20 июн халқаро қочқинлар куни.
Йилига миллионлаб одам яхшироқ ҳаёт илинжида чегаралар оша ҳорижга йўл олади.
Уларнинг аксар кўпчилиги ватанини мажбуран тарк этаётганлардир. Мамлакатидаги зўравонлик ва таъқиблар уларни шунга мажбур қилмоқда.
Таъқиблар ва қамоққа олиниш хавфи боис ватанидан айро бўлиш қисмати бугун минглаб ўзбек қочқинлари қатори ўзбекистонлик 28 яшар Умиднинг бошига ҳам тушди.
- Ватандан кетишга асосий мажбур бўлган нарса эътиқодимиз. Оилам ва ўзим ҳаммамиз мусулмон бўлганлигимиз учун исломий оилада тарбия топганмиз. Шу оилада катта бўлганлигимиз учун Ўзбекистонда мусулмонларга қарши сиëсатнинг оқибатида ватанни ташлаб чиқиб кетганмиз, дейди Умид.
Умиднинг акалари Ўзбекистонда диний сабаблар билан қамалган. Ўзига нисбатан таъқиблар бошланганидан сўнг 2009 йилда у оиласи билан Қозоғистонга қочишга мажбур бўлди.
- Ëнимда аëлим ва иккита фарзандим. Фарзандларим уч ëш, бир ëш. 2009 йил 10-ойда чиқиб кетганман Ўзбекистондан. Ўзбекистонда менинг акам ва оталарим қамалганлиги учун мендан Ўзбекистонда СНБ ходимлари ўзларига ишлашликни, яъни мен масжидларда, бошқаларда юриб уларга информацияни айтишлигимни талаб қилишган. Мен бу нарсага кўнмаганман. У ерда қоладиган бўлсам, тазйиқлар, бошқалар қанақа бўлишлигини айтишган. Шунинг учун чиқиб кетганман.
Озодлик: Чиқиб кетмаганингизда нима бўларди?
- Уларга ишлашим керак ака. Мусулмонларга қарши ундай, бундай деб айтиб туришим керак, яъни сотқинлик қилиб нима қилишим керак ëки қамалиб кетишим керак. Бу нарсани ўша ернинг ўзидаëқ очиқ айтди. “Ë ишлайсан, ë қамаласан. Қайси бирини қиласан?” деган. Мен “Бўлди. Сизларга ишлайман” деб улар айтган нарсаларни ëзиб бериб, қўл қўйиб, чиқиб олиб бир ҳафтадан ошиқроқ бир нималарнинг уйида яшириниб туриб, шу билан чиқиб кетиб қолганман.
Озодлик: Афсусланмайсизми кетганингизга?
- Албаттаки, ҳар бир инсоннинг ўзининг туғилиб ўсган ерига, ватанига етмайди. Албатта, афсусланаман ўзимнинг жойим, ўзимнинг яқинларимдан узоқда қолганлигимдан. Ҳамма қариндош-уруғларим қолиб кетган ўша ëқда, дейди Умид.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонни тарк этаётганларнинг кўпчилиги Умид каби диндор қочқинлардир. Бу Ўзбекистонда диндорларга нисбатан таъқиблар кучайгани билан изоҳланади.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида асосан мухолифат фаоллари мамлакатни тарк этди. 2005 йилги Андижондаги қирғин ортидан ҳориждаги ўзбек қочқинлари сафи нафақат андижонлик қочқинлар, балки мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳисобидан ҳам кўпайди.
Тўлқин Қораев 2005 йил 13 май Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан қочган ўнлаб ўзбек журналистлардан бири.
- Бизларнинг қочоққа айланишимиз 2005 йилги воқеа билан боғлиқ. 13 май воқеаларидан кейин мен биринчи бўлиб қамоққа олинган журналистман. Бутунлай инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланганим учун ва журналистик фаолиятим учун. Ҳар иккаласини қўшиб олишганда. Қамоққа кирганимда тушунарли бўлиб қолди менга аҳвол кескин ўзгарганлиги. Чунки мен ўрганиб қолган эдим ўша вақтларда. Мени қамоққа олишнинг ўзи бўлмасди. Аммо қамоққа олишди. Тўғри узоқ муддатли эмас. Қамоқ бор-йўғи 10 сутка эди. Қамоқдан чиққанимдан сўнг ҳам жуда қаттиқ бир таъқиблар давом этди. Мажбур бўлдим ватанни ташлаб кетишга. Чунки кўриниб турган эди аҳвол. У ерда мени озодликда юргани қўйишмасди, дейди Тўлқин Қораев.
Тўлқин Қораев беш йилдан бери оиласи билан Швеция шимолидаги Тимро шаҳрида яшаяпти.
