Ўзбекистонда сиëсий ва диний эътиқоди учун таъқибга учрагани даъвосини асослай олмагач¸ бошпана сўрови рад этилганлар Норвегиядан ихтиëрий тарзда кетишни истамагани боис¸ айни кунларда мамлакат полицияси уларни мажбурий тарзда ватанига юбормоқда.
Норвегия полициясининг ўзбекистонлик қочқинларни депортация қилаëтгани ҳақида Озодликка Ўзбекистон-Норвегия маданий маркази фаоли Алишер Обидов хабар қилди.
- Ҳозир Норвегияда ўзбекларнинг депорти бошланди. 400та ўзбекка депорт қоғози чиққан эди. Булар ҳозир иммиграционний полиция билан ва полициянинг ўзи ҳам ҳеч қанақа предупреждат қилмасдан эрталаб соат 6да ëки 03.30-04.00 ларда келиб босаяпти. У одамларни депортационний лагерга олиб кетаяпти. Кўп одамларнинг бу ерда документи, даже паспортлари ҳам йўқ. Паспортсиз ўзбекларни 2-3 кунда Ўзбекистонга юбораяпти улар. Махсус самолëтлар ажратилган экан бунинг учун. Бугунги кунда 60та ўзбек депортационний лагерда қайтишини кутаяпти¸ дейди Озодлик мухбири боғланган Алишер Обидов.
Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир диний гуруҳига аъзоликда айбланиб¸ таъқибга учрагани асосида Норвегиядан сиëсий бошпана сўраган¸ бироқ сўрови ўтган йили рад этилиб¸ қўлига депортация қоғози тутқизилган йигит ўзини Улуғбек деб таништиришимизни сўрай туриб¸ ўзбекистонлик юзлаб қочқинларнинг ҳозирда ваҳимада қолганини айтади.
- Бу ерда ўзбекларни ҳозир Норвегиядан шундай уйларидан босиб кетаяпти-да. Кечаги кунда биттасини бир ярим соатнинг ичида жўнатиб юборди. Шундай уйидан олиб чиққану, самолëтган ўтирғизиб юборган. Мен билганлардан ҳозир битта оила бор. Ўша оиланинг иккита фарзанди мана шу ерда туғилди. Ўшаларни ҳам шундай олдида жўнатиб юборди. Мен тушунмай қолаяпман ҳозир¸ дейди ўзбекистонлик қочқин.
Норвегия Иммиграция полицияси матбуот котиби Monica Thorud¸ шу кунларда ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш жараëни бораëтганини тасдиқлай туриб¸ унинг мутлақ қонунга асосланган ҳолда кечаëтганини таъкидлади.
- Ўзбекистонлик бошпана сўровчиларни ватанига депортация қилиш¸ бизнинг одатий амалиëтларимиз каби¸ жуда инсоний ва тартибли тарзда амалга оширилмоқда. Бу борада шикоятга асос йўқ¸ деб биламан. Ходимларимиз ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни учқичга қадар кузатиб қўйишмоқда ва шундан сўнг улар транзит орқали Тошкентга учирилмоқда. Ўтган йилги рақамлар олдимда йўқ¸ аммо 2011 йилнинг уч ойи ичида биз ўзбекистонлик 14 бошпана изловчини депортация қилдик. Ўтган йил улар сони анча оз эди¸ деди Норвегия Иммиграция полицияси расмийси Озодлик билан суҳбатда.
Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси расмийси Kirstn Myhre кейинги икки йил давомида Осло ҳукумати ўз иммиграция сиëсатини кескинлаштиргани ва оқибатда қочқинлик мақоми беришнинг умумиятла 42 фоизга қисқарганини айтади.
- Бу йилги аниқ рақамлар қўлимда йўқ. 2010 йилда 108 нафар Ўзбекистон фуқароси Норвегиядан сиëсий бошпана сўради ва улардан фақат иккитасининг сўрови қондирилди¸ холос.
