Тариқ Азиз ўлим жазосига ҳукм қилинди

Ироқ собиқ диктатори Саддам Ҳусайннинг "ўнг қўли" Тариқ Азиз ҳамда яна икки юқори лавозимли собиқ амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Тариқ Азиз Саддам Ҳусайн ҳукуматида бош вазир муовини – ташқи ишлар вазири бўлган эди.

Мухолифатдаги диний партиялар, шу жумладан, шиалар партиялари лидерлари ва фаолларини қувғин қилганликда айбдор топилган Азиз дорга осиб қатл қилинадиган бўлди.

Ҳукмни суд ҳайъати раиси Маҳмуд ал-Ҳассан ўқиб эшиттирди:

1969-йили қабул қилинган Ироқ Жиноят кодексининг 406- моддасига биноан Тариқ Азиз ўлим жазосига ҳукм қилинди.

2009 йили Азиз 1992 йилда 42 савдогарни қатл қилдиргани учун 15 йилга, Ироқ шимолидан курдларни мажбуран кўчиртиргани учун яна 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ироқ суди, шунингдек, собиқ ички ишлар вазири Саадун Шакар ва Саддам Ҳусайннинг собиқ котиби Обид Хамудларни ҳам қатлга ҳукм қилди.