Эркин микрофон - Пахтага сафарбарлик эълон қилинди

Uzbekistan - Child labor, picking cotton, 03Oct2009

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган муштарийларимиздан бири Сурхондарёда душанба кундан бошлаб ҳамма пахта далаларига хайдалаётганини айтган бўлса, Хоразмдан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз турмуш ўртоғининг бир қўли йўқлигига қарамасдан, унинг 2-гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжати бекор қилинганини гапириб берди.

“Душанбадан ҳамма пахтага!”


Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳокимияти душанба кунидан бошлаб пахта теримига сафарбарлик эълон қилди, дейди деновлик Абдулла:

- Пахта бошланди бизда. Душанба куни тўлиқ ҳамма чиқаркан пахтага. Мактабдан фақат 8-9-синфлар чиқар экан ҳозирча. Кейинчалик бошқалари ҳам чиқиши мумкин. Коллежлар тўлиқ чиқади. Жойлар ажратилаяпти экан. Ўқитувчиларни гуруҳларга бўлиб чиққан. Ўқитувчилар 10 кундан бошқа туманларга бориб пахта териб берар экан мажбурий.

Озодлик: Аҳоли тераяптими энди?

- Тераяпти. Пахта 100 сўмдан экан. Фермерлар килосига 100 сўмдан бераяпти экан. Ўзи аслида 120 кило экан.

Озодлик: Нақд бераяптимикан?

- Ҳа. Лекин бу йил пахта тез тугайди. Бир ойга ҳам бормайди. Пахта унчалик бўлмаган бу йил. Пахталарни кўриб чиқдим мен ҳам. Биринчи теримни бир кунда чиқариб ташлаяптида теримчилар. Пахта жуда ҳам кам. Чўғи паст¸ дейди деновлик Абдулла.


“Касбида арзончилик”

дейди Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан қўнғироқ қилган биринчи гуруҳ ногирони Ўктам Бобомуродов. Унинг айтишича, туман ҳокими халқпарвар, ногиронларга ғамхўрлик қиляпти, бозорларда эса арзончилик.

- Мен Озодликнинг ашаддий тингловчиларидан бириман. Бобомуродов Ўктам бўламан. Қашқадарë вилояти, Касби тумани ҳокими бизларга имкониятлари борича кўп ëрдам бераяптилар. Ногиронларга ғамхўрлик қилиб келаяптилар. Масалан моддий томонлама. Масалан яқинда 100 килодан ғалла беришди. Байрамларда ëрдам беришади. Ëрдам беришга имкониятлари бўлмаган пайтларда ўзларининг ширин каломлари билан, хушмуомалалик билан тушунтирадилар. Бозорларимиз арзон. Энг арзон гўшт Касбида бўлса керак. Бу менинг фикрим. Гўштнинг килоси 7000 сўм. Кеча бир доктор бобомиз Озодликка чиқиб “Бир йилдан бери пенсия олганим йўқ” деяптилар. Уларга қараганда бизларда яхшида ака. Июлникини олганимиз қачон эди. Шуда энди ака. Ҳозир бунақа ҳокимлар камдан кам бўлади. Ҳамма Озодлик ходимларига айëмлар муборак бўлсин ака. Табриклаб қўйинг бизларнинг номимиздан¸ дейди Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан қўнғироқ қилган биринчи гуруҳ ногирони Ўктам Бобомуродов.


“Бир қўли йўқ бўлса-да ногиронлик нафақасидан маҳрум қилинди”

Агар қашқадарёлик тингловчи туманда ногиронлар ардоқда эканлигини айтган бўлса, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчи ногиронларнинг нафақалари ҳеч бир асоссиз бекор қилинаётгани ҳақида гапирди:

- Умрбодлик иккинчи гуруҳ ногирониман. Болаликдан ногиронманда мен. Хотиним ҳам иккинчи гуруҳ ногирони эди. Пора бермаганимиз учун хотинимни яқинда ногиронликдан чиқариб юборди. 20 йилдан бери ногиронлик гуриҳида эди. Унинг бир қўли йўқ. Мен белимдан майибман. Энди бизни ҳам булар ногиронликдан ўчираяптида. Ҳаммасига пул бериш керак. Вақтида бориб ташлаш керак. Энди бизни ҳам ногиронликдан ўчиришаяпти. ВТЭК да Ëрматов Ўктам дегани бор. Аввал вилоят ВТЭК эди. Ҳозир Урганч туман ВТЭК бўлаяптида у.

Озодлик: Ўчириш учун яна қайтадан комиссиядан ўтказиш, текшириш керак эмасми?

- Чақирди, текширди. Мен “Сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ” дедим. Очиқчасига айтдим. Бу ëқдан таниш-билиш орқали берсангиз, қайтадан яна ўтиб кетаверасиз экан. Бермаганингиздан кейин “Сизнинг аҳволингиз яхши экан, у-бу” деб, шунақа йўллари борда буларнинг.

Озодлик: Сизнинг ногиронлигингиз кўзга ташланадими?

