Ногирон чолга 50 литр бензин топиб бериш депутатга қолди; Ўзбекистоннинг бугунги муаммолари сабаби ҳукуматда эмас¸ балки қонунларни тушунмайдиган халқнинг ўзида; Каттақўрғонда ҳокиму амалдорлар босқинида қолган оила дийдиëси - "Эркин микрофон"да!
Бу гаплар бу ердагиларга ëқмайди¸ аммо...
Қорақалпоғистонлик 1-гуруҳ ногирони Ўтепберген Бекетов ўзи истиқомат қилaдиган Хўжайли туманидаги бензин танқислиги муаммосидан сўзлади.
Турнақатор турган харидорлар ногирон бўлишига қарамасдан, 70 яшар Ўтепберген акага навбатсиз бензин олишга имкон бермаган ва охир-оқибатга унга туман депутати ёрдамга келган.
- Менинг фикрим халқнинг тинчлиги, фаровонлиги. Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман. Шу ерда бировларда сизларнинг адресларингиз бор экан айтишди.
Озодлик: Машинангиз борми?
- Собиқ СССР даврида давлат томонидан берилган мотоколяскам бор.
Озодлик: Шунга бензин йўқ¸ мина олмай ўтирибсиз.
- Бензин йўқ. Одамларнинг кўплигидан ҳеч қандай бензин олишга имконият бўлмади. Бугун депутатимиз аралашиб олиб берди.
Озодлик: Сизлар билан бирга заправкага бордими?
- Ҳа, келди. Эшитган экан у ҳам.
Озодлик: Қанчадан олиб берди?
- Ўз нархида. Менга 50 литр берди. Кеча айрим касофатларнинг касрига ололмай қайтиб келган эдим.
Озодлик: Бензин қачондан бери йўқ ўзи?
- Бензин ҳафтада уч марта келади. Душанба, чоршанба, жума куни келади.
Озодлик: Қачондан бери ҳафтада уч кун бўладиган бўлиб қолди бензин?
- Ëз бўйи шунақа бўлди десак муболаға бўлмас. Сиз Озодлик радиостанциядан. Бунақа айтганларимизни бу ердагилар ëқтирмайди. Шундай бўлса ҳам айтаяпмиз. Балки яхшилиги тегар, дейди 70 ёшли 1-гуруҳ ногирони Ўтепберген Бекетов.
Халқ тўғри тушунмайди...
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан телефон қилган Қурбон Толибий Ўзбекистонда мавжуд бугунги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг асл сабаби амалдаги ҳукуматда эмас, балки, одамларнинг ўзида, уларнинг мавжуд воқеликни тушунмаслигида, дер экан, ўз ҳаётидан бунга далил деб ҳисоблагани бир воқеани сўзлаб берди.
- 1996 йили устахонамизнинг олдига “Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қонунлари амалда ижро бўлмаяпти” деб катта шиор осган эдим. Шиор беш кун турди. Кейин шиорни олишди. Мени прокуратурага чақиришди. Прокурор мен билан суҳбатда “Сиз қонун доирасидан четга чиққанингиз йўқ. Мана сизга справка. Лекин сиз бир нарсани билингки, бизнинг одамлар тушунмайди. Сиз тўғри қилаяпсиз, лекин буни тушунмайди. Сизни ëмон кўриб қолади” деди. Мен “Бўлиши мумкин эмас. Давлатимиз энди бошланаяпти. Биз дарахт қийшиқ ўсмаслиги учун тўғирлашимиз керак. Балки маҳаллий ҳокимиятда хатолар бордир” деб айтдим. Ҳақиқатан прокурор ҳақ эди. Ўшандан кейин шу пайтгача мени одамлар ëмон кўриб қолди. 20 марта шиор осганман. Халқнинг ўзи тўғри тушунмаяптида. Қандай қилиб бизни давлат тушуниши мумкин¸ агар бизнинг ўзимиз тушунмасак. Биз биргаликда бир давлатни қуришимиз керак, дейди Гулистон шаҳридан телефон қилган Қурбон Толибий.
Каттақўрғонда бузғунчилик авжида...
Ўзини Дилмурод Давиров деб таништирган суҳбатдошимиз Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан телефон қилди.
“Озодлик билан боғланиш қийин, илтимос, тўрт муаммони ҳам эшитинг ва эшиттиринг”, деди суҳбат аввалидаёқ Дилмурод ака.
