Россия Ходорковсийга 24 минг евро товон тўлаши керак

Бугун Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Михаил Ходорковскийни 2003 йилда ҳибсга олиш пайтида унинг ҳуқуқлари паймол қилингани ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд қарорига кўра, Россия ҳукумати Ходорковскийга етказилган маънавий зарар учун унга 24 минг евро товон пули тўлаши керак.

Бироқ Страсбург суди Ходорковский билан боғлиқ маҳкама ва айбловлар ортида сиёсий мотивлар яширингани ҳақидаги иддаоларни асоссиз деб топди.

Жорий ой бошроғида “Халқаро амнистия” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Михаил Ходорковский ва Платон Лебедевларни виждон тутқунлари, деб эълон қилган ва уларнинг қамалишига сиёсий мотивлар сабаб бўлганини хулоса қилган эди.

24 май куни Москва шаҳар суди Ходорковский ва Лебедевга аввал берилган 14 йиллик қамоқ жазосини бир йилданга қисқартирди.

Кеча Ходорковсий ва Лебедов Москва судига мурожаат қилиб, ўзларини шартли равишда муддатидан аввал озод қилиш тўғрисда ариза топширди.

ЮКОС нефт ширкати раҳбарлари катта миқдордаги маблағни ўзлаштирганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган эди.