизация қилиш ҳақида ўз зиммасига олган мажбурияти ҳам¸ ишчилар назарида¸ бажарилмаган.
"2008 йилда бу корхонада Ўзбекистон монополиядан чиқариш қўмитаси ўтказган текширув пайтида кўп эътирозлар ўз тасдиғини топган бўлса-да¸ бундан бизга наф тегмади"¸ дейишди Озодлик мухбири бир-бир суҳбатлашган комбинатнинг 11 нафар ҳиссадори.
Ютуқсиз карта ëки дивидендсиз бизнес
Оҳангаронцементнинг ҳозирги эгаси Россиянинг Евроцемент ширкати ўз ҳиссадорларига 2009 йил учун дивиденд тўламасликка қарор қилди. Евроцемент сўзчиси Александр Степаненкога кўра¸ дивиденд учун кўзда тутилган маблағ комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун сарфланган. Комбинат истиқболидан кўра кечқурунги овқат ҳақида ўйлаëтган ўзбек ҳиссадорлари дивиденд берилмаганидан норози. Комбинатнинг 9000 акциясига эга бўлган ҳиссадор Мақсад Эргашев назарида россиялик сармоядорлар атайлабдан дивиденд бермасдан ҳиссадорларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда.
- Бу ерда шунақанги сиëсат юргиздики¸ акцияларнинг ҳаммасини йиғиштириб олишга ҳаракат қилди булар. Акциясини бермаган одамни ишдан бўшатди¸ дейди Мақсад Эргашев.
Муддао ўзбек ҳиссадорлар қўлидаги акцияларга эгалик қилиш¸ дейди суҳбатдош.
Акция ови
Мақсад Эрматов ўз қўлидаги акцияларни бермай келаëтган собит ҳиссадор. Аммо комбинатда узоқ йиллар ишлаган Миржалол Эргашев ўз қўлидаги акцияларни маҳкам ушлаб тура олмади. Мени акцияларни сотишга комбинатнинг янги эгалари мажбур қилди¸ дейди Эргашев.
- Сотиб юборишга мажбур бўлдик. Ҳиссадор эдик¸ аммо ҳозир ҳиссадор эмасман. Топширинглар¸ деб мажбур қилди лекин. Мен нафақага чиқдимку. Нафақага чиққандан кейин “Акцияларни топширинглар” деди. Мен “Акцияларни топширмайман. Мендан олишга ҳеч қандай ҳақларинг йўқ” дедим. Кейин улар “Заявление ëзиб чиқиб кетинг. Сиз пенсионер. Сиз ижтимоий нима қилинган одамсиз. Ишлашга ҳаққингиз йўқ” деди. Кетинг-кетинг деявердида. Мен “Кетмайман. Қаерда бор экан бунақа пенсияга чиққан одамнинг ишдан кетишига закон?” деган эдим¸ “Бўпти бўлмаса¸ ишлайверинг” деди. Икки ҳафтадан кейин “сокрашение” деб менинг фамилиямни ëзиб берди. Кетишга мажбур бўлдим кейин¸ дейди Эргашев.
Олтин тухум туғадиган товуқ
Оҳангарон цемент комбинати 1962 йилда Марказий Осиëдаги энг йирик корхона сифатида ўз маҳсулотини бера бошлади. Йилига икки миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган бу комбинатда 25 йил план бўлими бошлиғи бўлган Лидия Сухенина қўлдан қўлга ўтиб туя қилинган комбинатнинг бугунги аҳволини кўриб Ўзбекистон шундай рентабел корхонани Россия ишбилармонларига қўшқўллаб бериб юборганидан ҳайрон.
- Қандай қилиб шундай яхши заводни¸ худди олтин тухум туғадиган сеҳрли товуқдай мўъжизани бирдан Россияга сотиб юборилганини мен ҳеч тушуна олмаяпман¸ дейди бу комбинатда 25 йил план бўлими бошлиғи бўлган Лидия Сухенина.
Ўз ҳамкасбининг ҳайронлигига комбинатнинг собиқ ишчиси Миржалол ака ҳам қўшилади.
- Цемент комбинати¸ заводи фойда билан ишлаëтган нарса эди. Одамларнинг ҳаммаси рози эди. Яхши фойда билан ишлаëтган эди. Нима учун сотилди? Наҳотки бизнинг мамлакат иккита Россиядан келган одамнинг қўлидаги пулга қараб қолган даражада камбағал мамлакат бўлса? дейди Миржалол аяка.
Сармоя сири
Оҳангарон цемент комбинатига 1959 йилда илк ғишт қўйилган кундан бери биладиган Сухенина таъбирича¸ олтин тухум қўядиган товуққа суқ билан тикилган кўзлар кўп эди.
Халқ пули эвазига қад кўтарган йирик иншоотни сув текин қўлга киритишни истаган "бой оталар" кўп бўлди. СССР ағдарилганидан кейин корхоналарни сув текин қўлга киритишнинг алкимëси яратилди.
Бирор бир молиявий (балки жиноий) гуруҳ ўз кўзига яхши кўринган корхонага директор ўтказиб қўйиб¸ ўша корхонани синдиради¸ чўктиради¸ қонун тили билан айтганда, банкрот қилади.
Ана шундан кейин бу корхона сотувга қўйилиб керакли қўлга ўтади.
