2 март куни сим қоққан ўзбекистонликлардан бири "Жанубий Кореяга келаëтган ўзбек қизларининг аксарияти фоҳишалик билан шуғулланмоқда"¸ деса¸ яна бири муштумзўр ҳокимларнинг тошлоқда бунëд қилган боғини тортиб олаëтганидан шикоят қилди.
Тандемон ва Интевон – Сеулдаги ўзбеклар қароргоҳлари
Жанубий Кореядан телефон қилган Абдулла Абдумўминов Озодлик тўлқинларида Ўзбекистондан хорижга кетиб, фоҳишалик қилаётган аёл-қизлар ҳақида сўз борган эшиттиришга ўз муносабатини билдириди.
Абдулла бундай ўзбек хотин-қизлари хорижда кўпчилик ва уларнинг аксарияти тирикчилик илинжида шу йўлга юраётганидан дили оғриётганини айтди.
- Фоҳишалар Ўзбекистондан ëш қизларнинг чиқиб кетаëтганлиги, кўпроқ aраб давлатларига айтаяптилар ҳамма. Лекин Кореяда ҳам ëш қизлар фоҳишалик билан шуғулланаëтгани кўпайиб кетган. Ўзбекистонликлар айниқса, Наманган, Самарқанд, Тошкентдан через чур кўп ëш фоҳишалар.
Озодлик: Кўрганмисиз бирортасини?
- Ҳа. Наманганликларни кўрганман. Гули дегани бор, яна тошкентликлар бор, самарқандликлар бор.
Озодлик: Неча ëшда улар?
- Танийдиганим 17 ëшда бор. Уларнинг дугоналари, ўртоқлари бор. Кореяга эрга тегиб келади. Документ учун бир-икки ой эри билан яшайди. Кейин ўзи хоҳлаган ишини қилиб, фоҳишалик қилиб, Инчевон деган шаҳарчаси бор, Тандемон деган шаҳарчаси бор, полний ўзбекларнинг шаҳри. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ҳамма ердан муҳожирлар жуда ҳам кўп. Бу ерга эрга теккан қизлар черезчур кўпайиб кетган. Номига эрга тегиб келади. Эрга тегиб келдим дейди, лекин фоҳишалик билан шуғулланиб юрганлар роса кўп. Ўзбекистонлик дейишга ҳам нима бўласан-да. Яхши ишда ишлайдиганлар кам.
Озодлик: Яхши, текис юрадиган аëллар ҳам кўпдир. Сиз миллатдош аëлларингизга тош отиб қўймаяпсизми? Туҳмат қилиб қўймаяпсизми?
- Туҳмат қилаëтганим йўқ. Кўрганимни айтаяпман. Ота-оналар билиб қўйсин. Бу туҳмат эмас. Просто ўзбекистонликларга айтмоқчиман. Қийинчиликдан кирганлар бор. Шуни айтмоқчиман, дейди Жанубий Кореядан телефон қилган Абдулла Абдумўминов.
Андижонда муҳтожликда қолган ўшликларга ёрдам беринг!
Наманган вилоятидан телефон қилган Қодиржон Одилов ўтган йили июн ойида содир бўлган қонли воқеалар ортидан Андижонга қочиб келган ўшлик қочқин оилалар оғир аҳволда кун кечираётгани ҳақида сўзлади.
Қирғиндан олдин Қорасув-Тошкент йўналишида савдогарлик қилиб юрган йигитларнинг бир нечасини яхши таниган Қодиржон гапиради:
- Икки-уч йил олдинлари Тошкентда биз билан савдо-сотиқда бирга ишлаб юрган болаларнинг кўплари Андижонга қочиб, қийналиб юришибди.
Озодлик: Ўшданми улар?
- Ўшдан кўп. Мен ўшалар билан суҳбатлашиб гаплашганимда, мен танийдиган битта-иккита болаларнинг айтишига қараганда 10тага яқин болалар ҳозир Андижонда қийналиб юришибди.
Озодлик: Улар савдогарчилик қилармиди?
- Олдинлари ҳақиқатан ҳам пулдор, пуллари кўп, ўзларига тўқ, тагларида иккита-учта машиналари бор болалар эдида. Қоринларини тўйғазишга пули йўқ қийналиб юришганини эшитаяпмиз. Имкониятимиз бўлганда биз ҳам 50-100 доллар ëрдам берамиз.
Озодлик: Бола-чақаси билан ўтганлар борми?
- Бор. Лекин битта-иккита. Кўпларнинг оиласи қолиб кетган. Икки-уч йил олдин Россияда юрган ўшлик бола яқинда Наманганга аэропортга келди. Ўзим кутиб олдим. Ота-онасини кўра олмайди, Ўшга бора олмайди. “Ака бўлди. Тинчликку. Қайтиб ўтиб кетаверсангиз бўлаверадику” десам, “Уруш чиқаргансанлар, бошқа қилгансанлар. Аслида бизнинг ҳеч қанақа айбимиз йўқ. Маҳалламизга келиб оиламизни, бошқасини ҳимоя қилганлигимиз учун қайтиб ўтадиган бўлсак, уруш чиқаргансан деб қамаб қўяди” дейди.
