Янги йилни иссиқ ва ёруғ уйда кутиб олсак...

Аксар ўзбекистонликларни байрамни иссиқ уйда кутиб олиш ғами ташвишга солмоқда.

Янги йил арафасида "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимизнинг аксари газ ва электрнинг йўқлигидан, байрамни совуқ ва қорунғу уйда кутиб олишга тўғри келишидан гапирса-да, зора ҳукуматимиз "Қорбобо"лик қилиб, ҳеч бўлмаса байрам куни газ ва светни ўчиришмаса, деган умидлари борлигини ҳам айтишди.

Бор борича, йўқ ҳолича

Жиззах вилояти Бахмал туманидан телефон қилган Одилжон Хонимқулов Озодлик тингловчиларини кириб келган янги билан табриклар экан, шу баҳона янги йил тадориклари ҳақидаги баъзи саволларимизга жавоб берди ва яхши-ёмон кундан нолимай, некбин бўлиш тарафдори эканини айтди.

- 2010 йил кимлар учундир яхши ўтди, кимлар учундир ëмон ўтди. Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларимизга сабр-тоқат тилаймиз. Келгуси йил буларга ҳам омад келтирсин. Сизларнинг ишларингизга ҳам кучайиш берсин. Барчангизга омад, муваффақият. Янги йилда ҳам хурсандчилик, ëруғ юз билан гаплашиб турайлик.

Озодлик: Одилжон, мана янги йил билан табриклаб мурожаат қилган экансиз, янги йил олдидан кайфият қандай, тайëргарлик қандай? Бозор-ўчар жойида бўлдими?

- Бозор-ўчар энди ҳар кимнинг киссасига қараб дегандай. Мен оддий ўқитувчи бўлиб ишлайман. Мусиқадан дарс бераман. Ўзим кўз бўйича биринчи гуруҳ ногирониман. Кеча ноябр ойининг ойлигини пластик карточкага тушириб олдик. Қора қозон қайнаб турибди. Эртага жума. Бахмалда эртага бозор қилишади. Энди эртага аниқ бўладида.

Озодлик: Ўзи янги йилда одатда ошадими ошмайдими?

- Ошади, нарх-наво албатта ошади. Байрамга кўпчилик бозор-ўчар қилади, байрам қиламан дейди. Биров ҳали уни қилолмадим, ҳали буни қилолмадим деб нолиб яшайди. Атроф-муҳитга ҳам боғлиқку бу. Ўзимизга ҳам боғлиқ бўлса керак дейман. Худога шукур ака-укалар бор. Худо хоҳласа секин-секин изига тушиб кетар. Мен сизларни 1996 йилдан бери тинглаб келаман. Эркин микрофон очганларингиз яхши бўлди. Биз хат ëзиш имкониятидан маҳрум бўлсак ҳам телефон қилиб фикримизни билдириш имкониятига эгамизда, дейди бахмаллик Одилжон.


Йил адо бўлди, муаммолар эса асло…

“Эркин микрофон”га Наманган вилояти Норин туманидан телефон қилган пенсионер Жуманазар Йўлдошев якунига етаётган 2010 йилда ҳам ўзи истиқомат қиладиган тумандаги мактабнинг авария ҳолатида қолганидан куюниб гапирди.

- Бизнинг мактабимиз ëмон ҳолатда эдида. Шуни гапирайми девдимда. 1961 йилда қурилган. Свет бўлмайди, газ йўқ. Жуда ҳолимиз хароб. Коррупция, коррупия дейди, коррупцияни ҳокимларнинг ўзлари бошлаб беради. Вилоят ҳокими, туман ҳокими, шуларни йўқотиш учун Каримовдан қарор чиқса, парламентдан яхши бўлардида. Уларни бир-икки ой мониторинг, ревизия қилиб кейин бўшатса, яхши бўларди.

Озодлик: Байрамга тайëргарлик қандай бўлаяпти? Байрам қиласизларми?

- Байрамимиз жуда чиройли ўтаяпти. Свет йўқ. Свет йўқ, газ йўқ, совуқ уйда печкани қуриб ëқиб ўтирибмиз неваралар билан.

Озодлик: Бозор-ўчар қилдингизми?

- Ҳа, бозорга бордик. Бозорда ҳамма ëқ тўкинчилик яхши, дейди Норин туманидан телефон қилган пенсионер Жуманазар Йўлдошев.


Ўш воқеалари бошқа такрорланмасин!

Кўп йиллардан буён Москва шаҳрида истиқомат қиладиган, асли Жалолободлик Акмалжон Озодлик орқали ўз ҳамюртлари ва миллатдошларини янги йил билан қутлашни истади.

- Мен 21 йилдан бери Озодликнинг мухлисиман. Кириб келаëтган бу милодий йил бўлса ҳам, ҳижрий йил бўлмаса ҳам барибир йил алмашиши. Аввало Озодлик радиоси редакциясини, бутун эл-юртимизни, Ўзбекистондаги ўзбекларимизни, Қирғизистонда жабр кўрган ўзбекларимизни, дунëдаги ҳамма эл-юртни кириб келаëтган янги йил билан табриклайман. Ҳамманинг уйида тинчлик, хотиржамлик, осойишталик бўлсин. Ўшда бўлган воқеа дунëнинг ҳеч қаерида қайтарилмасин. Ишларингларга ривож. Бизбоп радиоэшиттиришларни кутиб қолувчи мухлисингиз, дейди асли Жалолободлик Акмалжон.


Янги йилни ўзбеклар зимистонда кутмасин!

Қорақалпоғистоннинг Қораўзек туманидан телефон қилган Жўлдос Жўлдосев ҳар йилгидек, бу йилги янги йилни ҳам зимистонда кутадиган кўринади, деган хавотирни тилга олди.

- Кечқурун олти соат беради. 12дан кейин свет бўлмайди. 31 декабр куни ëнади, бошқа кун ëнмайди. Туман марказида умуман ўчмайди. Колхоз-совхозда вообше свет йўқ. Компютер деган нарсани болалар умуман билмайди. Қарз дейди. Олти соат свет ëқиб қарз бўлмайдику. Қоровулхонада ëтиб, светни ўчириб ëққанига ақча олади улар. Бошқа ҳеч нарса қилмайди, дейди Қорақалпоғистоннинг Қораўзек туманидан телефон қилган Жўлдос Жўлдосев.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!