Ўшда 19 ўзбек устидан аппеляция жараëни бошланди

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра¸ Ўш қирғини юзасидан жазоланганларнинг аксари ўзбеклардир.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида Ўш қирғини кунлари “Санпа” пахта тозалаш заводи яқинида 16 кишини ўлдирганликда айбланган 19 нафар ўзбек судланувчиси устидан апелляция тартибидаги суд жараёни бошланди.

Мазкур суд ишига Қирғизистон бош прокурори Қубатбек Байболов, собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақов ва Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов гувоҳ сифатида чақирилган эди. Бироқ мазкур шахслар судга келмаганлар.

Айни пайтда жабрланувчилар ҳам, айбланувчилар ҳам номи зикр этилган шахсларнинг судда гувоҳ сифатида қатнашишини талаб қилмоқдалар.

“Санпа” воқеаси юзасидан судланаëтган ўзбеклар Ўш қирғини кунлари қирғиз миллатига мансуб 16 одамни ўлдирганликда айбланмоқда. Судланувчиларнинг 17 нафари Сузоқ туман суди томонидан бир умрлик қамоқ жазосига, 2 нафари эса 25 йилга ҳукм қилинган эди.

Судланувчилар ўзларининг айбсиз экани ва қийноқлар остида қилмаган жиноятига иқрор бўлганликларини айтиб, Жалолобод вилоят апелляция судига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.