Чегара билмас мухбирлар ўзбек журналистлари тақдиридан хавотирда

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўзбекистонлик икки журналист Саодат Омонова ҳамда Малоҳат Эшонқуловаларнинг тақдири юзасидан хавотир билдирди.

Ўзбекистоннинг "Ёшлар" давлат каналида ишлаб келган бу икки журналист телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказишган ва кейинчалик 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

"Чегара билмас мухбирлар" журналистларнинг бундан кейинги тақдири ташкилот диққат марказида бўлишини билдирди.

"Ўзбек журналистлари кўп ҳолларда адолатсиз маҳкамалар қурбони бўлади, ҳукумат мавжуд ҳолатга қарши чиққанларнинг овозини ўчириш учун қонунга зид чораларни қўллаб келади", - дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баёнотида.