АҚШ Давлат котибининг Тошкентга қилган бир неча соатлик сафари доирасида Клинтон хоним билан учрашган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Вашингтон дипломатлари раҳбарига "сиёсий маҳбуслар", деб аталадиганлар рўйхатини тақдим этиб, уларни озодликка чиқаришга ёрдам беришни сўрадилар.
Озодлик Клинтон хоним билан учрашувда иштирок этганларни суҳбатга тортар экан, улар тузган сиёсий маҳбуслар рўйхати бир-биридан фарқли эканлигига гувоҳ бўлди.
Масалан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов тузган рўйхат мана бундай:
1. Руҳиддин Фахруддинов, имом
2. Рустам Усмонов, тадбиркор
3. Муҳаммад Бекжонов, журналист
4. Мамадали Маҳмудов, ёзувчи
5. Солижон Абдураҳмонов, журналист
6. Қобилжон Тўлашев, ҳуқуқшунос
7. Мўътабар Ғофурова, ҳуқуқшунос
8. Хайрулло Ҳамидов, журналист
9. Меҳринисо Ҳамдамова, отин ойи
10. Аваз Тўхтахўжаев, иқтисодчи
11. Ғанихон Маматхонов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
12. Ғайбулло Жалилов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
13. Аъзам Турғунов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
14. Эркин Мусаев, ҳарбий
Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев тузган ва АҚШ давлат котибига тақдим этилган сиёсий маҳбуслар рўйхатида эса, ҳаммаси бўлиб¸ 4 кишининггина исми бор:
1. Норбой Холжигитов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
2. Алишер Кароматов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
3. Дилмурод Саидов, журналист
4. Жамшид Каримов, журналист
Маълум бўлишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг ҳам ўз рўйхати мавжуд. Фақат бу ташкилот тузган сиёсий маҳбуслар рўйхати юқоридаги икки рўйхатдан узунроқ.
Сиёсий маҳбуслар рўйхатлари орасидаги тафовут катта эканлиги, бир ташкилот рўйхатига киритилганларнинг кўпчилиги бошқа рўйхатга кирмай қолганлигидан пайдо бўлган саволларни Озодлик мухбири Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташановга берди.
Озодлик: Сиёсий маҳбуслар рўйхатлари қандай принциплардан келиб чиқиб тузилди? Нима учун битта рўйхатга киритилган фамилия бошқасида йўқ?
- Фуқаролик жамиятининг вакиллари – турли ташкилотлар учрашувга ўзлари тузган рўйхатлар билан келди. Умумий бир келишувга эришилиб, мукаммал рўйхат тузилгани йўқ. Учрашувга ҳамма алоҳида чақирилди ва шунинг учун рўйхатлар ҳар-хил бўлиб қолди.
Озодлик: "Эзгулик"нинг ҳам рўйхати бормиди? Агар бўлса, унга кимлар киритилган?
- Бизнинг рўйхатимизга, асосан, мухолифатдаги партиялар аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар киритилган. Улар кўп йиллардан бери тилга олиб келинадиган сиёсий маҳбуслардир. Рўйхатимизга киритилганлар сони 30га яқин. Улар фақат фуқаролик жамияти вакилларидир. Яъни рўйхатда диний мотивлар билан қамалганлар йўқ.
Озодлик: Суръат Икромовнинг рўйхатини кўргандирсиз? Шу рўйхатга кирмай қолганлардан кимлар бор сизлар тузган рўйхатда?
- Масалан, Мустақилликнинг дастлабки йилларида қамалган ва ҳануз қамоқда қолаётган Мурод Жўраев бор. Ҳозир иккала рўйхат қўлимда бўлмагани учун батафсил айта олмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, бизнинг рўйхатда "Эрк" ва "Бирлик" партияларининг кейинги йилларда қамалган аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари исм-фамилиялари бор.
Озодлик: Битта олдинги саволимга жавоб бераётиб, рўйхатимизда "диний мотивлар билан қамалганлар йўқ", дедингиз...
- Биз ўз рўйхатимизга фуқаролик жамияти вакилларини, хизмат фаолияти учун қамалганларни киритдик. Лекин бошқа рўйхатларимизда, масалан, диний эркинликлар бўйича ҳисоботларимизда, албатта, диндорларнинг қамоқда қолаётгани айтилади.
Озодлик: Энди яна бир рўйхат ҳақида сўрамоқчиман. Боядан бери гаплашаётганимиз рўйхат эмас бу. Давлат котиби билан учрашувга борадиган ҳуқуқ ҳимоячилари рўйхатини ким тузди?
- Бу рўйхатни, албатта, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маъмурияти тузган. Қайси критерийлар бўйича тузилганидан бехабарман. Шуни айтишим мумкинки, мен ҳам охирги дақиқаларда чақирилдим ва шунинг учун учрашувга бироз кечикиб бордим. Учрашувда Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг турли секторлари, яъни кўпроқ ҳукумат билан ишлайдиган ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ҳам, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам бор эди.
Озодлик: Қандай кайфият билан чиқдингиз учрашувдан?
- Учрашув жуда мураккаб таассурот қолдирди. Мен АҚШ Давлат котиби конкрет масалалар юзасидан конкрет саволлар берармикан, жонланиш сезилармикан, деб умид қилган эдим. Аввалари Клинтон хонимга ўхшаш меҳмонлар келганида баъзи сиёсий маҳбуслар озодликка чиқариларди. Бу гал ҳам шундай бўлар, деб умид қилгандим. Лекин Давлат департаменти делегациясининг бу ташрифи маълум даражада умумий руҳда ўтди. Жуда оғриқли масалалар бўйича кескин чиқишлар қилиш ҳам мумкин эди. Лекин бундай бўлмади.
Озодлик: АҚШ Давлат котибига сиёсий маҳбусларнинг бир неча рўйхатини топширибсизлар. Шу ишинглардан бир самара чиқади, деган ишончми, умидми пайдо бўлдими кўнгилларингизда учрашувдан кейин?
- Ўзбекистон ҳукумати авторитар бошқарувга асосланган ҳукумат. Шунинг учун АҚШдай дунёнинг етакчи давлати билан муносабатларга муносиб бўлайлик, деган тақдирда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари ўйлаб кўриб, кимнидир озод қилиши мумкин. Албатта, мумкин. Чунки бундай ҳодисаларни, масалан, Европа иттифоқи музозимлари келган пайтда бир қатор ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод қилинганини ҳам кўрганмиз. Лекин, ишонч йўқ. Умид бор, холос.