22 августдан 23 августга ўтар кечаси Тожикистон Давлат хавфсизлиги қўмитасининг вақтинча сақлаш қамоқхонасидан 25 нафар маҳбус қочди. Маҳбуслар қочиш давомида 5 нафар қамоқхона назоратчисини ўлдирдилар. Бу ҳақдаги хабарни Тожикистон давлат хавфсизлиги қўмитаси ҳам тасдиқлади.
Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари генерал-майор Қосимжон Ғаффоров журналистлар учун ўтказилган брифингда бу ҳақда шундай деди:
- 22 август куни кечқурун, соат 22.10да суд ҳукмидан сўнг Тожикистон давлат хавфсизлик қўмитасининг тергов қамоқхонасида вақтинчалик сақланаётган бир гуруҳ жиноятчилар қамоқхона назоратчиларининг масъулиятсизлигидан фойдаланиб, уларга ҳужум қилиб, қуролларини тортиб олдилар. Натижада қамоқхона назоратчиларидан бири Нурматқул Каримов ваҳшийларча ўлдирилди ва икки нафар соқчига оғир тан жароҳатлари етказилди. Бу жиноятнинг ташкилотчилари суд ҳукмидан сўнг вақтинчалик қамоқхонада сақланаётган Тожикистон фуқаролари Иброҳим Насриддинов, Ҳикмат Азизов ва Россия фуқароси, доғистонлик Магомед Аҳмедовлардир.
Шундан сўнг улар қамоқхонадаги яна 22 нафар маҳкумни озод қилдилар ва тахминан соат 01.10да қуролланган жиноятчилар Адлия вазирлигининг тергов қамоқхонасига ҳужум уюштириб, 4 нафар назоратчини ўлдирдилар ва рақамсиз автомобилга ўтириб, номаълум томонга ғойиб бўлдилар. Дастлабки таҳлиллар бу жиноятнинг трансмиллий харакатерга эга эканлигини кўрсатмоқда,- Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари генерал-майор Қосимжон Ғаффоров.
Озодлик радиосининг тожик хизмати олган норасмий маълумотларга кўра, қочганлар орасида Тожикистон Миллий гвардиясининг собиқ қўмондони, ҳозир қамоқда сақланаётган Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев, Тожикистон Фавқулодда вазиятлар собиқ вазири Мирзо Зиёевнинг фарзандлари, ва шу вазирликнинг яна бир мулозими Неъмат Азизовнинг ака-укалари ҳам бор.
Мирзо Зиёевнинг икки ўғли ва Неъмат Азизовнинг ака-укалари ўтган йили Тожикистоннинг Тавилдара туманида рўй берган можарога алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган эди.
Норасмий манбалар, қочган маҳбусларнинг сони 46 нафар эканлигини айтмоқда. Улар ўтган йили Тавилдара воқеаларига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 10 йилдан 30 йилгача озодликдан маҳрум этилган эди. Бу маҳкумларнинг икки нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинланган эди.
Тожикистон Олий Суди собиқ генерал Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоевни шу йилнинг 20 июлида 30 йилга озодликдан маҳрум этган эди. У давлат тўнтаришини ясашга уриниш, ноқонуний қурол сақлаш ва бошқа жиноятлар содир этганликда айбдор, деб топилган эди.
Душанба куни эрталаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мазкур воқеа юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказди. У бу воқеанинг тафсилотларини текшириш ва қочоқ маҳбусларни ушлаш бўйича ўтказилаётган амалиётларга масъул этиб, Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоровни тайинлади.
Айни пайтда қочган маҳбусларни қидириб топиш учун Тожикистон давлат хавфсизлиги хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг қуролли кучлари сафарбар этилган.