Афғонистоннинг Бағлон вилоятида НАТО ва афғон қўшинлари қўшма рейдида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 4 қўмондони ўлдирилган. НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция тарқатган баёнотда айтилишича, ўлдирилган жанггарилар коалиция қўшинларига қарши уюштирилган бир нечта йирик ҳужумга масъулдир.
20 март куни тунда ўтказилган рейд чоғида ҳалок этилган ЎИҲнинг 4 нафар қўмондони бир нечта худкуш ҳужумлар учун масъул бўлгани айтилади НАТО тарқатган баёнотда.
Рейд чоғида жами ўлдирилган жанггарилар сони эса 10 нафар бўлган, яна бири асир олинган.
Бу ҳақда хабар қилаётган The Long War Journal нашрига кўра, 20 март куни кечаси ўтказилган рейд Бағлон вилоятининг жанггари гуруҳлар макон тутгани айтиладиган Бурқа туманида халқаро қўшинлар томонидан март ойида ўтказилган тўртинчи амалиётдир.
Бунга қадар ўтказилган рейдлардан бирида ўзбек, чечен ва тожик жанггарилардан иборат 80 кишилик гуруҳга етакчилик қилган Толиб қўмондони нишонга олингани айтилмоқда.
Шунингдек, сўнгги ой ичида Балх вилоятида ҳам ЎИҲ ва Толиблар гуруҳларига қарши амалиёт ўтказилган ва унда ҳам ЎИҲнинг етакчи қўмондонларидан бири бўлган Билол Қундузий ва Шод Муҳаммадлар ўлдирилган, ҳаракатнинг бошқа бир етакчиси ҳибсга олинган.
Хабарларга кўра, ЎИҲ ҳозирда Толиблар билан бирга Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятини макон тутган.
Айрим манбаларга кўра, бу минтақада ўзбек ҳамда бошқа марказий-осиёлик жами 3 минг жангчи бор.
The Long War Journal нашрига кўра, 2009 йил сентябр ойида АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилган ЎИҲнинг собиқ етакчиси Тоҳир Йўлдош ўрнини эгаллаган Усмон Одил етакчилигидаги гуруҳ ҳозир Покистон ва Афғонистондаги террорчилик ҳужумларида иштирок этмоқда.
Шунингдек бу нашрга кўра, ўзбек жанггарилари кўпроқ Покистон Толиблари ва Ал-Қойданинг энг нуфузли етакчиларига тан соқчилик қилмоқда.
Эслатамиз, кейинги бир йил давомида ЎИҲ ёки унга алоқадор гуруҳлар Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида рўй берган зўравонликларда иштирок этгани, Европадаги террорчи фитналарга алоқадорлигига оид хабарлар берилди.
Бундан ташқари, баъзи экспертлар ЎИҲ Марказий Осиёда куч тўплаётгани ва Афғонистон шимолида янги истеҳкомларни яратаётганини тахмин қилмоқда.
Эслатамиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бундан қарийб 20 йил муқаддам тузилган эди. Бу гуруҳ Марказий Осиёдаги энг ашаддий террорчи гуруҳ, дея танилганига ўн йилдан ошди.
2000 йилда ЎИҲ Афғонистонга ўтиб, Аҳмад Шоҳ Маъсуд етакчилигидаги Шимолий Альянс кучларига қарши курашаётган Толибон ҳаракатига қўшилади ва толибларнинг ҳокимият тепасига келишига ҳисса қўшади.
2001 йилнинг ноябрида бошланган АҚШ истилоси пайтида эса ЎИҲ катта талафотларни бошдан кечирди. Ўшанда ҳаракат етакчиларидан бири Жума Намангоний АҚШ кучлари уюштирган бомбардимонда ҳалок бўлгани айтилади.
Ҳаракатнинг қолдиқлари қўшни Покистонга ўтиб, қабилалар назоратидаги Вазиристон минтақасидан паноҳ топди.