8 март куни Прагада бошланган Яхлит дунë фестивали очилиш маросимида Чехиянинг Фалокатдаги одамлар ноҳукумат ташкилоти Қирғизистон қамоғида умрбод қамоқ жазоси ўтаëтган ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни Homo Homini мукофоти билан тақдирлади.
Чехиянинг нуфузли Фалокатдаги одамлар ташкилотининг Homo Homini мукофоти ер юзида инсон ҳақлари ва демократик қадриятларни ëйишга хизмат қилаëтган ҳуқуқ фаолларига берилади.
“Бу йилги мукофот¸ қамоқдан туриб ҳам инсон ҳақлари учун курашини тўхтатмаëтган Азимжон Асқаровга берилди”¸ дейилади ташкилот эълон қилган баëнотда.
Фалокатдаги одамлар ташкилоти раҳбари Марек Свобода Озодлик билан суҳбатда тақдир тақозоси билан бугун ўзи маҳбусга айланган Азимжон Асқаровнинг маҳбуслар ҳақларини ҳимоя қилишдаги узоқ ва машаққатли меҳнати учун тақдирланганини айтади.
- Азимжон Асқаров узоқ йиллар давомида ноҳақ қамалганлар¸ ҳибсхона ва қамоқхоналарда қийноққа солинганлар ҳақларини ҳимоя қилиш ва жазони ўташ муассасаларидаги вазият юзасидан мониторинг билан шуғулланиб келди. Агар Асқаров фаолиятига қаралса¸ унинг инсон ҳақлари ҳимояси билан жиддий ва муттасил шуғулланганини кўриш мумкин.
Асқаров ўз фаолияти давомида ноҳақ қамалганларнинг озод этилиши¸ улар ҳақларини бузган ҳуқуқ идоралари ходимларининг жазоланишига эришди. Бугунга келиб¸ қирғиз ҳукуматининг ўз мухолифлари овозини ўчириш кампанияси давомида Азимжон Асқаровнинг ўзи уйдирма айблар билан қамоққа ташланди ва ниҳоятда оғир жазога ҳукм этилди.
Биз бу йилги Homo Homini мукофотини Азимжон Асқаровга бериш орқали яна бир бор унинг ноҳақ қамалганига эътибор қаратмоқчимиз¸ дейди Фалокатдаги одамлар ташкилоти раҳбари Марек Свобода.
8 март куни Прага марказида очиладиган инсон ҳақлари вазиятига бағишланган ҳужжатли филмларнинг Яхлит дунë фестивалида мукофот Азимжон Асқаровнинг ўғлига топширилади.
Азимжон Асқаровнинг мазкур маросимга йўллаган мактубида Homo Homini мукофотининг ўзига берилганини касбдоши Тўлейкан Исмоиловадан эшитгани ва бу хабардан хурсанд бўлиб¸ ëш боладек ҳўнг-ҳўнг йиғлагани ëзилади.
"Мен асли рассомман ва бугун бир кишилик қамоқ ҳужрасида ўтириб кичиккина мана шу ҳужра деворига адолатли жамият суратини чизишни орзу қиламан. Мен бу деворга якка бир одамнинг улкан дунëга меҳр-муҳаббат билан тўлган кичиккина ҳаëтини чизгим келади.
Рассомлик баробарида мен инсон ҳақлари фаоли ҳамман ва ўз ҳаëтим давомида эътиқоди ва адолатга ташналиги учун қамалган қанчадан-қанча буюк одамларни кўрдим¸ улар тақдири шайтоний ҳукмдорлар ва қаттиққўл авторитар етакчилар ҳикоясидир. Аммо кейинги 5 йил ичида иккита инқилобни бошдан кечирган менинг мамлакатимга нималар бўлгани мен учун ҳамон жумбоқлигича қолмоқда"¸ дейилади Азимжон Асқаровнинг Чехия ҳукумати¸ Фалокатдаги одамлар ташкилоти¸ қолаверса Прагадаги мукофот топшириш маросими иштирокчиларига йўллаган мактубида.
