Япониядаги ўзбеклар юртига қайтиш ҳаракатига тушди

Радиация тарқалиш даражаси кучайётгани боис "Фукусима-Дайичи" атом заводи ёнидаги аҳоли пунктидан чиқиб кетаётган кишилар шифокор кўригидан ўтмоқда.

Япониянинг турли шаҳарларида ишлаб, ўқиб юрган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги юртига қайтиш тараддудига тушди. Озодлик билан суҳбатда Япониядаги ўзбекистонликлардан бири атом реакторларида содир бўлаётган носозлик ва портлашлар аҳоли орасида хавотирларни оширмоқда, дейди.

Табиий офат боис бир неча портлаш ва ёнғин содир бўлган Япониянинг “Фукусима-Дайичи” ядровий реакторининг мамлакат аҳлига хавфи ортиб бормоқда.

15 март куни реакторлардан бирида содир бўлган учинчи портлаш ва яна бирида юзага чиққан ёнғиндан кейин Япония расмийлари радиация тарқалиши “хавотирли” даражага етганини расман эълон қилдилар.

Телевидение орқали қилган чиқишида Япония Бош вазири Нато Кан атом заводи тевараги бўйлаб 20 километр масофада қолаётган одамлар бу ҳудудни тарк этиши зарурлигини айтди.

20 километрдан 30 километрга қадар бўлган ҳудудда яшаётган, тахминан, 140 минг аҳолига эса кўчишга тайёр туриш тавсия қилинди.

- Реакторлардан радиация тарқала бошлади ва радиация даражаси анча юқори бўлиши мумкин. Шунингдек, яна бошқа радиоактив моддалар тарқалиши хавфи жуда юқори, деди Япония Бош вазири.

Атом электростанцияси узра 30 килметр масофадаги радиус бўйлаб парвозлар ҳам тўхтатилди.

Япониядаги ҳалокатли вазиятни кузатаётган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукумат кўраётган чора-тадбирларни ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор, деб баҳоламоқда.

Табиийки, ўз тарихида ядровий портлаш азобини кечирган японларнинг аччиқ тажрибаси орадан шунча йил ўтиб уларга яна қўл келишини ҳеч ким кутмаган ва истамаган эди.

Токиода юрган ўзбекистонлик Акмал Фазлиддинов бу фожеадан сўнг японларнинг вазмин ва матонатли миллат эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилганини айтади.

- Японлар жуда ҳам сабр-тоқатли, қаноатли халқда. Бунақанги ҳолатда жуда ҳам оғир, босиқлик билан бир-бирига ҳамкорлик қилишаяпти. Яъни ҳамма ўз жойида, вазифасини бажарган, иложи борича паника қилмаган. Японлар учун ядро масаласи жуда нозик масала, бундан улар хавотирга тушадиган халқ. Оғир, жуда ҳам оғир ҳолатда ҳамма. Аммо, иложи борича оғир, босиқлик билан ëндашишаяпти. Молодец уларга. Тушкунлик йўқ.

Акмал Фазлиддинов атом реакторидаги портлашдан туғилган хавотир ва умуман, бу давлатда бугун юзага келган бўҳрон боис ишини, хавфсизлигини йўқотгани боис Японияни тарк этаётган хорижликлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлигини айтар экан, аммо ҳозирча ўзининг сабр қилиб туришга қарор қилганини айтди.

- Ўзбеклар асосан студентлар, оиласи борлар, баъзи ишлаëтганлар ҳам кетаяпти, менимча. Мен асосан студентлар орасида дўстларимдан эшитдим кўпларининг ота-оналари, оилалари ташвишда. Фарзандларининг тезроқ ортга қайтишини исташаяпти. Мен эса ҳозирча у даражада хавфни кўрмаяпман. Менимча, бу муаммо тез орада, тез бўлмаса ҳам маълум бир вақт орасида ечимини топади ва ҳамма нарса ўз ўрнига келади, деб умид қилаяпман,- дейди шу кунларда Токиодаги ўзбеклардан бири Акмал Фазлиддинов.

Акмалнинг нуфузли ширкатлардан бирида яхши иши бор. Ишсизлик авж олган замонда кўп йиллик меҳнат эвазига эришилган мартаба ва ишни ташлаб кетишга унинг кўзи қиймаслигини тушуниш мумкин.

Аммо, Акмал унга шунча имконият берган бу давлатни оғир вазиятда ташлаб кетишга ҳам кўнгли бўлмаётган кўринади.

Худди шундай вазиятда бўлган самарқандлик яна бир ўзбек – Фукусимадан 200 километр олисда жойлашган шаҳарлардан биридаги йирик меҳмонхона менежери бўлиб ишлаётган Маъруф Умаров ҳам вазиятни кузатиб тургани, аммо, эҳтиёт шарт сафар халтасини ҳозирлаб қўйганини айтди.

