Японияга ўзбекчасига ёрдам қилсакми?

Қаршилик ҳайдовчи Абду Муродов фикрича, ўзига ўхшаган ўзбекистонликлар Япониядаги тикланиш ишларига имкон қадар ёрдам бериши мумкин эди.

Озодликка сим қоққан ҳайдовчи Абду Муродов, Японияда иш бўлса, нурланиш ва зилзилалардан ҳам чўчимай, у ёққа кетишга тайёрлигини билдирди.

"Японияда ҳайдовчилик қилишнинг иложи йўқмикан?"

Қаршилик ҳайдовчи Абду Муродов "11 март куни табиий офат ёғилган Японияга ёрдам керак, биз ишчи бўлиб ёлланиб борсак бўлмасмикин?" дея таклиф киритади.

- Япония тўғрисида гапираяпсизлар-ку. Мана японларда кўп нималар бўлиб кетди. Ўшанга сизлар через посолствоми ëки ўзларингизми қандайдир бир Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилиб бўлмайдими, демоқчи эдим-да.

Озодлик: Ëрдамгами?

- Ҳа. Ëшим 50 да. Биринчи класс шофëрман. Автобус ҳайдай оламан. Ҳамма категорияларим бор. Бу ерда ишсизлик қийнаб юбораяпти-да. Сизлар элчихоналар орқалими, шундай бир таклиф киритсангизлар бўлмайдими, деган мақсадда, сизларни жуда эшитиб тураман мен.

Озодлик: Сиз бориб, уларга ҳайдовчилик билан ëрдам берсангиз, бу холис ëрдам бўлмайди, маошга ишлаб, шу орқали ëрдам бермоқчисиз, шунақами?

- Агар раз шу ëққа кетадиган бўлсак, ҳам ëрдам, ҳам рўзғор тебратамиз. Шунақа бўлади-да. Қаердадир ишлашимиз керак-ку. Мен деярли 10 йилдан бери бекорман. Мабодо шунақа таклиф бўлса, японлар томонданми, элчихона томонданми, ўзбек халқини биласиз-ку, ўлим ишдан ҳам қайтмайди, - дейди қаршилик ҳайдовчи Абду Муродов.


"Одамларнинг бозорда пул топгани катталарга ёқмаяпти"

Кореядан қўнғироқ қилган самарқандлик тингловчи Орзу Ҳасанов Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида гавжум бозорларнинг бузилиши ҳақида фикр билдирди. Бир вақтлар ўзи ҳам бозорда мева-чева сотган бу йигит шаҳарларни ободонлаштириш мақсадида қилинаётган бу ишлар минглаб одамлар рўзғорини ночор аҳволга солмоқда, деган фикрда.

- Тошкент, ҳозир Андижонни бузишаяпти, вақтида Самарқандни бузишди. Шунинг орқасидан анча халқ тирикчилигини нима қилаëтган эди. Яна шуни бузиб, жойига парк қурмоқчи. Тошкентда ҳам эшитдик - боғ қурмоқчи экан. Бунинг орқасидан ким манфаат кўради? Ëш болалар дейлик. Пул бўлмаса, ким боради. Самарқандда менинг кўрганим, СамГУнинг олдида катта боғ бор эди. Уйдагилар билан борардик-да. Ëш бола эдик. Катта-катталар юрарди. Ҳозир шуни бузиб ташлаб, олдидаги ярмарка, нималарни олиб ташлаб оддийгина боғ қилиб қўйган. У ерда 3 яшар боладан каттаси юра олмайди.

Озодлик: Зерикарлими?

- Ҳа. Олдин кочелялар бор эдида. Ҳаммасини кўчириб, четга олиб бориб қўйди. Шаҳардагилар у ерга бормайди. Четга домнинг ўртасига тиқиб қўйди. Ҳеч ким кўрмайди уни.

Озодлик: Мана республикадаги турли бозорларни кузатаяпсиз экан. Нимага у бозорларни бузиб, парк қураяпти, деб ўйлайсиз?

- Менинг фикримча, аниғини билмайман-у, катталарнинг, бозорнинг орқасидан анча одам ўзини тиклаб олаяпти, шу катталарга ëқмаяпти. Зўрдан зўр чиқаяпти-да, шуларга ëқмаса, шунақада.

Озодлик: Одамлар бозордан шунчалик бойиб кетаëтганмиди?

- Оддий сотувчилар шу йил битта пиëла сотса агар, келаси йил иккита, шунақа қилиб кўтарилиб кетаëтганлар ҳам бор-да. Бу менинг фикрим, - дейди Кореядан қўнғироқ қилган самарқандлик тингловчи Орзу Ҳасанов.


"Уйни товламачидан олган эканман"

Тошкент шаҳридан телефон қилган Абдулла Ҳошимов эса 2005 йилда 10 минг АҚШ долларига сотиб олган уйини ҳануз ўз номига расмийлаштира олмаётганидан арз қилди.

