Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасида ўтказиладиган “Кино ОИТСга қарши” тадбирига бу йил ҳомийлик қилолмайди. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи хайрия кечасига бу сафар ҳамраислик ҳам қилмайди, яқинлаштирилмайди ҳам. amfAR ташкилоти матбуот хизмати хабарномасига кўра, 19 май оқшоми ўтказиладиган хайрия тадбири иштирокчилари рўйхатида Гулнора Каримованинг исми-шарифи йўқ. АҚШдаги amfAR, ОИТС муамосини тақиқ қилиш жамғармаси ташкил қиладиган тадбирларнинг бундан аввалги икки мавсумида Г. Каримова иштирок этиб, катта миқдорда хайрия кўмаги кўрсатгани айтилади. Г. Каримованинг бу дастурда қатнашиши халқаро ташкилотлар, xусусан Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти танқидларига сабаб бўлган эди.
Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасида ўтказиладиган кечаларда иштирок қилмайди ва элчихона ҳеч бир тарзда бу тадбирларга ҳомийлик қилмайди, деди элчихона вакили.
2009 йилда “Кино ОИТСга қарши” номли тадбирда 500 минг евро хайрия қилган Гулнора Каримова, 2010 йилда бу тадбир раисдошлари рўйхатига киритилган эди.
Бу тадбирни ҳар йили Франциянинг Канн кинофестивали доирасида маркази Ню Йоркда жойлашган amfAR ноҳукумат ташкилоти уюштириб келади.
Ҳолливуд юлдузлари, мода олами номдорлари, йирик сиëсатчи ҳамда аслзода киборлар иштирок этадиган бу тадбирда дунë бўйлаб Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми касалига қарши кураш учун хайрия маблағи йиғилади.
Тадбирда ОИТС га қарши кураш учун катта маблағ хайрия қилган ташкилот вакиллари, шунингдек хусусий шахслар иштирок этади.
“Берган Xудога ҳам ëқибди”, деган ўзбек мақолининг Франциядаги ижобати бўлган бу ҳолат кўп ташкилотлар тарафидан қораланди.
“Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасидаги тадбирда қатнашишга лойиқ эмас”, деб баëн қилган эди 2010 йилда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти.
Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиë бўйича дастурлари директори Ҳолли Картнер эълон қилган баëнотда, "Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларини турмаларга ташланаëтган бир пайтда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Канн кинофестивали доирасида ўтказиладиган “Кино ОИТСга қарши” кечасига раисдошлик қилишга лойиқ шахс эмас" дейилади.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам Канн фестивалида Гулнора Каримова иштирок этганидан норози бўлган эди.
Ташкилот фикрича, кечани ташкил қилаётган аmfAR” жамғармаси одамлар ОИТСга қарши курашга тарғиб қилганлиги учун жиноий таъқибга солинадиган мамлакат вакилини кечага киритмаслиги лозим.
Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасида ОИТС ҳақида “қайғураëтган” бир пайтда ОИТС тарқалишига қарши ҳаракат қилиш тўғрисида маълумот тарқатганлиги учун ўзбек фаоли Максим Попов етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Гулнора Каримованинг amfAR хайрия кечасида ҳамраислигига эътирозлар туғилгач, Поповнинг озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Аммо орада ўтган бир йил мобайнида маҳбус Попов тақдирида ўзгариш бўлмади.
Жамоатчилик фикри Францияда катта рол ўйнайди, шу боис Канн кинофестивали эшиклари Гулнора Каримова учун ëпилди, дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
- Қанчалик спонсорлик қилмасин, қанчалик хайру эҳсонлар қилмасин улар ўзининг устувор манфаатларини ва имижларини ўйлаб иш тутиш бу ерда одат тусига кирган. Шу сабабдан бу ерда, менимча, жамоатчилик фикри бир томондан тўйинаяпти, Ўзбекистондаги сиëсий режим тўғрисидаги тафаккурлар бойияпти ва айни пайтда шу билан биргаликда Каримоваларга нисбатан жамоатчилик фикри эволюция бўлаяпти деб айтишга тўлиқ асос бор.
Бундан ташқари, деб давом этади францияда муҳожиратда яшаётган сиёсий шарҳловчи, вақт ўтган сари ғарб жамоатчилигининг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури ошиб бормоқда ва бу мамлакатга нисбатан кучайиб бораётган қизиқиш бу ҳолатга ҳисса қўшган бўлиши табиий.
- Ўзбекистондаги вазият, инсон ҳуқуқлари, болалар меҳнати ва бир қанча ўнлаб, юзлаб омиллар ўзининг таъсирини борган сари кучайтираверади. Лекин масалан Европада, жумладан Францияда ҳам жамоатчилик фикри шунчалик кучлики, Тунис ва Мисрга саëҳат қилган шахсларнинг, баъзи бир вазирлари масалан Тунисга сафар қилган ўша даврдаги Ички ишлар вазири мана бугунги кунда ишдан бўшатилган. Унинг ўрнига умуман бошқа шахс қўйилди. Демак, бу ерда инсон ҳуқуқлари сиëсий шахснинг ва сиëсий кучларнинг, партияларнинг имижида бирламчи рол ўйнайдиган омиллардан биттаси. Шу пайтгача Ўзбекистон тўғрисида маълумотлар кам эди, лекин борган сари мана халқаро ташкилотлар ўша ташкилотчиларга қудратли бир йиғилишларга Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотларни кўпроқ бераяпти ва у ўз самарасини кўрсатаяпти дейишимиз мумкин, дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.