АҚШнинг Араб дунёсидаги воқеаларга бўлган ҳамда журъатсиз ва мужмал, деб танқид қилинаётган муносабати ҳақда фикрингиз қандай?
“Араб баҳори”, деб номланаётган Шимолий Африка ва Араб давлатларида ғалаёнлар бошланганидан 4 ой ўтиб, АҚШ Президенти Барак Обаманинг бу воқеаларга оид нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Тошкент вақти билан кечки соат 8:40 сўзлаши кутилаётган нутқи давомида Барак Обама сўнгги воқеалар ички ва ташқи қиёфасини мутлақ ўзгартирган бу қитъа давлатлари билан АҚШнинг кейинги ташқи сиёсати йўналишларига оид жиддий масалаларни тилга олиши кутилмоқда.
АҚШ президенти нутқи.
http://www.rferl.org/flashembed.aspx?t=vid&id=19155&w=512&h=357
2009 йилнинг январ ойидаги инагурация маросимида қилган илк нутқида Барак Обама президентлик даврида нисбатан прагматик бўлишига ишорат ўлароқ, АҚШга нисбатан ғанимлик позициясида бўлган барча диктатор ҳукуматларга мулоқот қўлини чўзиши, аммо, бунинг учун бундай давлатлар ўз хулқ-атворини ўзгартиришига тўғри келиши, акс ҳолда улар ўз қилмишлари билан инсоният тарихининг қора саҳифаларида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Аммо, шундай буён йирик ўзгаришларсиз ўтган икки йилнинг сўнгги тўрт ойи ичида дунёнинг айнан Яқин Шарқ қисмида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлди. Натижада, АҚШ дунёнинг нисбатан беқарор, аммо, стратегик жиҳатдан ҳаётий аҳамиятга эга бўлган бу қисмдаги баъзи давлатлар билан муносабатларини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Бу минтақа билан алоқаларни узиш АҚШнинг бу борадаги ташқи сиёсатини нечоғлиқ ўзгартиришга мажбур қилгани эса 19 май куни президент Барак Обаманинг Давлат департаментида сўзлаши кутилаётган муҳим нутқидан сўнг тамомила ойдинлашади.
Бу воқеа арафасида Оқ Уй расмийлари президент тилга олиши кутилаётган асосий масалалар мазмунини маълум қилди.
Жумладан, президент Обама ўз нутқи чоғида АҚШ ҳукуматининг Миср, Тунис ва бу минтақанинг демократияга қучоқ очган бошқа давлатларига нисбатан янгича ёндошувини эълон қилиб, уларга бир неча миллиард доллар миқдорида ёрдам таклиф қилишини айтиши кутилмоқда.
Хабарларга кўра, янгича ёндашув, афтидан, узоқ муддатли диктатура режимидан сўнг демократия томон қадам ташлаган давлатлар ҳукуматлари олдига биринчи галда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш талабини қўяди.
Оқ Уй расмийларидан бирининг айтишича, 1989 йилда коммунистик тузумлар қулаган Марказий ва Шарқий Европа давлатларидан олинган тажрибадан келиб чиқиб, АҚШ раҳбарияти Яқин Шарқдаги инқилоблардан сўнг ҳукуматга келган кучларга ишни иқтисодий ислоҳотлардан бошлашни тавсия қилади.
Оқ Уй расмийларига кўра, бундай ислоҳотлар учун Вашингтон маъмурияти, жумладан, Миср ҳукуматига 1 миллиард АҚШ долларига қадар миқдорда қарз беришни режаламоқда.
Шунингдек, ўз нутқи давомида Обама АҚШнинг Яқин Шарқдаги вакили сенатор Жорж Митчеллнинг истеъфоси ортидан Вашингтоннинг Исроил-Фаластин тинчлик жараёнига оид янгича ёндавшувга асосланган режаларини ҳам тилга олиши кутилмоқда.
Исроилдаги айрим газеталар нутқнинг аввалдан эълон қилинган мазмунига таянганини айтиб, Барак Обама ўз нутқида Исроил раҳбариятини 1967 йилдаги чегараларига қайтиш ва Ғарбий соҳилдаги қурилишларни тўхтатишга ундаши ҳақида ёзмоқда.
Аммо, Оқ Уй маъмурияти бундай тавсиялар бўлиши эҳтимолини максимал даражада озайтириб, Обама нутқининг мазмуни аввалдан ошкор этилмаганини айтмоқда.
Бироқ, Оқ Уйнинг матбуот вакили Жэй Карней Обама бу борада минтақа аҳлининг “демократик истаклари”ни инобатга олиб, янгича, “ўзига хос ғоя”ларни ўртага ташлаши мумкинлигини айтди.
Барак Обаманинг нутқи АҚШ ҳукуматининг Яқин Шарқ давлатларидаги ғалаёнларга нисбатан муносабати журъатсиз, ноаниқ ва номувофиқ, дея танқид қилинаётган бир кезга тўғри келмоқда.
