Охирги пулини сарфлаб Россияга йўл олаётган ўзбек мардикорлари автобус багажида ҳам манзилга етишга рози.
Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Россияга кетаётган лиқ тўла автобуслар юкхонасида ҳам йўловчилар бўлгани аниқланди.
- Шаҳарлараро қатнайдиган икки автобус текширилганида уларнинг багажнигида 19 одам бўлган,- деди Жамбул вилояти Ички ишлар департаменти матбуот вакили Роза Холдибекова Озодлик билан суҳбатда.
Унинг айтишича, “Мерседес” ва “Сетра” русумидаги бу автобуслар салонига ҳам керагидан иккибаравар кўпроқ йўловчи чиқарилган бўлган.
- Ўриндиқларда ўтирган 54 йўловчидан ташқари яна 45 нафар ортиқча одам борлиги аниқланди,- деди Холдибекова.
Маълум бўлишича, автобус ичидаги одамларнинг аксари Россияга иш излаб кетаётган ўзбекистонлик мардикорлар бўлган.
Россияда ишлаётган 38 яшар қашқадарёлик Акрамжон бундай ҳолатларни ўз кўзи билан кўрганини айтади:
- “Мерседес”, ”Сетра” автобусларининг багажниги катта бўлади ва одамлар у ерга бемалол сиғиши мумкин”,- дейди у.
Автобус багажида ўтириб бориш эса анчайин арзон ва охирги пулини сарфлаб, Россияга йўл олаётган ўзбек мардикорлари учун эса ўзга танлов йўқ.
- Яшаш учун кураш дейди буни. Ҳамма шу ердан, Россиядан кун кўрай деяпти-да. Ўзбекистонда қиладиган ишнинг ўзи йўқ,- дейди Акрамжон.
Жамбил полицияси йўловчиларни бошқа автобусларга ўтқизиб, ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жазо қўллади.
Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун кетаётганда ҳаракатланиш воситаси сифатида автобусларни танлашади.
- Ҳайдовчиларга одам қанча кўп бўлса, шунча яхши, шунинг учун имкон қадар кўпроқ одам олишга ҳаракат қилади. Йўловчиларга ҳам энди уларни 120 долларга Ўзбекистондан бу ерга Москвага ҳеч ким келтирмайдику,- дейди Москвада киракашлик қилаётган хоразмлик Азамат.
Унинг айтишича, кўп холларда ҳайдовчилар пулга учиб хавфсизлик қоидаларига риоя қилмайди, бунинг оқибатида автоҳалокатлар тез-тез рўй бериб туради.
- Бир ойча олдин Россиянинг Мардовия автоном республикаси Чкаловск районида иккита автобус авария бўлди. Иккаласи ҳам Ўзбекистонники. Ичида урилган, қирилган 150 одам чиқди,- дейди қашқадарёлик Акрамжон.
Бундан бир йил муқаддам эса Жамбил вилоятида рўй берган автаҳалокатда 20 киши ҳалок бўлган ва уларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.