Дилмурод аканинг сўзларига кўра, бу муаммолардан иккитаси у истиқомат қиладиган Шўрқишлоқ аҳолисининг кўпчилигига дахлдордир.
- Тўртта масалада сизларга мурожаат қилмоқчи эдим. Сизлар орқали ўзимизнинг давлат бошлиқлари эшитади¸ деган нимада айтаяпманда. 1999 йилда колхоз ширкат хўжалигига айлантирилганда, 3 миллион сўмлик мулкка пайим бор эди. Бу тўғрида менга пай берилган, гувоҳнома берилган. Колхоз 2005 йилда тугатилганда, бизларга бериши керак эди шуни. Лекин бермадида, хўжалик раҳбарларининг ўзлари у ëқ қилди, бу ëқ қилди барисини ўзлари олиб олдида, бизларга ҳеч нарса бермади, дейди Дилмурод ака.
Дилмурод акани қийнаётган яна бир муаммо – у тендерда қозонган ер масаласи.
- Энди иккинчи масала. 2006 йилда колхозларда тендер бўлди. Боғларни тендер асосида сотди. Шунда 40 сотих ерни 250 минг сўмга сотиб олдим. Тендер ғолиби бўлдим. Комиссияларнинг қарори бор менда. Қарор бериб қўйибди. Мана тўрт йил бўлган бўлса, на ерни берди менга, на пулимни қайтариб берди.
Озодлик: Нима чоралар кўрдингиз?
- Мен айтдим. Барибир ҳеч ким қулоқ солмайди. Пешона терим билан топган ўзимнинг пулимни қайтариб бермади, дейди Дилмурод ака.
Дилмурод аканинг оиласини маҳтал қилган яна бир масала – ҳарбий хизматга бориб, ярим жон бўлиб келган ўғлига аталган пулдир.
- Менинг иккита ўғлим Ўзбекистон республикаси армиясида хизмат қилиб келди. Биттаси 2009 йил февралда кетган эди. 20 февралда жўнатиб юборган эдим. Оғир касал бўлдида, 6 ноябрда уйга жавоб бериб юборди. Тошкентдаги марказий ҳарбий госпиталда 56 кун даволандида оғир операция бўлди. Частдан телефон қилдида, мен ўзим билмас эдим, “Сизнинг ўғлингизга страхование пули берилади” деди. Менга суғурта пули Каттақўрғон туман Мудофаа ишлари бўлими томонидан берилишини айтди. Докторлар хулосасида “Да. Заболевание получено во время служби вооружëнних сил” деб ëзиб қўйибди. Военкоматга уч-тўрт марта бордим. Берамиз, деди. Мана бир йил ўтиб кетди ҳам бермади.
Озодлик: Қанча пул эди у?
- Бир ярим миллионлар атрофида айтишган эди военкоматдагилар, дейди Дилмурод ака.
Самарқанднинг Каттақўрғон туманидан телефон қилган Дилмурод ака оиласининг ягона илинжи — рафиқаси номига берилган ерни олишга муваффақ бўлгани, аммо, қаровсиз ер ўрнида катта меҳнатлар эвазига боғ бунёд бўлган бир кезда, энди уни ҳам буздириш қарори чиққанидан нолиди.
- 1995 йилда менинг хотинимга туман ҳокимининг қарорига мувофиқ бир гектар ер хусусий қилиб берилган эди. Кечадан олдинги куни маҳаллақўм раиси Умиров Бахтиëр, МТП бошлиғи Тешаев Муҳиддин район ер кадастридан Раҳмонов Имом деган одамлар келдида “Бузасан токни” дейишди. “Нима учун?” деб сўраган эдим, “Каттанинг буйруғи эмиш” деди. Бу туман ҳокимининг қарори эмиш. Бу боғ қаровсиз боғ эди. Азоб еб буни парваришлаб, ҳамма токни янгилаб энди ҳосилга кирган палла эдида. Пулларни тўлаб келаëтган эдик. Ўзбекистон конституциясида ҳам “Хусусий мулк дахлсиздир. У давлат ҳимоясидадир” деб ëзилганку. Ҳозир туманимизда боғ, токзорларни бузиш жуда авж олиб кетди. Хўжаликларда бутун ҳаммасини бузишаяпти, дейди Самарқанднинг Каттақўрғон туманидан телефон қилган Дилмурод ака.
************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!