3 сентябр куни Хўжанд марказида жойлашган Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида рўй берган кучли портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Икки хукуш шахс амалга оширган портлашда 30га яқин милиция ходими жароҳатланди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг масъул ходими Муҳамаджон Назриевнинг айтишича, Волга “ГАЗ-24” русумли автомашинани бошқарган шахс Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Сўғд вилояти минтақавий бўлими ҳудудига бостириб кирган ва портловчи мосламани ҳаракатга келтирган.
- 3 сентябр куни эрталаб тахминан соат 8.00да Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида кучли портлаш рўй берди. 30га яқин милиция вакили турли жароҳатлар олди,- дейди вазирлик мулозими.
Муҳаммаджон Назриевнинг сўзларига кўра, жума кунги портлаш жорий ҳафта бошида Исфарада содир этилган қотиллик билан боғлиқ. 30 август куни Исфара туманидаги бозорлардан бирининг собиқ раиси Ҳомиджон Каримов Сурх қишлоғида ифторликдан қайтиб келаётган пайтда қуролланган шахслар томонидан отиб ўлдирилган эди.
Ҳомиджон Каримов 2006 йилда туманда бир кишини таҳқирлаш, ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш каби жиноятларда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У билан бирга яна 5 киши 9 йилдан 13 йилгача озодликдан махрум этилган эди. Жазо муддатинининг бир қисмини ўтаган Каримовга нисбатан жазо чораси ўзгартирилиб, минтақадан чиқиб кетмаслик шарти билан озод қилинган эди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларида айтилишича, Хўжанддаги портлаш, Каримовнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилиниб, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг изоляторида ҳибсда ушлаб турилган 5 кишини озод этиш мақсадида уюштирилган.
Хўжанд шахар касалхонаси бош врачи Хабиб Хамидовнинг Озодлик радиосига айтишича, касалхонага турли жароҳатлар билан 26 милиция ходими олиб келинган.
- Портлаш юз берган вақтдан бошлаб касалхонага олиб келинган милиция вакилларидан икки нафари жон таслим қилди. Яна икки нафари кўзларидан ажради. Қолганларининг аҳволи турлича,- дейди касалхона бош врачи.
Унинг сўзларига кўра, жароҳат олган бошқа милиция ходимлари шунингдек вилоят ва Ички ишлар бошқармаси касалхоналарига ҳам олиб боилган.
Тожикистон президенти Имомали Рахмон Хўжанд шахрида юз берган воқеадан кейин хукуматнинг шошилинч мажлисини чақиртирди. Мажлисда Хўжанддаги ҳуружни тергов қилиш учун махсус комиссия ташкил этилди.
Тожикистон Ҳавфсизлик кенгаши бош котиби Амирқул Азимов комиссияга раис этиб тайинланди. Комиссия аъзолари тушдан кейин Хўжандга етиб келди. Айни пайтда комиссия аъзолари вилоят хукумати биносида мажлис ўтказмоқда.
Хавфсизлик кучлари воқеа жойига етиб келган Озодликнинг тожик хизмати мухбири Қамари Ахрор ва мустақил журналист Тилав Раулзодани ҳибсга олди. Буни журналистларнинг воқеа жойини суратга олгани билан изоҳлаган махсус хизмат мулозимлари кўп ўтмай журналистларни қўйиб юборди.
Айни пайтда воқеа жойи куч ишлатар идоралари томонидан ўраб олинган. Уч-тўрт километр масофадаги йўллар тўсилган ва машиналар ўтказилмаяпти.
Портлаш оқибатида Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биносининг бир томонига қаттиқ шикаст етказилган ва девори қулаган. Беш юз метр ён атрофдаги турар жойлар дереза ойналари тўкилган, кардиология касалхонаси биноси жиддий зарар кўрган.
Хўжандга кириш ва чиқиш йўлларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.