Мустақиллик байрам қилинаётган кунларда "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчи ва муштарийларимиз, Ўзбекистон президентининг айтганларини ерда қолдираётган давлат амалдорлари ҳаракатлраридан хафсалалари пир бўлаётганидан гап очишди.
Президентнинг гапини ерда қолдирган солиқчилар
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан телефон қилган 1-гуруҳ ногирони Қиличбек Маҳмудов туман солиқ инспекцияси ҳаракатларидан шикоят қилди.
Суҳбатдошимиз туман марказида шахсий ошхонаси борлиги, соғлиги тўғри келмагани боис, ҳозир рафиқаси иш юритаётган бу ошхона, суҳбатдошимизга кўра, солиқчиларнинг кунда-шунда келиб турадиган манзилига айланиб қолган.
- Менинг хусусий ошхонам бор. Солиқ ходимлари бир йилда икки марта текширади. Бир миллион, бир миллион 350 минг жарима солган. 90 минг жарима солган. Умуман ишлатгани қўймайди. Баҳонаи сабаб билан келади. “Бунинг ишламайди, унинг ишламайди”, дейди. “Нима камчилигинг бор? Қандай аҳвол?”, деб сўрамайди булар. Газ масаласи қийин. Ҳар икки кунда 35-40 минг сўмга ўтин сотиб оламиз. Буларни бир тартибга соладиган одам йўқмикан? Президентга қарши чиқаяпти булар. Президент “Тегинма тадбиркорга. Бўш қўй, эркин қўй”, деб айтаяптику. Буларнинг энг йўғи "Ласетти" машина минади.
Озодлик: Ошхонанинг иши юриб турибдими ўзи? Жарқўрғоннинг марказидами у?
- Марказда анҳорнинг бўйида.
Озодлик: Мана “Туман шароитида ўтин сотиб оламиз. Шароитимиз оғир”, деяпсиз. Бунақа оғир шароитда камчилик бўлиши табиий. Балки солиқчилар асосли жарима солаëтгандир сизга?
- Билмасам энди. Шу ошхонадан бошқа эрмаги йўқ. Бўлмаса хотиним 50-60 мингга бозорлик ҳам қилиб берган.
Озодлик: Солиқчиларгами?
- Ҳа. Мен телефон ҳам қилдим. “Ака ўтираверинг. Сизнинг ҳурматингиз бор. Ҳеч нарса бўлмайди. Ҳаммаси жойида бўлади”, деб расво қилди ишни. Бир йил бўлмай икки марта шундай қилаяпти. Президент “Тегинма тадбиркорга. Халақит берма. Эркин қўй”, деяпти. Булар аксинча ҳаммаси президентга қарши иш қилаяпти. Халқ, аҳоли ҳамма президентдан хурсанд.
Озодлик: Ростдан ҳам бу ишлардан президент хабарсиз деб ўйлайсизми?
- Конечно бехабар. “Уч йилда бир марта текшириб қўй”, деяпти. “Бир йилда икки марта текшириб қўй”, деб айтмаяптику,- дейди Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан телефон қилган 1 гуруҳ ногирони Қиличбек Маҳмудов.
11 ойдан бери пенсиямни ололмайман
Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Жартепа аҳоли пунктидан телефон қилган тиббиёт ходими Носир Бердиев 11 ойдан буён пенсиясини ололмаётганидан шикоят қилди.
Унинг сўзларига кўра, ойлик маоши ўз вақтида пластик карточкага ўтказилмоқда. Аммо, пенсиядан дарак йўқ.
- Мен 38 йилдан бери тиббиëт соҳасида ишлайман. Ҳозир ҳам ишлаб келмоқдаман. Медпунктда эмлаш хонасида ишлайман. Бизларнинг муаммомиз, мана 10 ой бўлиб 11чи ой кетаяпти, нафақани бермайди иш жойимиздан. Неча марта мурожаат қилсам ҳам нафақани бермаяпти. Банкда пул йўқ, у-бу, дейди.
Озодлик: Ойлик ҳам оласизми?
- Ҳа. 97 минг сўм ойлик оламан.
Озодлик: Ойликни вақтида бераяптими?
- Ойликни пластикка бераяпти, лекин пенсияни бермаяптида. Ўн биринчи ой кетаяпти.
Озодлик: Пенсия пластикка ўтмаганми?
- Ўтмаганда. На пластикка беради, на пул беради. Шунақа аҳвол. Бизлар ўзи олти кишимиз поликлиникада. Олтовламизга ҳам бермаяпти. Мана бу почта орқали бераëтганлар олаяпти. Бизга иш жойдан бериладида. Шунинг учун бермаяпти.
Озодлик: Бошқа ишхоналар ҳам шу аҳволми ë фақат сизларникими?
- Мактаблар ҳам мана шунақа. 6-7 ой кечикиб бераяпти. Ким ишласа, ойлик бермаяоптида. Мана шуни бир эслатиб қўйсангизлар демоқчи эдим¸ дейди ургутлик тиббиёт ходими Носир Бердиев.
Ҳақиқатни айтган журналистга раҳмат!
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан “Эркин микрофон”га телефон қилган яна бир ёш суҳбатдошимиз — Абдулла Азимов Ўзбекистон телевидениесидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар ва цензура ҳақида баёнот берган журналист Саодат Омоновага миннатдорчилик билдиришни истади.
- Ëшлар телерадиоканалининг мухбири Саодат Омоновага раҳмат айтмоқчи эдимда. Аëл боши билан ҳақиқат учун курашгани учун раҳмат дейманда. Ëшлар телерадиоканалида бўлаëтган ишлардан хабардор қилди. Цензура борлигини бемалол айтаяпти. Кейин Би-Би-Сида айтган фикрларини ҳам эшитдим. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 680 турли номдаги газета, 200 та журнал, 55 та нашриëт, тўртта ахборот агентлиги фаолият юритаяпти. Лекин уларнинг ишлари мақтагулик даражада эмас. Президентимиз ўз нутқида 31 август куни “Ëн-атрофимизда бўлаëтган ëвузликлар ҳақида доим огоҳ бўлайлик”, деган эди. Огоҳ бўлиш учун матбуот алоҳида ўринни эгаллайди. Масалан, Қирғизистонда бўлган воқеалар деярли умуман берилмади бирорта ахборот воситаларида. Асосан сизлардан эшитдик. Ëшлар телерадиоканалида ҳам, Ўзбекистон телерадиоканалида ҳам мақтагулик даражада даструлар йўқ. Танқидий, муаммоларни олиб чиқадиган дастурлар умуман йўқ. Саодат Омоновага раҳмат айтмоқчиман шуни олиб чиққани учун,- дейди Абдулла Азимов.
***************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!