Бошпана сўровчиларнинг баъзилари масжидда намоз ўқиëтганда хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таъқиб этилганини¸ баъзилари ҳукумат ўзини Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзоликда айблаëтганини¸ яна баъзилари эса¸ Ўзбекистонда ўз хусусий дўкон ва ресторанга эга бўлгани ва ҳукумат кучлари ўзини чўчқа гўшти ва спиртли ичимликлар сотишга мажбурлаганини даъво қилади. 2005 йилдан сўнг жуда кўп ўзбекистонлик Андижон воқеалари баҳонасида бошпана олишга уринган эди¸ аммо ҳозирга келиб бундай уринишлар тўхтатди ва унинг ўрнига бошқа сабаблар келтирилмоқда¸ дейди UDI – Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси расмийси Kirstn Myhre Озодлик билан суҳбатда.
Хўш¸ сиëсий бошпана олиш илинжида йиллардан бери идорама-идора юрган юзлаб ўзбекистонлик қочқин ўзининг Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам сиëсий ëхуд диний фаолияти учун таъқибга учраганини қай усулда исбот қилиши лозим?
- Ўзбекистонлик бошпана сўровчиларнинг аксарияти келтираëтган сабаблар анчайин ишониш қийин гаплар. Биз бу даъволарнинг қанчалар ҳақиқат эканини обдон текшириш учун бошпана сўровчи шахс билан бир кун давомида обдон суҳбатлашамиз. Улар ўзларининг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан таъқибга учрагани ва ҳатто қамоққа олинганини даъво қилади. Айнан қачон¸ қаерда¸ қайси айб бўйича ҳибсга ëки қамоққа олинганини сўрасангиз¸ бирор аниқ маълумот бера олмайди. Ëки айтилган бир гап иккинчисини инкор қилади. Кўпчилик¸ мени ҳибсга олиб¸ бир соатдан сўнг қўйиб юборишди¸ дейишади. Биз Ўзбекистондаги режимнинг ўзи таъқибга олган шахсларни осонликча қўйиб юбормаслигини яхши билганимиз боис¸ табиийки¸ бунақа гапларга ишонмаймиз¸ дейди Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси расмийси Kirstn Myhre Озодлик билан суҳбатда.
“Биз Ўзбекистондаги сиëсий вазият бўйича мутахассис бўлмасак-да¸ бу вазиятни жуда яхши биладиганлар билан бирга ишлаймиз. LandInfo деб номланган ташкилот таҳлилчилари Норвегиядан бошпана изловчилар ватанидаги асл вазиятни мунтазам кузатиб¸ бу борада бизга маслаҳат беришади. Ана шу мутахассислардан Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолисининг аксар қисмини маҳаллалар орқали назорат қилаëтганини яхши биламиз. Шу боис¸ "мен ҳукумат кузатувидаман"¸ деганнинг барига биз бошпана бера олмаймиз”¸ дейди Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси расмийси Kirstn Myhre.
Ўзининг Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир диний гуруҳига аъзоликда айбланиб¸ таъқибга учраганини айтаëтган Улуғбек исмли қочқин Осло расмийси фикрларини билвосита тасдиқлайди.
- Менга ишонишмаяпти. Энди мен қандай қочиб келган бўлсам, убежише сўраш хаëлда ҳам бўлмаган нарса. Билмаганман нима, қанақа документ олиш керак бу ëқларга. Ҳеч нарсасиз келганман. Ҳозир булар унақа исбот, бунақа исбот деяпти. Ҳозир ҳеч нарса топиб бера олмаяпман¸ дейди ўзини Улуғбек деб таништиришни сўраган Норвегиядаги ўзбекистонлик қочқин.
Озодлик мухбирлари Норвегиядаги ўзбек қочқинларидан яна бир нечтаси билан боғланди ва уларнинг Ўзбекистонда қайси сиëсий ëхуд диний фаолияти учун қачон¸ қай шаклда таъқибга учрагани билан қизиқди. Муҳожират расмийси тилга олган каби¸ уларнинг кўпи бу саволга асосли жавоб бера олгани йўқ¸ боз устига Норвегиядан сиëсий қочқинлик сўраëтганларнинг кўпчилиги ўз исм-шарифи келтирилишини ҳам истамади.