Унга кўра, уйни сотган одам фирибгарлик қилган ва бу ҳақида унинг ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаати самара бермаяпти.

- Мен 2005 йилда битта уй сотиб олган эдим-да. Сергели туманидан олган эдим. Уй эгаси аферист экан. Ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон, ҳам Россия фуқароси экан. Хуллас, менга доверенност бериб кетди купля-продажага. “Ўзинг тўлаб, ўзинг оформлят қилиб оласан”, деди. Чилонзор тумани нотариусида оформлят қилдим. Пулни тўлаб, уни жўнатиб юбордик. Етти кундан кейин бизлар бехабар келиб, нотариус билан гаплашиб, пора берганми - нима қилган, хуллас бекор қилиб юборди.

Озодлик: Олди-сотди шартномасиними?

- Ҳа. Ишончномани бекор қилиб кетган. Шу кетганча кетди. Ўзи телефонга чиқмайди. Хуллас, бизларни уйдан чиқариш бўйича қарор чиқаришди. Кейин Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилдим. Жиноий иш қўзғатди 2007 йил. Унинг учта фуқаролиги ўша пайтда аниқланди. Қочиб кетган-да. Қидирувда қилгандай беришаяпти-да, ҳеч қанақа қидирувга беришмаган. Чўзиб ëтишибди. Уни ушлаб келишса, бу ерда жиноий суд бўлармиш-да, кейин уй чиқариб беришармиш. Хуллас, ҳеч кимнинг олиб келгиси йўқ. Жиноий ишни тўхтатиб қўйишган. Тупик кўчага тиқиб қўйишган.

Озодлик: Сиз ҳозир қаерда яшаяпсиз?

- Биз ҳозир яна қайтиб кирдик ўша уйга. Милицияларга мурожаат қилдик "пул тўлаб қўйиб, кўчада юрамизми?" деб. Уйга қайтиб кирдик, лекин ўзимизнинг номимизга чиқмагандан кейин нима кераги бор у уйнинг, - дейди тошкентлик Абдулла Ҳошимов.



"Қишлоқ жойда тадбиркор учун минг битта муаммо бор"

Шу кунларда Россияда ишлаб юрган самарқандлик Шуҳрат исмли тингловчимиз яқинда уйидан қайтгани ва қайтар экан, ҳафсаласи пир бўлиб қайтгани сабабларини сўзлаб берди.

- Ҳар кетганда қасам ичиб кетамиз, лекин мажбурда одам келишга.

Озодлик: Демак, ўтган сафар кетаëтганда қайтиб келмайман, деб кетгансиз.

- Ҳа.

Озодлик: Топганим етади у ëқда бир иш қилишга, деб ўйладингиз,.

- Ҳа, ўйлагандим-да.

Озодлик: Нима иш қилишни мўлжаллаган эдингиз?

- Тўғрисини айтсам, бирор-бир тадбиркорлик қилишни мўлжаллаган эдим.

Озодлик: Нима бўлди? Ўхшамадими?

- Ўзига яраша ишкали кўп-да. Биз районда турамиз. Мисол учун, бирор-бир ишлаб чиқарадиган нарса қурмоқчи бўлсангиз, энг биринчи, электр керак. Электр йўқ. Ëки газ керак. Газ йўқ. Ана тадбиркор, тадбиркор. Ток умуман йўқ, деярли йўқ.

Озодлик: Тадбиркорлик қилмасликка мана шу нарса сабаб бўлдими?

- Асосий нарса мана шу. Шаҳар жойларда бору, лекин цивилизациядан узоқ қишлоқ нималарида йўқ.

Озодлик: Шу тўсиқ экан деб ниятингиздан қайта қолдингизми ëки бошқа тўсиқлар ҳам борми?

- Фақат бу эмас. Қаранг, мен электрни таъминлайман, деб ҳамма нарсани режалаб қўйдим. Электр берадиган қувватли двигателлар бор-ку. Уларни ҳам олдим. Газ ўрнатишни ўйлаб кўрдим. Лекин барибир бўлмайди-да. Мана шу нарсалар оқламайди.

Озодлик: Бор муаммо шу бўлдими ëки яна бошқа муаммолар ҳам борми?

- Минг битта муаммо.

Озодлик: Айтмоқчиманки, электр ва газ муаммо экан, буни ўзингизча ҳал қилиб, яна олдинга ҳаракат қилдингизми ëки шуни ўйлаб кўриб тўхтадингизми?

- Шунинг умуман уддасидан чиқа олмадим. Электр ва газ бўлмаса, бизда ҳаëт қийин.

Озодлик: Бошқа тадбиркорлар нима қилаяпти экан унда? Ë тадбиркор йўқ эканми?

- Қишлоқда йўқ деса ҳам бўлади. Қишлоқ шароитида бир нарса ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ.

Озодлик: Демак, яна кўпроқ пул йиғай, деб келдингизми бу ëққа?

- Насиб, - дейди Россияда ишлаб юрган самарқандлик Шуҳрат исмли тингловчимиз.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!