Қани, бир қарсаклар бўлсин!

Президент И. Каримовнинг 2011-йилни Ўзбекистонда "Кичик бизнес ва тадбиркорлик" йили, деб эълон қилиш таклифи олқишлар билан кутиб олинди.

Урааа! 2011-йил Ўзбекистонда "Кичик бизнес ва тадбиркорлик" йили, деб эълон қилинди. Бу хабар кетидан савол пайдо бўлди: кичик бизнес тадбиркорлик эмасми?! Ҳамкасблардан сўрадим. Осонгина елка қисиб қўя қолишди.

Қулоқларида қулоқчин, бармоқлари билан клавиатурага зарба кетидан зарба бериб ўтиришибди, ҳаммаси мақоласи билан банд.

Луғат титдим. "Иккаласиям бир нарса", деган мантиқ чиқариб берди "Изоҳли луғат".

Унда нима учун бундай аташди?

Луғатнинг тили йўқ: жавоб бермади.

Мантиқни бошқа йиллар номларидан изладим.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари Алишер Навоий йили (1991), Мирзо Улуғбек йили (1994), Амир Темур йили (1996) деб эълон қилинган эдики, бу йиллар номидан мантиқ излашга ҳожат ҳам йўқ: улуғларимиз юбилейлари эди, шунинг учун йилларнинг "қулоғига" уларнинг исмларини айтиб "азон чақириш" табиий кўринганди.

Фақат улуғларимиз ўша Уч Улуғ билан тугаб қолдими, юбилейи тўғри келиб қолган бошқа Улуғимиз йўқми, деган саволлар пайдо бўлдики, уларга жавоб учун алоҳида китоб титарман.

Амир Темур йилидан кейинги йил "Инсон ҳуқуқлари йили", деб эълон қилинди. Тўғри, баъзи манбалар 1997-йилни "Инсон ҳуқуқлари манфаати йили", деб аталган деб хабар қилаяпти, лекин биз бу номдаги мантиқсизликка эътибор бермадик.

Муҳими, ўша йили инсон ҳуқуқлари масаласи ҳал бўлди. Узззил-кесил!

1998-йилдан бошлаб кейинги йил номи аввалгисининг номини мантиқан тўлдириб борди.

1998 – Оила йили;

1999 – Хотин-қизлар йили (Оилада бўладими хотин-қиз?)

2000 – Соғлом авлод йили (Авлод оиладаги хотиннинг боласими?)

2001 – Оналар ва болалар йили (Оналар ва болалар оилада бўладими?)

2002 – Маҳалла йили (Маҳаллада бўладими оила, хотин-қиз, авлод, оналар ва болалар?)

2003 – Кексаларни қадрлаш йили (Кексалар ҳам оилада, келинлари (хотин-қизлар) наваралари (авлод) билан маҳаллада бўладими?)

Демак, 6 йил давомида ўзбекка унинг ўзи ҳам биладиган қадриятлар уқтирилди.

Тўғри, баъзи оғзига кучи етмаганлар "одамларни ўз оиласи қобиғидан, нари борса маҳалласидан бурнини ташқарига чиқармасин, сиёсатга аралашмасин деяпти", деб ҳукуматни танқид қилди.

Лекин ўша оғзига кучи етмаганлар бекорларнинг бештасини айтибди. Ўзбек бусиз ҳам ҳеч қачон сиёсатга аралашмаган, аралашмайдиям!

"Чумчуқ сўйсаям қассоб сўйсин", дейди ўзбек.

"Хайрия ва меҳр-мурувват" тушунчалари ҳам бир-икки йил давомида мамлакат аҳолиси онгига сингдирилди. (2004- ва 2006-йиллар)

Фақат 2006-йили нима учун хомийларни тиббиёт ходимларига қўшиб қўйишганини тушунмаган эдим. Ҳануз тушунмайман.

Балки, бу жойда мантиқни 2005-йилдан излаш тўғри бўлар? Чунки ўша йил Саломатлик йили бўлган эди.

Балки ўша йили халқни соғломлаштириш якунига етмаган, шунинг учун тиббиёт ходимлари кейинги йилни хомийлар билан баҳам кўргандир?

Йиллар номига қаралса, ҳукумат ёшларга катта эътибор бераётганини сезиш қийин эмас: 2000 – Соғлом авлод, 2001- Оналар ва болалар, 2008 – Ёшлар, 2010 – Баркамол авлод йили бўлди.

Фақат ўзбекистонлик ёшлар бундан бехабарми, 2000даям, 2001, 2008, 2010даям Россияларда улоқиб юрди иш излаб.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя масаласиям ҳал бўлган. 2007- йилдаёқ.

Қишлоқни эса, 2009-йили ободонлаштириб бўлишди.

Мана энди, навбат Кичик бизнес ва тадбиркорликка келди.

Йиллар номлари оналарни ҳануз мардикор бозордан, ёшларни Россиядан қайтаролмагани, ногиронларни баъзи имтиёзлардан маҳрум бўлишдан сақлаб қололмаганини ва ҳоказо, ва ҳоказоларни назарда тутсак, 2011-йили Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорлик гуркираб ривожланиб кетармикан, деган иштибоҳ пайдо бўлади. Лекин гуркираб ривожланаётгани тўғрисида кўп ва хўб гап бўлиши аниқ.

Гапим тугадию лекин барибир тушунмадим: Кичик бизнес тадбиркорлик эмасми?!

Мантиқ топмадим.

Умуман йилларни номлашдан ҳам.

(Йил номларини эслашда бирон жойда адашган бўлсам, таҳрирингизни жон деб қабул қиламан)