Норвегия Иммиграция полицияси матбуот котиби¸ бошпана сўраган ўзбекистонлик қочқинларнинг ўз ватанига қайтарилгач¸ Ўзбекистон махсус хизматларининг кучлироқ таъқибига учраши ҳақидаги даъволарни ҳам рад қилади.
- Биз нафақат уларни Тошкентга жўнатдик¸ балки ватанига етиб олгач¸ улар билан боғланиб¸ нималар бўлганини ҳам суриштирамиз. Ҳозиргача депортация қилинганларнинг бирортасига зулм бўлганини эшитмадик¸ дейди Норвегия Иммиграция полицияси матбуот котиби Monica Thorud.
Норвегиядан депортация қилинаëтганлар аксарининг Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай таъқибга учрамагани¸ уларнинг иқтисодий ëхуд бошқа сабабларга кўра Европанинг бу бадавлат ва демократик давлатида ўринлашмоқчи бўлганини ўзини Улуғбек деб таништиришни сўраган қочқин ҳам тасдиқлайди.
- Жўнатиб юборган болалар майли, биттасининг акаси СНБда ишлар эканмиш, олиб чиқиб кетибди аэропортдан. Битта тошкентлик оиланинг отаси министерствода ишлар экан. Бир кун СНБда аэропортдан чиқармасдан олиб ўтиришган экан. Отаси кириб олиб чиқиб кетибди. Кимдадир бор экан. Бошқа болаларчи? Конкрет проблемаси билан юрганлар борда бу ерда. Уларни ким олиб чиқиб кетади камбағал болалар бўлса¸ дейди ўзини Улуғбек деб таништиришимизни сўраган ўзбекистонлик қочқин.
Бу саволга жавоб бера туриб Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси мутасаддиси¸ Ўзбекистонда ўз сиëсий ëхуд диний фаолияти учун ҳақиқатан ҳам таъқибга учраб¸ ҳаëти хавф остида қолганларнинг безовта бўлишига асос йўқлигини айтади.
- Биз рад жавоби берган сўров эгалари бу раддия юзасидан шикоят ëзишлари мумкин. Шикоят асосида биз ишни яна бошдан синчковлик билан ўрганиб чиқамиз. Агар биз ишда бирор янги асос-далил топа олмасак¸ уни кўриб чиқиш учун мустақил Аппеляция кенгашига юборамиз. Кенгаш бошпана сўровчи ҳужжатларини бошдан-охирига қадар биздан мустақил ўрганиб чиқади. Агар улар бошпана беришга лойиқ янги асослар топса¸ сўров қондирилади ва бошпана сўровчи Норвегияда қолиш учун рухсат олади. Агар Аппеляция кенгаши ҳам улар сўровини рад қилса¸ унда иш полицияга ўтади ва бошпана сўровчи Норвегиядан депортация қилинади¸ дейди Муҳожират бўйича Норвегия бошқармаси мутасаддиси Kirstn Myhre Озодлик билан суҳбатда.
Норвегия Иммиграция полицияси расмийси¸ сиëсий бошпана бериш сўрови рад этилган қочқинларга уларнинг норвег қонунчилигида кўзда тутилган ҳақларини яна бир бор эслатиб қўяди:
- Норвегиядан сиëсий бошпана олиш сўрови рад этилганлар олдида доимо икки имкон бор. Улардан бири депортация қоғозини олгач¸ ўз хоҳиши билан мамлакатни тарк этиш. Иккинчиси¸ полиция кузатувида депортация бўлиш. Ўзбекистонликларда ҳам ҳозирга қадар ўз ихтиëри билан Норвегиядан чиқиб кетиш имкони бор эди¸ аммо улар бу ишни қилмагач¸ биз хизматчиларимизни юборишга мажбур бўлдик.
Ҳозирча ўзбек қочқинларига куч ишлатилганидан хабарим йўқ¸ аммо улар қаршилик қилса¸ полицияда куч қўллаш ваколати¸ табиийки¸ бор¸ дейди Норвегия Иммиграция полицияси матбуот котиби Monica Thorud.