Мисол учун, Мисрда халқ ғалаёнлари юзага чиққан илк кезда АҚШ давлат котибининг Ҳусни Муборак режимини “барқарор” деб баҳолаб берган баёноти кейинчалик Муборакни ҳокимиятдан кетиш чақириғи билан алмашди.
Ливияда эса Муаммар Қаддафийнинг ўз муҳолифлари ҳаракатини қонли бостиришига нисбатан Вашингтон аввалига бироз ҳадиксираб, эҳтиёткорона муносабат билдириб турган бўлса, БМТ Хавфсизлик кенгаши НАТО ҳаво ҳужумларига рухсат берганидан сўнггина қатъий позицияга ўтди.
Форс кўрфазидаги кичиккина давлат бўлган Баҳрайндаги намойишларнинг куч билан бостирилиши борасида эса АҚШ сукут сақлади.
Яъни ойдинки, АҚШнинг Яқин Шарқдаги сўнгги исёнларга муносабати салбий оқибатларга ва энг муҳими, АҚШнинг шу вақтга қадар ўзи устивор қўйиб келган қадриятларга ўзининг содиқ эканига нисбатан шубҳаларнинг кучайишига олиб келди.
Зеро, бунга қадар ҳам АҚШнинг бу минтақадаги диктаторларни орқаваротдан қувватлаши ҳақида танқидлар мавжуд эди.
Лондонда жойлашган Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперти Нодим Шоҳидий Обаманинг президентликка келган илк кезларда диктатор режимлар билан мулоқот ҳақидаги прагматик, дея баҳоланган чақириғи қанчалик умид уйғотган бўлса, кейинги 4 ой ичида диктатура режимларига қилган муносабати шунчалик умидларни пучга чиқарганини айтади.
- Менимча, президент Обама ёҳуд ЕИ раҳбарлари каби етакчилар баёнотларини кечиктириш, воқеаларга нисбатан бетараф туриш ёҳуд аниқ муносабат билдирмаслик каби имкониятга эга эмас. Боиси, ҳозирги дунёда шунинг ўзи муносабатдир. Башар ал-Ассад режимига нисбатан аниқ баёнот бермаслик айни дамда бу режимни қувватлаш бўлиши мумкин ва бу каби режимлар буни исёнларни қонли бостириш учун чексиз имконият ўлароқ қўллаши, бошқача айтганда, бу уларга қотиллик учун рухсатнома беришдек бир гап бўлиши мумкин,- дейди Нодим Шоҳидий.
Айни кезда Нодим Шоҳидий каби таҳлилчилар АҚШнинг араб ғалаёнлари бобида аввалига иккиланиши асл сабаби, бу ғалаёнлар ортидан минтақа ҳукуматларига аксил-Ғарб кайфиятидаги исломий кучларнинг келишидан қўрқув бўлгани ва айни қўрқув ҳануз АҚШ ичкарисида демократлар ва республикачилар ўртасидаги муносабатларни таранглаштириб турганини таъкидламоқдалар.
Бундан қатъий назар, дейди Нодим Шоҳидий, АҚШ дунё бўйлаб жар солиб келаётган устивор қадриятларга қатъий амал қилиши шарт.
- Президент Обама ўзи бошлаб берган “мулоқотчилик” сиёсатининг қопқонига тушиб қолгандек, назаримда. У президентлигини “Мен бу диктаторлар билан мулоқот қиламоқчиман”, деган баёнот билан бошлаган эди. Мулоқот масаласи кейинчалик АҚШ ичидаги кучлар, яъни республикачилар ва демократлар ўртасидаги мунозаралар мавзусига айланди.
Ҳозир эса Барак Обама англаб етиши лозимки, унинг Жорж Буш қолдирган оқибатларни йўқотишга қаратилган муддати битди ва бу масала бундан буён АҚШнинг ички иши бўла олмайди. Эндиликда бу ўз фуқароларини ваҳшийларча ўлдираётган режимларга бевосита дахлдор масаладир. Бу минтақадаги сиёсий бўҳрондан тўғри ечим билан чиқиш учун АҚШдан ҳам аниқ сиёсат талаб қилинади.
Чунки, АҚШ юзсизларча баъзи диктаторлар билан муроса қилиб, бошқаларига қарши туриши эмас, балки ҳар доим ўз қадриятларига содиқ қолишини намойиш қилиши зарур,- дейди Нодим Шоҳидий.
Шу таҳлит АҚШ маъмурияти кескин танқидлар остида қолаётган бир кезда Озодлик таҳририяти АҚШ маъмуриятининг Яқин Шарқдаги воқеаларга муносабатига ҳамда унинг нутқи давомида тилга олишини кутаётганингиз ва истаётганингиз мавзуларга оид фикрингизни сўраб, сиз азиз муштарийга ҳам юзланади.
Марҳамат, бу борада билдиришни истаган фикрингиз бўлса, шарҳ қолдиринг ёҳуд бизга қўнғироқ қилинг: телефонларимиз: +420 602 61 27 13 ëки +420 773 26 72 30.
E-mail манзилимиз: uzbekweb@rferl.org
Фикрларингизни кутиб қоламиз.