11 март куни Японияни титратган зилзила ва цунамини Японияда ишлаётган ва ўқиётган ўзбекистонликлар ҳам бошдан кечирди. Улардан бири билан зилзила рўй бераётган пайтда боғланишга муваффақ бўлдик.
Токио банкларидан бирида 6 йилдан бери ишлаб келаётган 25 ёшли тошкентлик Шоҳруҳ Абдувоҳидов ўзи гувоҳи бўлган табиий офат даҳшатини Озодлик радиоси билан суҳбатда ҳикоя қилиб берди.
- Ер қимирлаганда биз ишда эдик. Токиода қаттиқроқ бўлдию, лекин энг қаттиғи Япониянинг шимолий томонида бўлди.
Озодлик: Офисда ўтирганингизда нималар содир бўлганини тасвирлаб беринг.
- Бино бир-икки марта сакради. Қимирлаб кетди бошида. Бунақа нарса Японияда кўп бўлиб туради. Шунга ўрганиб кетганмиз. Ҳаммаси яхши деб ўйласак, кейин сал қаттиқроқ қимирлашни бошлади. Уч-тўрт соат коридорда кутиб кейин ҳаммамизни пастга туширди. Ҳозирча энг яхши вазият кўчада юриш экан. Токиода ҳозир яхшироқ. Поездлар ҳам қайтиб ишга тушди.
Озодлик: Поездалар ҳаракати тўхтатилган эди, мобил телефонлар ишламаëтган эди. Энди ишга тушди шекилли.
- Сиз телефон қилсангиз, тушсангиз керак, лекин биз телефон қилиб туша олмаяпмиз. Кўп жойларда ҳали ток ҳам йўқ. Ҳозир энди аста-аста светлар ҳам тикланаяпти. Ҳозир мен кўчадаман.
Озодлик: Уйингизда чироқ борми?
- Чироқ бор. Ҳозирча Худога шукур ҳаммаси яхшию, лекин ҳали ҳеч ким билмайди нима бўлади кейинроқ. Шимолий томонда жуда ҳам хавфли деб эшитдим.
Озодлик: Ҳозир кўчада юрганингизнинг сабаби нимада? Хавотир борми уйда ўтиришга?
- Йўқ, ундан хавотир йўқ. Бир-иккита одамлар билан йиғилиб просто турибмиз. Бир пасдан кейин уйга қайтамиз. Ҳозир ҳамма осторжно уйда ўтириб кутиб турадида. Одамларда “яна ер қимирлаб қолиши мумкин” деган хавотир бўладию.
Озодлик: Ҳозир кўчада экансиз. Бузилган жойларми, бошқами, кўчани тасвирлаб беринг.
- Бузилган жойлар умуман йўқ Токиода. Токиода бинолар жуда яхши қурилган ер қимирлашига қарши. Лекин шунда ҳам сал хавфлироқ бўлди бугун. Иккинчидан, бир неча соатга поездлар тўхтаган эди. Ҳозир ярим соат, бир соат олдин поездлар яна юришни бошлади. Кўп одам офислардан уйига қайтаяпти иложи борича. Қайта олмаган одамларга ҳозир университет ичларида, бошқа жойларда ëтоқхоналар очилган. Лекин Токио унчалик хавфли даража эмас.
Озодлик: Ўзбекистондаги яқинларингиз билан гаплашдингизми? Улар хавотир олаëтгандир.
- Телефон қилиб гаплашиб қўйдим. Интернет орқали беш муинутча гаплашиб айтиб қўйдим. Бинолар қулаб тушадиган хавф йўқ. Бизда энди биласизку ҳар хил хабарлар, времялар кўришади. Ўша хабарларга ишониб қолиб, “Японияда 7,9 балл зилзила бўлди” деган хабарлар бўлади, шунга хавотир олишмасин деб айтиб қўйдик. Кўп одамлар паникада.
Озодлик: Ўзингизчи? Ўзингизнинг ҳам тиззаларингиз қалтираëтган бўлса керак.
- Қалтирайди. 48 этаждан пастга тушиб келдик зинадан. Лифтлар ишламаяпти кўп биноларда. Мен Японияда олти йилдан бери яшайману, бунақа нимани биринчи марта кўришим.
Озодлик: Душанба кундан яна ишга қайтасиз.
- Буниси ҳозирча номаълум. Эртага ëки индинга хабарларда иш куними ëки йўқми айтиши мумкин. Лекин ҳеч нарса ўзгармаса, ҳамма душанба кундан бошлаб ишга чиқиши керак. Шимолий жойларга кўп зарар етказилган. Эртага энди, хабарларда ҳам эшитсанглар керак, кўп чоралар кўрилади. Ер қимирлаганда мана акциялар ҳам пастга тушиб кетади, иқтисодий томондан жуда катта муаммолар туғилгани учун менимча, ҳали эртага катта хабарлар келиши мумкин. Ҳукумат нима қилади, нима чоралар кўради, ер қимирлаш хавфлари борми йўқми – халқни ҳозир успокоится қилиш чоралари олиб борилаяпти.
Озодлик: Бошқа ўзбекистонлик ватандошлар билан алоқада бўлдингизми?
- Ҳа, бу ерга ўқигани келадиганлар бор. Ўзбеклар унчалик кўп эмас. Ўзим биладиган ўзбеклар 10-20тача. Нагояда, Токиода, Йокоҳамада яшайдиган одамлар ҳам бор. Шулар билан учрашиб, гаплашиб турамиз.
Озодлик: Цунами содир бўлган жойларда ҳам ўзбеклар борми? Улар билан гаплашдингизми?
- Менинг билишим бўйича ҳозир йўқ. Бир йил олдин яшаган эди студентлар. Менинг билишим бўйича улар Ўзбекитонга қайтиб кетган. У ерда ўзбеклар борлиги тўғрисида умуман бизда информация йўқ. Нагояда бор. Улар билан гаплашдик. Уларда ҳам худди биздай. Бир-икки қимирлаган, лекин унақа катта зарарлар етказилмаган. Биз билган ўзбеклар билан гаплашганмиз. Ҳаммаси яхши. Уйда ўтирганлар ҳам бор, кўчада юрганлар ҳам бор. Битта ҳам ранение олган одамлар йўқ.