Маъруф Умаров ҳалокат ҳудудига нисбатан яқин қолаётган ўзбекистонликлардан биридир. Унинг сўзларига кўра, “Фукусима-Дайичи” тевараги бўйлаб, 30 километр масофада яшаётган аҳолининг кўпчилиги ҳозир у яшаб турган шаҳарга келмоқда.

Чунки Фукусимадаги яна бир атом реакторида портлаш содир бўлиши ва бунда радиация хавфи янада ортиб кетишидан хавотир бор.

- Худо кўрсатмасин, агар яна битта портлаш бўлса агар, билсангиз вақтида Германияда портлаш бўлган эди, Чернобил деган портлашлар бўлган. Ўшалар билан даражаси бир хил бўладиган портлаш бўлиши мумкин, дейишяпти. Ҳозир ҳам радиация жуда катта территорияда аллақачон бор.
Биз яшаëтган жой Худога шукур ҳозирча тинч.

Маъруф Умаров Япониянинг кўпгина шаҳарларида табиий офатдан сўнг озиқ-овақат, ичмлик суви ҳамда ёқилғи ва электр танқислиги бошланган, дейди.

- Масалан ҳозир озиқ-овқат муаммо. Магазинларда ҳозир овқат қолмаяпти. Ҳамма озиқ-овқатни тез бориб сотиб олаяпти. Бензин масаласи ҳозир биринчи, иккинчи масалалар бўлиб чиқаяпти,- дейди Маъруф.

Шу боис, ўзи ишлаб турган меҳмонхонани тарк этаётган хорижликларни кузатиб қолар экан, Маъруф Умаров, ўзини Японияда тутиб турган сабаблар кўплигини айтди.

Булардан асосийси, хизмат лавозими бўйича зиммасига тушган масъулият.

- Фалокатдан бироз олдин бошлиғимиз меҳмонхона бошқарувини менга ташлаб кетган эди. Мен эса унга ваъда берганман ва ҳозир бу масъулиятдан бўйин товлаб кета олмайман. Бундан ташқари, менинг хотиним япониялик ва у ҳозир кекса ота-онасига ёрдам бериш учун 50 километр наридаги шаҳарга кетган. Зилзила вақтида уларнинг уйи қуламагану, аммо уйнинг ичкарисидаги нарсалар тўкилиб тушган. Хуллас, мен ҳозирча шу ердаман,- дейди Маъруф Умаров.

Аммо, агар экспертлар хавотир қилганидек, атом заводида яна жиддийроқ ҳалокатлар содир бўладиган бўлса, Маъруфнинг бу ерда қолишига ҳожат қолмайди.

- Шунчаки, бу ерда бутун инфраструктурага зиён етади. Агар ҳозир айтишаётганидек 7 баллик зилзила бўлса, у ҳолда бу ерда бирор нарса қоладими ёки йўқми, оллоҳ билади. Ўшанда бизлар ҳам риск бўлса агар, албатта ўз юртимизга қайтамиз,- деди Маъруф.

Озодлик билан суҳбатлашган Япониядаги ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси “Барибир ўзимизнинг Ўзбекистон тинч давлат экан” деган гапни айтди.

“Ўзбекистонда ҳам ер қимирлайди, аммо, у ерда бунақа ҳалокатли зилзила бўлмаса керак. Муҳими, у ерда цунами бўлмайди!” деди самарқандлик яна бир ўзбек – бундан 6 ой муқаддам Японияга талаба бўлиб борган самарқандлик Меҳрож биз билан суҳбатда.

- Опажон ўзимизнинг Ўзбекистонга гап йўқ экан. Мен 8 минг доллар тўлаб ўқишга келган эдим. Тугашига 4 ой қолди. Лекин ҳаётингиз олдида бу ҳеч нима эмас, опажон. Мен бунақа зилзилани кўрганимдан кейин жуда ҳам Ўзбекистонга кетгим келди опажон. Нима бўлса ҳам ота-она, яқинларингиз олдида бўлсанги яхши экан, дейди самимият билан Озодликка сўзлаган 20 ёшли талаба Меҳрож.

Айни кунларда турли давлатлар Япониядаги табиий офат боис у ердаги фуқароларини ўз юртига қайтариш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Турли давлат элчихоналари махсус рейслар уюштириб, фуқароларининг ҳаёти ва соғлигини қутқаришга киришган.

Аммо, Япониянинг турли шаҳарларида юрган ўзбеклар бу борада уларга Ўзбекистон ҳукумати ёҳуд Ўзбекистон элчихонаси томонидан бирор бир ёрдам кўрсатилгани ҳақида сўзламадилар.

Аксинча, Ўзбекистон ҳукуматидан бу борада бирор ёрдам кутишмаётган ва қайтиш тадоригини ўзлари кўраётгани ҳақида сўзладилар.