Британия бюджетини катта қисқартириш кутмоқда

Буюк Британия Молия вазири Жорж Осборн мамлакат бюджети иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилмаган даражадаги катта миқдорда қисқартирилишини маълум қилди.

2015 йилга қадар давлат бюджетини қарийб 131 миллиард АҚШ долларига қисқартириш, асосан, ижтимоий тўловлар ва иш ўринларини тугатиш эвазига амалга оширилиши айтилмоқда.

Парламентда сўзлаган Молия вазири: “Бугун Британия жарликдан чекиниш учун ортга қадам ташлаган кун. Биз ўн йиллар давомида йиғилиб қолган ҳисобларни тўлашдек улкан мажбурият қаршисида турибмиз. Бугун биз 4 йиллик режани амалга оширишга киришамиз. Бу режа мамлакатимизнинг ижтимоий таъминот соҳаси кейинги ривожи учун пойдевор бўлиши лозим”, деди.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу режа оқибатида 500 мингга яқин иш ўрни қисқариши мумкин.

Бундай кескин чора мамлакат бюджетидаги дефицит рекорд даражада ўсиб кетгани боис қабул қилинмоқда.