Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Японияга сафари кунларида Озодлик кунчиқар юртида ўқиб¸ Токиодаги йирик халқаро ширкатда нуфузли лавозимда ишлаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ Ҳамроқулов билан суҳбатлашди.
Токиодаги Daido автомобилсозлик ширкатининг Осиё давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари бўйича менежери лавозимида ишлаётган Шохруҳ Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка оид ўз кузатувларини сўзлар экан, айни пайтда Японияда юрган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилиб берди.
Шоҳруҳ Ҳамроқуловга кўра, Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан ўзбекистонликлар учун Японияга бориб ишлаш, ўқиш ёки сайёҳлик бироз қимматроқ ҳамда мураккаброқ бўлгани боис, Токиода ўзбеклар бироз камёб.
Шоҳруҳнинг ўзи эса JICA дастури орқали грант қозониб, Токиодаги нуфузли The Ritsumeikan Asia Pacific University да ўқиган ва менежерлик касбини эгаллаган.
- Менинг Японияга келганимга беш йил бўлди. Бу давлатга келиб бирор иш қилишдан олдин японларни тушуниб олиш керак. Булар бироз мураккаброқ халқ. Яъни, улар жуда ўзига хос халқ. Биринчидан, улар оролда яшагани ва бу давлатда аҳолининг 80 фоиздан ошиғини японлар ташкил қилгани учун бўлса керак.
Озодлик: Ўзбекистон ҳақида биладиганлари кўпми, қизиқишадими Ўзбекистонга?
- Булар орасида Ўзбекистонни биладиганлари жуда кам. Биз ўзимизни таништирсак, аввал Россияни таништириб бошлаймиз ва кейин Ўзбекистонга ўтамиз. Японлар яна сиёсатга унча қизиқмайди. Биласизми, бу тўқ жамият, шунинг учун беғамроқ. Телевизорида кўпроқ икки хил кўрсатув бўлади – комедияли кўрсатувлар, яъни кулги ва овқат ҳақида. Лекин, Ўзбекистонга сайёҳликка борадиган японлар кўп. Ёшларида пул кам. Лекин кексалари узоқ йил ишлаган бўлса жуда катта пенсия олади ва бу саёҳатга бемалол етади.
Озодлик: Пенсиясига бемалол саёҳат қила олади, денг?
- Бемалол, бемалол, бемалол.
Озодлик: У ерда японлар ҳаётига киришиб кетиб, худди Кореядаги каби японларга текканлар ва уйланганлар кўпми?
- Унчалик кўп эмас, аммо бор¸ албатта. Лекин японга уйланган турклар кўпроқ. Айтаманку, буларни тушуниш бироз мураккаб. Улар буддизмнинг яна бир турига эътиқод қилади-ю, лекин, унчалик чуқур эмас. Ёшларининг 90 фоиздан ошиғи ўзини атеист, деб билади менимча. Жуда ғалати улар эътиқод масаласида, дейди Шоҳруҳ Ҳамроқулов.
Ҳозир Токиодаги Daido автомобилсозлик ширкатида ишлаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ Ҳамроқулов билан суҳбатнинг тўлиқ қисмини қуйида тинглашингиз мумкин.