Мактуб давомида 60 яшар Азимжон Асқаров қамоқхонада ўзига нисбатан ноинсоний қийноқлар қўлланилаëтгани ҳақида ҳам гапирган.
"Кексайган чоғимда қийноқларга солишлари ва калтаклашларига қарамай¸ мен инсон ҳақларини ҳимоя қилиш йўлини танлаганимдан афсусланмайман¸ зотан бу ишни кўнглимга Оллоҳнинг ўзи солган. Бир рассом сифатида мен ва менинг оилам дунëдаги барча инсонларнинг санъат дунëсидаги каби эркин ва бахтиëр яшашларини орзу қилдик. Шу боис атрофимда бўлаëтган қонунсизлик¸ ҳақсизликларга бефарқ бўлиб қололмадим"¸ деб ëзади умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Азимжон Асқаров.
Азимжон Асқаровнинг Фалокатдаги одамлар ташкилоти томонидан инсон ҳақлари ҳимояси бобидаги кураши учун нуфузли мукофотга лойиқ топилгани Қирғизистон ичкарисида турли муносабатга сабаб бўлмоқда.
Қирғизистондаги “Фуқаровий жамият коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тўлейкан Исмоилова нуфузли Homo Homini мукофотининг Азимжон Асқаровга берилиши халқаро майдонда унинг эътиқод тутқуни сифатида тан олингани ифодаси эканини англатишини айтади.
- Азимжон Асқаровнинг эътиқод тутқуни деб тан олиниши барча қирғизистонликларнинг қонунсизлик ва ҳақсизликдан қутулишига ëрдам беради¸ дейди Асқаровнинг тақдирланишига муносабат билдирган қирғиз ҳуқуқ фаоли.
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам Азимжон Асқаровнинг бегуноҳ қамалганига ишониши ва шу боис виждон тутқуни сифатида Асқаровнинг халқаро майдонда тақдирланиши ҳақли эканини айтади.
- Турмаларда ноҳақ азоб чекаëтган одамларга бериладиган бу мукофотнинг Азимжон Асқаровга берилишини мен тўғри иш деб ўйлайман. У одамнинг қамалгани тўғри эмас¸ унинг қирғинга аралашганини тасдиқловчи далил-исбот йўқ жойда Асқаров қамоқда қолмоқда¸ дейди Акун.
Айни пайтда¸ Асқаров тақдирланган 8 март куни Озодлик боғланган Жалолобод вилояти собиқ прокурори Азимжон Асқаровга қўйилган айблар ўз исботини топганини таъкидлади ва унга халқаро мукофот берилганидан норозилигини таъкидлади.
Асқаров 2010 йилнинг июн ойида бўлиб ўтган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.
2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.
15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.
Айни пайтда¸ судланувчилар, шу жумладан, Азимжон Асқаров ўтган барча маҳкамаларда ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.
Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ташкилотлари жалолободлик ҳуқуқ фаолининг айбсиз эканини, унга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсий қарор эканини таъкидлаб келадилар.
Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари эътиборида қолмоқда ва қатор ноҳукумат ташкилотлари унинг зудлик билан озод этилишини сўраб келмоқда.
Бундай сўровларга қарамай¸ Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ва яна етти нафар ўзбекнинг аппеляция судини 8 феврал куни номаълум муддатга кечиктирди.
Асқаров айни пайтда Бишкекдаги 47-ёпиқ жазо муассасасида сақланмоқда.
(Қуйида YouTube порталига қўйилган Азимжон Асқаров билан суҳбатни ҳавола қиламиз. Суҳбатни қирғизистонлик журналист Улуғбек Бобоқулов олиб борган.)
http://www.youtube.com/embed/8jSoIiY5BxM http://www.youtube.com/embed/qI_gg-gvJwQ http://www.youtube.com/embed/Ozb-ZRmgdpc