9 июн куни Олмаота ҳибсхоналарида роппа-роса бир йилдан буён сақланиб келган 29 ўзбек қочқинларининг барчаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида сақланган 29 нафар қочқин Ўзбекистонга бериб юборилди.
Бу ҳақда Озодликка Олмаота шаҳар прокурор ўринбосари Ташкенбай Абубакиров маълум қилди.
- Ўзбекистон бош прокуратурасининг сўровига кўра, Қозоғистон бош прокуратураси қочқинларни уларга топшириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу одамлар Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланган ва барчаси қидирувга берилган. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ўзаро келишув бор. Шунингдек, Минск конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга кўра, бу одамлар Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг айримлари БМТ томонидан берилган қочқинлик ҳужжатига эга эди. Шунинг учун уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга апелляция тартибида мурожаат қилиш имкони берилди. Яқинда суд уларнинг ишини кўриб бўлди. Суд уларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди ва уларга берилган қочқинлик мақоми қайтариб олинди. Энди улар Ўзбекистонга топширилди,- деди Олмаота шаҳар прокурори ўринбосари Ташкенбой Абубакиров.
9 июннинг иккинчи ярмида 12 нафар қочқин аёл эрларининг Ўзбекистонга бериб юборилганига норозилик билдириб, Олмаота шаҳар прокуратураси биносини пикет қилишди.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, пикет пайти аёлларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўпол муносабатда бўлиб, аёллардан айримларини ҳибсга олган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бири Умида Азимовага кўра, ҳибсга олинган қочқин аёллардан тўрт нафари ҳам Ўзбекистонга жўнатилган.
- Ҳозир мана қаранг тўртта аëлни олиб кетганда. Бу Ғуломова Ҳусния, Мўминова Адолат, Қодирова Гулнора ва Қобилова Феруза. Бу аëлларнинг боласи шу ерда қолиб кетган. Ҳозир Мўминова Адолат бизга қўл телефонидан телефон қилиб “Бизларни машинага ўтказиб Ўзбекистонга олиб кетаяпти” деб айтди. Уларни қанақадир РОВДга олиб кетганда. Энди у РОВДдан Ўзбекистонга олиб кетаëтган экан машинага ўтказиб,- деди Умида Азимова.
Ўзбекистонга топширилган 29 қочқиннинг Қозоғистонда оилалари қолди.
Эри Ўзбекистонга топширилган қочқин аёллардан бири, исмини ошкор қилмасликни сўраган ҳолда айтишича, у уч нафар ёш боласи билан саросима ва ваҳима ичида ўтирибди.
- Ҳаммасини бериб юборганини эшитдик. Билмадик энди. ДВДникининг ҳаммасини олиб чиқиб кетганини эшитдик эрталаб. КНБники ҳам свиданиега боришди аëллар. “Унақа одамлар йўқ бу ерда. Ҳаммасини бериб юбордик. Олиб кетишди. Кетди бу ердан” дебди. Ўзбекистонга бериб юборибди. Энди нима бўлади? Паспортимга депорт қилиш ҳақида муҳр босишган. Энди мени ҳам болаларим билан жўнатишса керак,- деди йиғи аралаш қочқин аёл.
Ҳозирда Олмаота ҳибсхоналарида яна уч нафар қочқин қолган. Уларнинг маҳкама жараёни охирига етмагани боис Ўзбекистонга топширилмагани айтилмоқда.
Қозоғистоннинг қийноқлар эҳтимоли борлигини била туриб, 29 қочқинни Ўзбекистонга топширганини халқаро ташкилотлар кескин қораламоқда.
Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Вероника Голдстон буни ноинсоний ҳаракат дея атади.
- Афсуски Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид тарзда қочқинларни бериб юбораётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Қочқинларнинг Қозоғистондан Ўзбекистонга депортация қилиниши бу инсоний фожиадир. Эндиликда БМТ Қочқинлар идораси каби халқаро гуруҳлар ва Европа ҳамда АҚШ ҳукуматлари зудликда ҳаракат қилиб, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимларининг улар ёнига киритилишига эришишлари керак бўлади,- дейди Голдстон.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Уайшердинг Қозоғистонни халқаро мажбуриятларга зид ҳаракат қилганликда айблайди.
- Бу ўта хавотирлидир ва икки кун муқаддам ҳам биз Қозоғистон ҳукуматидан бу одамларни Ўзбекистонга жўнатишдан мутлақо тийилишни сўраган эдик. Бу Қозоғистонинг жамики халқаро мажбуриятларига зиддир. Шунингдек, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳам бу шахсларга оид ишни текшириб чиққинга қадар уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслигини сўраган эди. Бу шахсларнинг ўз юртида қийноқларга солиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотир ва огоҳлантирувларга қарамай Қозоғистон ҳукуматининг уларни яна қийноққа қайтаришга қарор қилгани бизни қаттиқ хавотирга солмоқда,- дейди Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Уайшердинг.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари Надежда Атаева ҳам 29 қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини кескин қоралаб, Қозоғистоннинг бу ҳаракати учун унга қарши халқаро миқёсда бирлашиб, норозилик акцияси бошлашга чақиради.
- Биз Қозоғистон ҳалқаро мажбуриятларини намойишкорона равишда бузаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Қозоғистон ўз зиммасига олган мажбурияларга зид равишда 29 қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилди. 29 қочқиннинг барчаси халқаро ҳимояга олинган. Уларнинг аризалари БМТнинг қийноқларга қарши кураш қўмитаси томонидан рўйхатга олинган. Уларнинг аризалари ўрганилаётган пайтда қочқинларни Ўзбекистонга топширишга ҳаққи йўқ. Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиши бугун барчага маълум. Шуни била туриб Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистон қўлига топшириши умуман ҳайратланарли. Шунинг учун бутун дунёдаги жамоатчилик ташкилотларини бирлашиб, Қозоғистон ўз мабуриятларини бузгани учун норозилик акциялари ўтказишга чақираман,- дейди Надежда Атаева.
Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий Остона кейинги тўққиз ой ичида 29 қочқиндан ташқари яна тўрт ўзбек қочқини Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.
Ўтган йилнинг 30 октябр куни Қозоғистон Ўзбекистонга экстрадиция қилган Тожикистон фуқароси 36 ёшли Умарали Абдураҳмонов жорий йилнинг бошида амнистияга тушмаслик шарти билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бошқа уч қочқиннинг тақдири ҳозирча номаълум.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида ушлаб турилган 29 қочқин ўтган йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмат ходимлари томонидан қўлга олинган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси бу қочқинларни оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, уларнинг ўз ихтиëрига берилишини сўраган.
Олмаота шаҳар Миграция департаменти ўтган йили Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини рад этди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнггида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.
2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирган эди.
Март ойида Олмали туман суди Қозоғистон Бош прокуратурасининг 32 ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарорини қонуний деб топди.
14 апрел куни куни ўтган маҳкамада Олмаота шаҳар суди судяси Ермахан Дилдабаев Олмали туман судининг мазкур қарорини тўғри деб топиб, уни ўз кучида қолдирди.
9 июн куни эса 29 қочқин Ўзбекистонга топширилди.