Гулчеҳра Нуруллаева: "Ҳуқуқсиз ҳар бир миллат эркка ҳақлидир!"

Муборак мурожаатини тинглаëтган норозилар¸ унинг аксига пойафзалларини отмоқда.

1992 йилда Ўзбекистон давлат делегацияси сафида Мисрга борган шоира Гулчеҳра Нуруллаева Озодлик билан суҳбатда Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилган юз минглаб намойишчилар талаблари билан якдил эканини билдиради.


Шоир Чўлпоннинг "Халқ истаса, салтанатни йўқ қилгай" деган сатрлари Мисрда ижобат бўлмоқда, дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Суҳбатдошга кўра араблар ўз тарихининг янги саҳифасини Таҳрир майдонида ëзишмоқда.

Озодлик: Гулчеҳра опа, сиз Мисрга боргансиз-а?

- Ҳа, борганман 1992 йилда.

Озодлик: Ўзбекистон делегацияси таркибида боргансиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Муборак билан учрашганмисиз?

- Муборак билан бевосита учрашмаганману, лекин охирида банкет бўладику, ўша банкетда ҳаммамиз билан кўришган. Кутиб олишда ҳаммамиз билан қўл бериб кўришган. Лекин бевосита суҳбат бўлмаган.

Озодлик: Хабарингиз бўлдими¸ бўлмадими¸ кеча телевизорга чиқиб “Бошқа президент бўлмайман” деб айтди.

- Хабарим бор. Агар шунақа бўлса, яхши бўларди.

Озодлик: Мана 2 миллиондан ошиқ одам Қоҳирада чиқди, Искандарияда чиқди, яна бошқа шаҳарларда чиқди. Муборакни кетсин¸ деяпти. Сизнинг муносабатингиз қандай?

- Мен буни фақат табриклайман. Бу Миср халқининг жасорати¸ деб биламан. Чўлпон айтган “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деган гапнинг амалий исботи деб биламан. Нафақат Миср¸ умуман эзилган ҳар бир миллатнинг рўшнолик кўришга ҳаққи бор. Ҳуқуқсиз ҳар бир миллатнинг эркка ҳақи бор. Шу маънода мен Миср халқига улкан ютуқ тилайман. Муборакнинг ўз постини тарк этишини истайман.