90- йиллар охирида Оҳангаронцемент ҳам банкрот ëқасига келтирилди ва бирдан Қурилиш вазирининг муовини директор қилиб тайинлангач¸ комбинат ишлари "ўнгланиб" кетди¸ дейди комбинат ҳиссадори Эрматов.
- Завод банкрот бўлган эди. Банкрот даражасигача етган эди. Муродов Муҳиддин Қодирович деган инсон заводга директор бўлиб келиб¸ ўша одам кўтарди заводни. Энди яхши ҳолатга келтирган эдики¸ дарров буни давлат тасарруфидан чиқариб хусусийга айлантириб қўйди. Банкрот¸ деб эълон қилинмади¸ лекин шу даражагача етган эди. Кейин директор устига директор алмашаверди бу ерда. Олдин Искандаров эди¸ кейин Фëдоров бўлди¸ Ғуломжон деган бўлди – бу ҳаммаси бир-икки йил ичида. Тўртта-бешта директор алмашдида¸ кейин охири Муҳиддин Қодирович¸ бу одам қурилиш материаллари вазирлигида замминистр бўлиб ишлар эди¸ бу одам заводни кўтариш учун келди. Шу одам бу заводни кўтарди. Заводни оëққа кўтариб¸ ҳамма ëқни зўр қилгандан кейин хусусий қилинди бу завод. Биринчи давлат тасарруфидан "Зеромакс" чиқарди буни хусусий қилиб. Бир йилдан кейин "Зеромакс" Евроцементга пакет акцияларни сотди¸ дейди Эрматов.
Ўзбекча фокус-мокус
Даққиюнус услубдаги “бой оталар” цемент комбинатини ютишга чоғланаëтган бир пайтда¸ президент оиласида янгича бизнес юритиш “қоида”ларини яратган тўнғич қиз Гулнора ўсиб-унаëтган эди.
Асли бу қоидалар Гулнора туғилган совет иттифоқида “олиб сотарлик” деб айтилса-да¸ кўлам ва жазосиз қолиш нуқтаи назаридан бу янги ҳодиса эди.
Бундан бир неча йил муқаддам Каримовлар оиласига яқин бўлган иш юритувчи Фарҳод Иноғомбоев Гулнора Каримованинг текинга олиб¸ ўта қимматга сотиш механизмини фош қилган эди.
Шундай қилиб олтин тухум қўювчи товуқ¸яъни цемент комбинатининг 75 фоиз ҳиссаси Гулнора Каримовага тегишли экани иддао қилинган Швецарияда жойлашган “Zeromax GmbH” ширкатига ўтди. Сал ўтмай Россиянинг Евроцемент ширкати цемент ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда бўлган Оҳангаронцемент заводининг 75 фоиз акциясини сотиб олди. Ана сизга бор фокус-мокус¸ дейди комбинат ҳиссадори Эргашев.
Россия аксилмонополия қўмитаси тарафидан жаримага тортилган Евроцемент ширкати Оҳангаронцемент комбинатини анор каби сиқиб сувини ича бошлади¸ дейди комбинатнинг қўлидан акцияси тортиб олинган ҳиссадори Миржалол ака.
- Келди¸ икки кун ичида ҳамма хўжайинлар алмашди. Мана ҳозир одамларнинг 50 фоизини сокрашение қилиб¸ ойлигининг ярмини камайтириб юборди. Хоҳласанг мана шу¸ хоҳламасанг катта кўча деяпти¸ дейди Миржалол ака.
Цемент калимаси лотинчада майдаланган тош деган маъно ташийди. Биз пайтлар Ўрта Осиë қудратига тимсол бўлган қоядай комбинат тужжорлар қўлида кукунга¸ биз кечаги мард ишчилар эса тилсиз қулларга айландик¸ дейди 60 ни қоралаган Миржалол ака.
- Одамлар телевизорга чиқиб “Биз қул эдик олдин. Мана энди яхши нафас олаяпмиз” деб гапиради. Мана ҳозир қул бўлдик. Мана ҳозир настояший қул бўлдик¸ дейди Миржалол ака Эргашев.
"2008 йилда биз Оҳангаронцемент комбинатида тафтиш ўтказиб 200 миллион сўмга яқин камомад билан бирга қатор бошқа камчиликларни аниқладик"¸ дейди Ўзбекистон Монополиядан чиқариш қўмитаси мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Суҳбатдошга кўра¸ комбинат Ўзбекистондаги цемент нархини мутлақ назорат қилмоқда.
Мақолани ҳозирлаш мобайнида Евроцементнинг Москвадаги сўзчиси Александр Степаненко билан мулоқотда бўлдик. Степаненко тўланмаган дивидентлар¸ комбинат модернизацияси ва ишчилар ижтимоий таъминоти юзасидан расмий жавоб ҳозирланаëтгани ва бу жавоб Озодлик хатқутисига юборилишини ваъда қилди.
ОАО «ЕВРОЦЕМЕНТ груп» Россиядаги цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган катта холдинг. Йилига 35 миллион тонна цемент ишлаб чиқаради. 16 цемент заводидан таркиб топган бу холдинг Россия аксилмонополия қўмитаси томонидан ўтган йили монополияга қарши қонунларни бузганлик учун катта миқдорда жаримага тортилган.