Муқаддас Ҳамидова: "Хайрулла амнистияга тушганига 100 фоиз ишонаман!"

Хайрулла Ҳамидов яқинда эълон қилинган амнистияга кўра, озод этилишига умид билдирилмоқда.

Диний айбловлар билан 6 йилга қамалган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг онаси ўғлининг авф этилшига юз фоиз ишонишини айтмоқда. Муқаддас Ҳамидовага кўра, Хайрулла Ўзбекистон президенти номига авф этишни сўраб ёзган мактубига “авф этилсин, аммо, якуний қарорни қамоқхона маъмурияти қабул қилсин”, мазмунидаги жавоб келган.

Муқаддас Ҳамидова, ўғли — ўзбекистонлик таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов икки ой муқаддам Ўзбекистон президенти номига авф мактубини ёзгани ва бу мактубга яқинда жавоб келганидан сўнг, у президент фармонида кўзда тутилган амнистияга илинувчи маҳбуслар тоифасига кирганини айтар экан, Навоийнинг Қизилтепа туманидаги қамоқхона маъмурияти уни озодликка чиқаришига ишончи комиллигини таъкидлади.

- Кечирим хати ëзган экан. Худо хоҳласа, авф этилсин, дебди мана. Фақат у ëқдаги муассаса ҳал қилади, дебди. Ҳеч нарсани бўйнига олмаган шу пайтгача. Ўшанда ҳам шунақа ëзилган эканки “Кейин авф этилсин. Фақат ўша зонада ҳал қилинсин”, дейилибди. Мана Худо хоҳласа, амнистия чиқди энди. Шунинг учун тушди, деб ўтирибмиз. 100 фоиз тушди деб ўтирибман мен, дйеди Муқаддас Ҳамидова.

Муқаддас Ҳамидова, айни пайтда, ўғоининг Қизилтепадаги қамоқхонада яхши шароитда сақланаётгани, унга нисбатан қамоқхона маъмурияти яхши муносабатда бўлаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Мен турма деса жуда ëмон, деб ўйлардим. Шунақа шароитлари зўр, яхши. Хайруллага ҳам ҳеч нима қилинмаган. Яхши уч кун қўйиб қўйди. Ëнида туалет, ëнида ҳаммом. Жуда ҳам яхши шароити. Ҳамма ëқ шароитига гап йўқ. Кўриб анча, энди ҳеч кимни борадиган қилмасин, яхши барибир ҳурмати ҳамма жойда бор боламнинг. Кўриб “шунисига ҳам шукур”, деб келдим, дейди Муқаддас Ҳамидова.

Хайрулла Ҳамидов ишини кузатиб бораётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Хайрулланинг президентдан кечирим сўраган мактубига жавоб келгани, албатта, аҳамиятли, дейди.

Боиси, ичкаридаги қийноқлар ёҳуд яқинларининг босими остида президентдан кечирим сўраб, мактуб ёзган кўпгина сиёсий маҳбуслар мактуби аксар ҳолларда қамоқхонадан чиқарилмайди.

Агар қамоқхонадан чиқарилса ҳам, бундай маҳбуслар мактуби аксар ҳолларда жавобсиз қолдирилади.

Аммо, унда-бунда бундай мактубларга жавоб келиб қолса ҳам, бирор маҳбуснинг амнистияга тушиши бўйича сўнгги қарорни, авф этиш тўрисидаги аризага қўшиб, қамоқхона маъмурияти тайёрлаб берадиган бир дунё ҳужжатларни синчиклаб, ойлар давомида кўздан кечирадиган махсус комиссия қабул қилади.

- Ҳозир ички рўйхатлар тайëрланаяпти бу масалада. Ўша пакет документов, дейди. Ҳар бир қамоқхонадан амнистияга тушганларнинг фамилияси, ҳужжатлари келади. Ана ўша комиссия ҳал қилади. Тавсиянома бўлса, ўша вазирлик, суд нималар қўл қўйса, рози бўлса, ана ўшанда амнистияга қўйиши мумкин, дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари, одатан, Хайрулла Ҳамидовдек сиёсий сабаблар билан қамалган маҳбуслар амнистияга туширилмайди, аммо, халқаро жамоатчилик диққат марказида тургани боис журналистнинг озод этилиши мумкинлигига умид бор, дейди.

- Умид ҳар доим бор энди. Буни вақт кўрсатади. Ҳозир бир нарса дейиш жуда ҳам оғир бу масалада, дейди Суръат Икромов.

Эслатамиз, 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди диний-маърифий дастурлари билан Ўзбекистон ва минтақада танилган журналист Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топди ва уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Аввалига футбол шарҳловчиси, кейинчалик Наврўз радиоси орқали эфирга узатилиб, сўнгра дискларда сотилган “Холислик сари” номидаги диний-маърифий дастурлари билан ўзбекистонликлар, айниқса, ëшлар орасида шуҳрат қозонган Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг зудликда озод этилиши талаб қилган.