Жиззахда рўй берган автоҳалокатда бир ўқитувчи ҳалок бўлди, 7 нафар ўқувчи тан жароҳати олди. Пахта теримига чиққан мактаб ўқувчиларини олиб қайтаётган микроавтобус йўл четида турган машинага келиб урилди. Бу воқеа 20 октябр куни шом маҳали Жиззах туманининг Тоғчилиқ маҳалласида рўй берди.
Ўзбекистон президенти пахта режаси бажарилганлиги билан деҳқонларни табриклаганидан бир неча кун ўтиб Жиззах туманининг Тоқчилиқ маҳалласида рўй берган автоҳалокатда Карим Фозилов номидаги 12-ўрта мактабнинг ўқитувчиси, уч фарзанднинг онаси 34 ёшли Марҳабо Содиқова ҳалок бўлди.
- Кеча кечқурун соат 5:30ларда мактаб болалари бир маршрутка бўлиб пахтадан қайтиб келишаëтганда, маҳалланинг ичида йўлнинг четида турган машинага келиб урилган. Маршруткада 15дан зиëд бола бўлган. Шофëрнинг ëнида мактаб ўқитувчиси бўлган. Қарама қарши томондан ЗИЛ машина келиб қолган. Маршрутканинг шофëри машинани бошқаролмай қолган. Шу билан йўлнинг четида турган машинага пассажирлар ўтирган томони билан бориб урган,- дейди жиззахлик Мамиржон Азимов
Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, ўқувчилар ҳам турли хил тан жароҳатлари олган.
- Еттита ўқувчи тан жароҳатлари олган. Айримларининг тиши синган, юзлари тилинган, биттасининг пешонаси ëрилиб кетган. Еттитаси касалхонага тушган. Кечқурунга пешонаси йиртилган, бошқа бўлганларни тикиб, учтасини чиқаришган. Тўрттаси ҳали болницада ëтибди,- дейди Мамиржон Азимов.
Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исомиддин Умаров ҳам Озодлик билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлади. Унинг айтишича, айни пайтда ҳайдовчи милиция бўлимида бу ҳолат юзасидан сўроқ қилинмоқда.
Ўзбекистонда пахта терими режаси бажарилганига бир неча кун бўлишига қарамай, нега ҳануз мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб қилинмоқда, деган саволимизга Исомиддин Умаров бундай деб жавоб берди:
- Йўқ, бизлар қайтдикку. Олдинги куни бошланган эди ëтоқдагиларнинг ҳаммаси. Қайтишни бошлаган эди. Бугун тугатишди. Энди Жиззах туманида ўзларига чиқишаяптику. Пахтачиликку у ëқ. Бизларга жавоб берган эди ўзи. Пахтачилик туманидагилар чиқаëтгандирда.
Озодлик: Халқ таълими бўлимлари сизларга қарайдику. Ўзларига чиқаяпти деганингизга ҳайрон қолаяпман.
- Пахтачилик туманлари ўзига чиқадику. Ўшани айтаяпман,- дейди Исомиддин Умаров.
Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг “ўзларига чиқаяпти” деган гапидан, туманлардаги халқ таълими бўлимлари вилоят халқ таълими бошқармасига эмас, балки туман ҳокимиятларига қарам бўлиб қолганлиги аён бўлади.
Жиззахлик инсон ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимов ҳам, ўқитувчилар ва ўқувчилар юз фоиз маҳаллий ҳокимият органларнинг текин дастёрига айланиб қолганлигини таъкидлар экан, пахта мавсуми давомида шу текин дастёрларнинг хавфсизлиги ҳам кафолатмаганлигини айтади.
- Эрталаб мактаб болаларининг ҳаммаси йиғилгандан кейин бу ерда ДАН ходимлари ҳам бўлади, мактаб раҳбарияти ҳам бўлади. Булар кўчадан ўтган юк машиналарини тўхтатишадида, учта машина бўладими, тўртта машина бўладими юк машина билан пахтага жўнатиб юборадида, улар билан бошқа иши бўлмайди. Фермерларнинг имкониятлари бори олиб бориб олиб келиб турган. Имконияти бўлмаган фермерларда ишлаган мактаб ўқувчилари пиëда қайтиб келади,-дейди Мамиржон Азимов.