Петербургда ўзбек тилида газета чиқа бошлади

Газетанинг илк сонларидан бири.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбек тилида “Петербург Уз” номли газета чоп этила бошлади. 5000 нусхада чоп этилаётган мазкур газета Россиядаги ўзбек муҳожирлари учун она тилида чиқаётган ягона нашрдир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда газета таъсисчиси Равшан Қурбонов.
Асли хоразмлик Равшан ака 1982 йилдан буён Санкт-Петербургда яшайди. Ёши элликка бориб қолган суҳбатдошимиз ўтган йилнинг июл ойидан буён ўзбекча газета чиқариш иштиёқида яшаганини айтади.

Газета бош муҳаррири Равшан Қурбонов.
- Бизларда, биласиз, Россия кўп миллатли мамлакат. Конфликтлар бўлиши мумкин, бўлади ҳам шу ерда. Ҳамда Ўзбекистондан ва Қирғизистондан мигрантлар келаяпти. Бирор нима бўлса ҳам хамма гапи мигрантга. Қонун бузилиш ҳолати бўлса ҳам мигрантларга гапираяпти. Шунинг учун шу газета бизнинг одамлар оғирини озгина енгиллатса, деган маънода шу газетани чиқармоқчи бўлдик, - дейди “Петербург Уз” газетасининг бош муҳаррири Равшан Қурбонов.

Равшан ака ўзи журналист бўлмагани боис газетага маҳаллий русийзабон журналистларни ишга олган. Мақолаларнинг ўзбек тилига таржима қилиш билан эса махсус таржимон шуғулланади.

“Петербург Уз” газетасининг илк сони ўтган йили июл ойида чоп этилган. Унда, бош муҳаррирга кўра, Ўш воқеалари ҳам ёритилган. Газета ходимлари ўз мухлислари ёрдамида Ўшга инсонпарварлик ёрдами ҳам жўнатишган экан.

Айни пайтда икки тилда - ўзбек ва рус тилларида мақолалар бериб борилаётган “Петербург Уз” газетасининг молиялаштирилувчиси, Равшан Қурбоновнинг айтишича, ўзбеклар эмас.

- Бу газетани молиялаштирилиши Ўзбекистондан, диаспорадан эмас. Лекин поддержкаси бор. Биринчи сони ахборот берувчи эди, иккинчи сони ҳам. Биринчи сони чиққанидан кейин бу газета барибир сиёсатга боғлиқ. Бу газета икки мамлакатни бир-бирига яқинлаштириш керак. Бу ердан доим Ўзбекистонга боришади. Ўзбекистоннинг одатлари, анъаналарини тушунтиришимиз керак. Алоҳида мамлакат бўлганига 20 йил бўлди. Мана бу ахборот вакууми келиб чиқаяпти, бир-биримиздан информация йўқ. Ёш авлод бу ерда вояга етди. Улар билмайди ҳам Ўзбекистонни. Бирга яшаганимизни ҳам билмайди. Шу учун ҳам газета чиқаяпти. Ҳам мигрантларга ёрдам. Газетанинг биринчи сони чиққанидан кейин одамларга кўрсатишим керак, алоқа ўрнатишим керак эди. Бу газета керак ёки керак эмаслиги, қизиқиш бор-йўқлигини билиш учун. Қизиқиш бўлганидан кейин иккинчи сони чиқди. Ҳозир расман регистрация қиламиз, - дейди Равшан ака.

Айни пайтда Санкт-Петербургда ўзбек тилида чиқа бошлаган газетанинг расмий сони 999 нусха.

- Агар минг тиражини ёзсак, демак, солиқ тўлашимиз керак. Рўйхатдан ўтган газета бўлиши керак. Барибир 5 минг нусхада чиқараяпмиз. Рўйхатдан ўтганидан кейин 20-25 минг нусхада чиқиши керак, дейди Равшан Қурбонов.

Унга кўра, газета фақат Петербургда қолмасдан, Самара, Москва шаҳарларига тарқаб кетмоқда.

- Ҳозирча Санкт-Петербургдаги ҳамма районларда, УФМСни точкаларида, ресторан, кафе, ётоқхоналарда тарқатаяпмиз. Кейинчалик шартномамиз бўлса, аэропорт, темир йўл вокзалларида ҳам тарқатамиз. Ҳамма томонидан қўллаб-қувватлаш бор. Ҳукумат томонидан ҳам қизиқиш бор. Шунинг учун, менимча, муаммо бўлмаслиги керак, - дейди Равшан Қурбонов.

“Петербург Уз” бош муҳаррири ўз газетаси муҳожирлар билан Ўзбекистон ўртасида кўприк бўлишига ҳам умид қилаётганини айтади:

- Петербургда Жалил ака Содиқов бор. Ҳарбий одам, 50 йилдан кўпроқ бу ерда яшаяпти. Ҳамма ҳаётини айтиб бераяпти. Жуда ўқишга арзигулик мақола чиққан. Бу ерда Тошкент тўғрисида, рассомлар, Ўзбекистон ва Санкт-Петербург кутубхоналари ҳақида мақолалар бор. Бу ерга келган артистларнинг интервьюлари бор. Элчининг ҳам интервьюси бор, - дейди Равшан Қурбонов.

Россиянинг шимолий пойтахтида чиқаётган ”Петербург Уз” ҳозирда ўзбек тилида чоп қилинаётган ягона газетадир. Бундан 6 йил олдин Москвада “Ўзбегим” газетаси ўзбек муҳожирларига бепул тарқатилар эди, бироқ бир йил ўтар-ўтмай, газета чоп этилиши тўхтатилган эди.