Озодлик: Ошна-оғайнилар тўрт-беш сўмдан ëрдам бериб турибсизлар.
- Ҳа шундай, дейди Наманган вилоятидан телефон қилган Қодиржон Одилов.
Раҳбарларда ватан ва миллат туйғуси йўқ, шекилли
Самарқанд вилоятидан телефон қилган Маҳмуд исмли ўқитувчи "Қурултой" эшиттиришида муҳокама қилинган мавзуга муносабат билдириб, эшиттириш иштирокчиларидан бири айтган фикрни қувватлаши ҳақида сўзлади.
Маҳмуд ака иштирокчилардан бири айтгани каби мавжуд ҳамма муаммоларни жумлаларга тизиб, жумла аввалига “Нега?” деган саволни қўйганидан сўнг ҳосил бўлган манзарадан даҳшатга тушганини айтади.
- Якшанба куни "Қурултой" эшиттиришидаги Норвегияда яшовчи Абдулла ака ва тошкентлик Жаҳонгир аканинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Моҳиятини аниқлаш учун “Нега?” деган саволни қўйиш керак деган эди-да. Ўзбекистонда нон қимматлашгани ва буғдой масаласида бўлган эди-да.
Агар Ўзбекистондаги ҳозирги муаммоларга қўллайдиган бўлсак, шу оддий “нега”лардан бошласак, нега пулини тўласак ҳам электр йўқ қоронғида ўтирибмиз, газ йўқ совқотмоқдамиз, нега йўлларимиз дабдала, бу оддийларида. Жиддийроқ саволларга ўтадиган бўлсак, нега нон қимматлашмоқда, ҳукумат фермерлардан бор ғалланинг килосини мажбуран 160 сўмдан олиб қўйиб, Ўзбекистонда бир килосининг 1000 сўмдан сотилишига йўл қўймоқда, нега етиштириб топширилаëтган пахтадан халққа бир сўмлик манфаат йўқ, нега ишсизлик, нега беш-олти миллион юртдошларимиз чет элда ишлашга мажбур. Бу нега, негалар 20 йилдан буëн кўпайса кўпайди ҳеч камаймади. Ўзбекистон бу муаммоларни бир йилда ҳал қилса бўладиган ижтимоий, сиëсий, иқтисодий потенциалга эга деб ўйлайманда мен. Лекин юқорида ўтирганлар буни хоҳламайди.
Озодлик: Нега истамайди?
- Мен ўйлайман, уларда миллат, ватан деган туйғу бўлмаса керак. Ватан, миллат туйғуси бўлмаган жойда эзгулик бўлмайди деб ўйлайман, дейди самарқандлик Маҳмуд исмли ўқитувчи.
Тошлоқда бунёд қилган боғидан айрилган деҳқон арзи
Фарғона вилоятининг Қува туманидан телефон қилган инженер-гидротехник Алижон Турғунов фермер хўжаликларини йириклаштириш ортидан бораётган жараён боис қуруқ тошлоқда бунёд қилган боғидан айрилгани ҳақида сўзлар экан, ҳокимиятларга қўнғироқ қилиб, унинг ҳаққини ундиришда кўмаклашишимизни сўради.
- Пирамидага ўхшаган жойларга боғ қилганмиз. 100 йил, 1000 йиллардан бери экилмаган жойларни боғ қилганмиз. Энди 3 гектардан кам бўлса қўшиласан¸ деб бир саводсиз одамларга. Кеча сизларга биттаси гапирди шофëрлар, милициялар ер эгаси бўлиб қолган деб. Худди шунақа одамлар бўлиб қолиб, жуда диққат қилаяпти. Шунга бир ҳокимиятларга телефон қилиб, бўр сўроқ савол қилиб гапириб қўйсанглар¸ бизга сал осон бўлармикан дейман.
Озодлик: Касбингиз нима ўзи сизни?
- Менинг касбим инженер. Сув хўжалик бўйича қурувчиман. Боғни боғ қилиб, қора қоғозлардан ариқ қилиб насос билан баландликка сув чиқариб, 24 метр баландликка, 100 метр узунликка пожарний шланкалар билан чиқариб юриб боғ қилдик. Энди эгаси чиқиб турибди.
Озодлик: Ерни олиб қўйишдими уже?
- Маҳалла комитетига зарда қилиб битта болага қўшилиб кетдим. Айтдим шу сенлардан қутулай. Аризани мажбур ëздиришди. Бўлмаса солиқдан ҳам қарзимиз йўқ. Ўзимиз олий маълумотли. Иккита-битта ишчига ҳақ ëзиб, 15та неварани боқаëтган эдик, дейди Алижон ака.
*********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!