Қирғизистонда "Жайшул Маҳдий" террорчиликда айбланмоқда

Сўнгги пайтларда қирғиз милицияси шаҳарнинг турли жойларидан тез-тез бомба топадиган бўлиб қолди.

Бишкек мактабларидан бирига қўйилган бомба "Жайшул Маҳдий" ташкилотининг иши экани айтилмоқда.
Бишкекдаги 20 - ўрта мактаб қўриқлаш хизмати ходимларидан бири мактаб биносидан топиб олган портловчи мосламани воқеа жойига етиб келган махсус химзатнинг “Альфа” гуруҳи сапёрлари зарарсизлантиришди.

- Халта текширилганда унинг ичида қўлбола портловчи мослама бўлган. Бу портловчи модда алюмин пудрасидан, амиак селитраси ва сочилувчи майда темир-терсакдан ясалган. Мутахасислар ҳулосасига кўра, портловчи модданинг кучи 1 килограм тротил моддасига тенг, - деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакили Нурлан Тўқталиев.

Сўнгги пайтларда Бишкекда портловчи мосламалар билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез учраб турибди.

Бир неча кун олдин номаълум одамлар депутат Марат Султоновнинг уйига граната ташлаган эди.
28 апрел куни Қирғизистон парламенти депутати Марат Султановнинг уйида граната портлатилган эди. Хавфсизлик тизими ходимлари хозирча депутатнинг уйига граната ташлаганларни қўлга олмади. Бу воқеадан бир ҳафта ўтгач, Бишкекдаги 20 – мактабдан портловчи мослама топилди.
Мактабда портловчи модда топилгани ҳолати юзасидан “тажовуз қилиш” ва “террорчилик” моддалари бўйича жиноят иши очилиб, тергов бошланди.

2010 йилнинг сентябрида Бишкекдаги синагогада, 30 ноябрда Спорт саройи олдида ҳам портлашлар содир этилган эди. 25 декабрда Бишкек шаҳар милиция биноси ёнида портлатишга тайёрланган автомашина топилганди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу жиноятларда Амир Исламов бошчилигидаги “Жайшул Маҳдий” террорчи ташкилотини айблаб, шу йилнинг 15 апрелида мазкур ҳолатлар юзасидан очилган жиноят ишини судга ўтказиб берганди.

Ҳозирда ушбу террорчи гуруҳнинг ўн аъзоси қўлга олинган. Икки нафари 5 январда Бишкек чеккасидаги Беш-Кунгўй қишлоғида ўтказилган махсус амалиётда жисмонан йўқ қилинган. Гуруҳнинг яна уч аъзосига қидирув эълон қилинган.

Бишкек яқинидаги Беш Кунгай қишлоғида "Жайшул Маҳдий"га алоқадор экани иддао қилинган гуруҳ жисмонан йўқ қилинган эди.
“Жайшул Маҳдий” ташкилотининг мақсади Қирғизистонда ҳокимятни ағдариб, ҳалифат қуриш экани айтилади.

Хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Марат Иманқулов, Бишкекдаги 20 – мактабдан топилган портловчи модда ҳам “Жайшул Маҳдий” ташкилоти аъзоларининг иши деган таҳмин борлигини маълум қилди.

Марат Иманқулов 20-мактабдан ва Бишкекда охирги ойларда топилган бошқа портловчи моддалар, махсус тайёргарликдан ўтган мутахасислар томонидан тайёрлангани аниқланганини айтади:

- Бу портловчи моддаларни тайёрлашни террорчиларни махсус тайёрловчи лагерлардаги инструкторларгина ўргата олади. Бошқа одамларнинг бундай тажрибалари йўқ. Шунинг учун Бишкекда топилаётган портловчи мосламаларни Афғонистон ёки Покистондаги террорчилар лагерларида тайёргарликдан ўтган одамлар ясаган, деган таҳминимиз бор, - деди Марат Иманқулов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Кенешбек Дуйшебаев эса, 29 апрел куни Қирғизистон парламентида қилган чиқишида, Покистон ва Афғонистондаги террорчиларни тайёрловчи лагерда 200 дан 400 нафаргача қирғизистонликлар тайёргарликдан ўтаётгани ва Қирғизистон ислом харакати тузилгани тўғрисда разведка маълумотлари олинганини маълум қилган эди.