Гольф-клубдаги рейд дипломатик можарога сабаб бўлиши мумкин

“Lakeside Golf Club” мажмуасининг жанубий-кореялик хўжайинлари мушугини биров шу пайтгача пишт демаган эди.

Душанба куни Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчиси Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга норозилик нотаси топширилди. Расмий Сеул ўтган шанба куни кореялик ширкатга қарашли Тошкентдаги гольф-клубга ҳуқуқ-тартибот идоралари рейд уюштириб, тинтув ўтказгани юзасидан кескин норозилик билдирди.

Тошкентдаги “Lakeside Golf Club” номли мажмуа Жанубий Кореянинг “Shindong Enercom” ширкати президенти жаноб Юн Кимга қарашли бўлиб, у ерда асосан дипломатлар, хорижий ширкат ходимлари ва ўзига тўқ тошкентликлар кунда-шунда бўлиб туради.

Кореяда чиқадиган Yonhapnews агентлигининг хабар қилишича, ўтган шанба куни гольф-клубда “Shindong Enercom” ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти 20 йиллигига бағишланган мусобақа ўтаётган пайтда, хавфсизлик, божхона, солиқ ва ички ишлар идоралари қўмиталаридан иборат гуруҳ бостириб кириб, спорт мажмуасида тинтув ўтказа бошлаган.

“Shindong Enercom” ширкатидаги манбага кўра, рейд пайтида ширкат президент жаноб Ким ҳам мусобақада қатнашаётган бўлган ва дарҳол Тошкентдаги Жанубий Корея элчихонасига қўнғироқ қилиб, консулни чақиртирган.

Консул етиб келгунча рейдни ўтказаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари бир неча кишини уриб, уларга тан жароҳати етказган.

Yonhapnews агентлиги хабарида жароҳат олганлар орасида жанубий-кореяликлар бўлмагани ёзилган.

Лекин Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон масалалари бўйича мутасаддиси Сара Ким Озодлик билан суҳбатда рейд пайтида бир неча корейс фуқароси енгил тан жароҳати олганини маълум қилди.

- Қаттиқ жароҳатмасу, лекин енгил тан жароҳати олганлар бор.

Озодлик: Улар орасида касалхонага ётқизилганлар бўлдими?

- Бу ҳақда сизга ҳеч нарса айта олмайман.

Ўзбекистонда чиқадиган uzmetronom.com интернет нашрининг ёзишича, 9 октябр кунги рейд натижасида гольф-клуб узоқ вақт давомида солиқдан бўйин товлаб келгани, даромадни яширгани ва бошқа қатор қонунбузарликларга йўл қўйгани фош қилинган.

Uzmetronom.com воқеа гувоҳларига таяниб, мажмуа бош директори ўринбосари Шин Жаеху рейдни ўтказаётган гуруҳга қаршилик кўрсатгани ва таҳдид қилганини ҳам ёзади.

Бу орада Корея элчихонаси консули Шин Кичёл воқеа жойига етиб келган ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан рейдни дарҳол тўхтатишни талаб қилган. Uzmetronom.com нашри корейс консулининг ҳаракатлари унинг солиқларни тўламай келган гольф-клубнинг қилмишларини яширишдан манфаатдор бўлганига ишора ўлароқ баҳолади.

Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонасидан бу иддаолар юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ консулнинг ёрдамчиси жаноб Кичёлнинг ўзи ишда бўлмагани боис бу борада изоҳ бера олмаслигини айтди.

Uzmetronom.com сайтига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги корейс томонига консул Шин Кичёлнинг мамлакат ички ишларига аралашгани хусусида расмий нота тайёрламоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан бу борада изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги мулозими Сара Кимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон томонидан гольф-клубда олдиндан огоҳлантирмасдан ўтказилган рейд хусусида бирор расмий изоҳ келганича йўқ.

- Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати томонидан расмий изоҳ олганимиз йўқ. Шунинг учун сизга корейс матуботида берилган хабарга қўшимча маълумотларни бера олмайман. Милиция ва солиқ хизмати ходимлари олдиндан огоҳлантирмасдан гольф-клубда тинтув ўтказганига оид факт бор. Рейд пайтида жанжал чиққан ва бир неча кишига тан жароҳати етказилган. Шуни айта олмаман холос. Ҳозирча воқеа сабабларини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзбекистон томонидан воқеа юзасида изоҳ беришларини сўрадик. Бу хусусда (Жанубий Корея) ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистон элчисини чақириб норозилик нотасини топширди, деди Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон масалалари бўйича мутасаддиси Сара Ким.

“Lakeside Golf Club” номли мажмуа эгаси, Жанубий Кореянинг “Shindong Enercom” ширкати Ўзбекистонда 20 йилдан бери фаолият юритиб келади ва минерал заҳираларни қидирш билан шуғулланади.