Oxus Gold ширкати “форс мажор” эълон қилди

Oxus Gold шу пайтга қадар Ўзбекистондан 74 тонна соф олтин қазиб олган.

Британиянинг Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан тузилган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонаси фаолияти бўйича “форс мажор”, яъни мажбуриятларни бажариш имконини қолдирмайдиган фавқулодда вазият вужудга келганини эълон қилди.

Рroactiveinvestors.co.uk сайти хабарига кўра, фавқулодда ҳолатларда қўлланиладиган “форс мажор” қоидаси Oxus Gold ширкатини ўз мажбуриятларидан озод қилади.

Кончилик ширкатлари шу пайтгача фақат Австралияда сув тошқини рўй берганда маҳсулот етказиб бериш бўйича мажбуриятларини бажара олмагани сабабли “форс мажор” қоидасидан фойдалангани айтилади хабарда.

Ўзбекистонда 13 йилдан бери олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келаётган Oxus Gold Ўзбекистон билан тузилган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонасидаги ўзига тегишли бўлган 50 фоиз улушни ўзбек ҳамкорларига сотишга мажбур бўлмоқда.

Март ойи бошида Oxus Gold ширкати ўз ҳиссадорлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистонни халқаро арбитраж судига бериш ниятини эълон қилган эди.

Oxus Gold ширкати расмийлари фикрича, Ўзбекистон томони Британия ширкатига тегишли улушни адолатли баҳоламаган.

Ўз исмини айтмасликни сўраган Oxus Gold ширкати расмийси Озодликка “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонадаги ўз улушини муносиб баҳолаш муаммосини ҳал этиш учун Oxus Gold Ғарбдаги нуфузли адвокатлик ширкатларидан бирини ёллаганини маълум қилди.

- Ширкат халқаро арбитраж судига мурожаат қилмоқчи. Масалани ўз фойдасига ҳал қилиш учун Oxus “Amsterdam & Peroff LLP” ("A&P") ширкатидан қонунчилик бўйича маслаҳатлар олади. Муаммо суд орқали ҳал бўлиши керак,- дейди Oxus Gold расмийси.

Oxus Gold ширкати кейинги йилларда асосан Ўзбекистон ҳудудида олтин қазиб олиш билан шуғулланган. 1996 йилда тузилган “Oxus Gold” бундан аввал Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам олтин қазиб олган.

“Oxus Gold” Ўзбекистон ҳукумати билан бирга ташкил этган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонаси Қизилқум минтақасида олтин ва кумуш ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда.

Ўзбекистонда 1998 йилдан бери олтин қазиш ишлари билан шуғулланиб келадиган Oxus Gold ширкати бу мамлакатда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ.

Хусусан, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатда олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган яна бир ҳорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани ваъжидан ширкатнинг “Зарафшон-Нюьмонт” қўшма кохонасидаги улуши тортиб олинган эди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб бериш эвазига Ўзбекистон судида ғолиб чиққан эди.