Тожикистонда кашандаликни чекловчи қонун кучга кирди

Эндиликда тожикистонлик кашандалар фақат белгиланган жойлардагина сигарет чекиши мумкин.

Янги йил бошидан Тожикистонда кучга кирган “Тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, эндиликда жамоат жойларида, давлат идораларида нос ёки сигарет чеккан киши 23 АҚШ долларидан тақрибан 8000 долларгача жаримага тортилади.
Кашандаликка қарши янги қонун кучга кирган Тожикистонда давлат идораларининг аксарияти кашанда ходимларига қулай шароитлар яратиб бергани айтилмоқда. Масалан, Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров янги йил бошидан чекувчи ходимлари учун вазирлик ҳовлисидан махсус жой ажратилганини маълум қилди.

- Ҳозир кабинетларда чекиш умуман мумкин эмас. Сигарет чекишни истаганлар ҳовлидаги махсус жойларда чекишлари мумкин, - деди ортда қолган ҳафтада журналистларга матбуот анжумани берган вазир Қаҳҳоров.

Шу ўринда айтиб ўтсак, дунёнинг бир қатор илғор давлатлари кашандаликка қарши қонун қабул қилганларидан сўнг Тожикистон ҳукумати ҳам 2010 йил охирларида мақсади одамлар саломатлигини ҳимоялаш бўлган “Тамаки маҳсулотларини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига юборди.

Янги йил бошидан кучга кирган қонунни кўпчилик тожикистонликлар қувватлашларини айтадилар.

- Яхши қонун. Ўша чекадиган одам ўзини қандай заҳарласа, атрофдагилар ҳам ана шундай заҳарланади. Зарари бор, албатта. Шунинг учун маданиятли чекишсин. Масалан, мен бир неча йил аввал хўжайинимга ўтирадиган уйимизда, болаларнинг олдида чекишни таъқиқлаган эдим, - дейди душанбелик суҳбатдошимиз Саодат Умарова.

Аснода давлат корхонасида ишламайдиган тожикистонлик оддий кашандалар қонун қабул қилингани билан ўзлари учун ҳеч қандай шароит яратилмаганидан шикоят қилишмоқда.

- Қонун қабул қилингани билан чекувчиларга шароит яратиб беришмаган. Масалан, аэропорт, вокзалларда ҳали ҳеч қандай шароит йўқ. Албатта ташқарига чиқиб, чекиб келиш керак. Бу эса, менимча, ҳуқуқларимизни поймол қилади. Мен қонундаги бир ёқламалик билан рози бўлолмайман. Мана, хорижий давлатларни қаранг, ўшандай ишлаш керак қонун, - дейди исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирган душанбелик йигит.

Аснода Тожикистон пойтахтидаги айрим кўнгилочар масканлар ва умумий овқатланиш жойлар мижозларини йўқотмаслик мақсадида кашандалар учун махсус хоналар ташкил қилаётганлари маълум бўлди.

- Чекувчи мижозларимиз учун махсус хоналар ташкил қилаяпмиз. Улар бемалол овқатланиб, истаганича чекиб, дам олишлари мумкин. Мижозларимизнинг ҳаммасига бир хилда хизмат қилиш бизнинг бурчимиз, - дейди Душанбе марказидаги ошхоналардан бирининг раҳбари Жамол Шарипов.

Маълумотларга кўра, ҳар йили ер юзида қарийб 5 миллион киши тамаки заҳридан вафот этади.

Тожикистонликлар орасида сигаретдан кўра носвой чекадиганлар кўпроқ. Улар носвойни “бошқалар соғлиғига зарар етказмайдиган” бўлгани учун чекишини айтадилар. Шунга қарамай, қонун ҳамма учун баробар экани, таъқиқланган жойда нос чекадиган кишилар ҳам сигарет чекадиган билан бир қаторда жазоланиши таъкидланмоқда.

2011 йил бошидан тожик жамиятида кучга кирган янги қонунга бўйнсунмаган кашандалар 105 сомонийдан 35 минг сомонийгача ёки тахминан 23 АҚШ долларидан тахминан 8000 долларгача жаримага тортилиши муқаррар қилиб белгиланган.

БМТ озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, дунёда 1,3 миллиард кашанда бўлиб, шундан 320 миллиони Хитойда яшамоқда. Тожикистонда эса кашандалар сони қанчага етгани борасида ҳали бирор марта тадқиқот ўтказилмаган.