- Албатта. Ëшлигимда белимдан позвоночник синган. Ўзим энгашиб зўрға юраман.

Озодлик: Кўзга ташланиб турган ногиронлик бўлса ҳам сизни ўчиришдими?

- Ҳа. Ўзи операция бўлиб бир оëғим ҳам ишламайди. Оëғимни зўрға судрайманда. Бир оëғим жонсизроқ бўлиб қолган.

Озодлик: Пораси қанча экан?

- Пораси 100 доллардан бошланиб 400 долларгача. Таниш-билишнинг яқинроғидан топсангиз, 100 доллар. Бўлмаса 400 долларгача боради.

Озодлик: Порани берсангиз, кейин сизни ногирнлик гуруҳида қолдиришади-а?

- Ҳа. Ҳамма чиққан қонун фақат хўжайинларнинг чўнтагига бўлаяптида. Халқ учун эмас бу. Халққа тескари кетаяпти ҳамма қонун. Масалан пул бериб ногиронликка чиқиб олганлар бор. Улардан олиб ташлаш керак ўзи аслида. “Қайтадан текшир” деб қонун чиқди. Ҳозир ундай эмас. Пул берганники қолаяпти, пул бермаганни ногирон бўлса ҳам, тура олмай ëтган бўлса ҳам ўчираяпти. Худодан қўрқиш ҳам йўқ буларда, бандадан қўрқиш ҳам йўқ¸ дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.


“Ҳаққини талаб қилган ўғри бўладими?”

дейди Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан қўнғироқ қилган пенсионер Эштемир Ҳайитов. 66 ёшли отахонга кўра, улар пенсияларини талаб қилиб борганда, туман молия бўлими мудири уларни кабинетидан қувиб солган ва камига ҳақорат ҳам қилган:

- Пенсия тўғрисида эди. Биз 25 май куни Чироқчи ижтимоий таъминот бўлими мудири Шойимов Ўринга март, апрел пенсиясини сўраб мурожаат қилдик. Ведомостларни Чироқчи туман алоқа бўлимига бермаганлиги учун 20 га яқин пенсионер бориб мурожаат қилдик. У бизга қўпол гапирди. Хонасидан чиқариб юборгандан кейин биз ҳокимга бордик. Чироқчи ҳокими Комил Равшанов йўқ экан. Биз кейин ëздик уни. 20 кишидан 14 киши Ўзбекистон республикаси Молия вазири Рустам Азимовга мурожаат қилдик. Устидан акт туздик. Кейин ҳоким ўринбосари Бурҳонов Зокир қабул қилди бизни ўша куни. Мажлислар залига тўплаб суҳбатлашди. Мен туриб Шойимовга “Сен нимага бизга қўполлик қилдинг? Бизлар ҳаммамиз қари ëшдамиз. Ëшимиз 60-70 га етган бўлса, нимага қўполлик қиласан? Нимага хонангдан чиқариб юборасан?” деган эдим ирғиб ўрнидан туриб ҳоким муовинини назар писанд қилмасдан менга “Сени биламан. Бухгалтер бўлган вақтингда ўғирлик қилгансан. Сен муттаҳам” деб ҳар хил сўзларни айтиб бақира кетди. Кейин ҳоким муовини “Сен мудирликка нолойиқ инсон экансан” деб залдан чиқариб юборди. Кейин биз Молия вазирига акт тузиб мурожаат қилдик. Деярли 100 кун бўлди бизнинг аризамизга жавоб бергани йўқ¸ дейди чироқчилик пенсионер Эштемир ота Ҳайитов.


“Ўзбеклар Ўшдан кўчмасин”

дейди Самарқанд вилоятидан қўнғироқ қилган тингловчи Бобомурод Мавлонов.

- Қирғизистон бўйича гапирмоқчи эдимда. Ўзбеклар кўчиб кетаяптику. Кетиб қаерга боради? Ота-бобоси шу ерда туғилган, шу ерда яшаб келган. Ўзбекнинг ери шу ерлар, қирғизнинг ери эмас аслида. Шуни мен айтмоқчи эдимда. Булар энди кўчиб қаерга ҳам боради? Бўлган иш бўлди. Энди бирикиши керак булар. Бирикиб мана битта мулласини олиб қолдику. Нимага энди қочиб кетиш керак? Нимага қўрқиш керак? Тўғри қирғизларнинг айримлари қилаяпти. Ҳамма қирғиз қилмаяпти уни. Раҳбарлари қилаяпти буни. Азалдан ўзбекнинг ерида бу. Булар яшаш учун курашиши керак демоқчиманда. Албатта бу яхши иш бўлмади. Мен таъзия билдираман. Кўпчилик ўлди, вафот этди. Бизнинг ичимиз ачишади. Шу ерда туриб ҳам қўлимиздан ҳеч нарса келамятпи. Масалан ўта олмаймиз, бориб йўл-йўриқ кўрсата олмаймиз. Қирғизлар билан тил топишиш керак иложи борича. Лекин ерни ташлаб кетмаслик керак¸ дейди самарқандлик Бобомурод Мавлонов.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!