- Яхшиямки чет элга чиқиб қолган эканман. Мана бу томонлари ҳам бор. Нафақат демократик дунëни кўриш, бу ерда шахсий баъзи бир масалалар ҳам бор. Мисол учун фарзандларимдан биттаси жуда оғир хасталикни бошидан кечирди. Бундай хасталик билан одамлар Ўзбекистонда нобуд бўлади. Аммо бу ерда фарзандимнинг ҳаëти сақлаб қолинди. Шу томондан олиб қараганда мен жуда ҳам хурсандман. Яхшиямки ташлаб кетган эканман Ўзбекистонни, дейди муҳожиратда яшаётган журналист Тўлқин Қораев.
Швейцариянинг Лозан шаҳрида яшаётган диссидент ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжон тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонни тарк этган.
- Қочқинларнинг кўпчилиги бизнинг ўша пайтдаги қочқинликка тўғри келмайди. Қочқинлик бу оммавий қотиллик ëки уруш бўлаëтган жойдан кўчиб кетиш. Масалан Андижон воқеаларида Қирғизистонга ўтган одамларни қочқин дейди. Муҳожирлик, мажбурий тарк этиш дейиш мумкин. 1993 йилдан 2000 йилгача сиëсий мухолифат аъзоларининг кўчиб кетишлари бўлди. Баъзилари бир марта қамалганидан кейин иккинчи матрта маҳкум бўлишдан эҳтиëт бўлиб кўчиб кетишди. Баъзи бирлари қамалмасдан олдинроқ кўчиб кетишга мажбур бўлишди. 1993 йилда қамалгунимча мен Туркияда яшадим. Аммо яна қайтиб бордим. Қамалдим, чиқдим. Яна жиноий иш очилди иккинчи марта. Ундан кейин мажбурий кўчиб кетдим мен. Россияга келдим. Россияда қамаб қўйди. Ўзбекистонга топширмоқчи бўлди. Украинага бордим. Украина 48 соатнинг ичида чиқариб юборди. Кейинги нуқта Туркия бўлди. Туркияда бир йил яшай олдим фақат. Бир йилдан кейин у ердан 10 йил Туркияга кирмаслик таъқиқи билан чиқариб юборилдим. Таъқиқ тугаган бўлишига қарамасдан, ҳали ҳам Туркияга бора олмаяпман. Буни мажбурий қочқинлик дейиш мумкин. Бизда иқтисодий сабаб билан бошқа ерга бориб, яхшироқ яшаш илинжи йўқ эди.
Озодлик: Ўзбекистондан чиқиб кетганингизга неча йил бўлди?
- 1997 йилда чииқб кетган бўлсам, 14 йил бўлди.
Озодлик: Ҳозир Швейцариядаги ҳаëтингиздан мамнунмисиз?
- Оилам учун, болаларим учун мамнунман. Чунки болаларим бу ерда ўқишаяпти, озод, эркин дунëни кўриб иқтисодий, маънавий эркинликда катта бўлишаяпти. Уларни кўриб хурсанд бўламан. Ўзимга қараса, шунча йил ўтган бўлишига қарамасдан, иссиқ жойларга қараб югуриш бор. Жуда кўп касалликларим бу ердаги об-ҳаво билан боғлиқ.
Озодлик: Ўзбекистондан кетар экансиз ҳижрат бу қадар узоқ бўлиб кетишини кутганмидингиз?
- Йўқ, кутмадим. Ҳатто баъзи бир жомадонлар очилмасдан ҳам турди. “Тураверсин. Барибир эрта-индин кетамиз”, деб яшадик. Кейинги даврда умидворлик ҳам камайди. Мен кетгандан кейин оилам ҳам сургун қилинди. Учта укам қамалди сиëсий ва бошқа сабаблар билан. Оқибатда биттаси вафот этди. Мен билдимки, мен учун Ўзбекистон бутунлай беркилган. Яхши ҳам шу ердаман. Болаларим учун хурсанд бўламан, дейди Сафар Бекжон.
2006 йилнинг апрелида Ўзбекистон ҳукмати БМТ қочқинлар масалалалри бўйича Олий комиссарлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпди ва бу идора вакилларини ўз ҳудудидан қувган биринчи давлат бўлди. Расмий Тошкент ўз қарорини БМТ қочқинлар идорасининг "Ўзбекистонда қиладиган иши қолмагани" билан изоҳлаган бўлса-да, бунга олий комиссарликнинг Андижон фожиасидан кейин 500 қочқинни учинчи давлатга кўчиришда кўмаклашгани сабаб бўлгани маълум эди.
68 яшар Нажмиддин ота АҚШда бошпана топган андижонлик қочқинларнинг энг кексаси. Отахон 2005 йил 13 май куни Андижондаги қирғиндан омон қолиб, бугун Аризона штатида рафиқаси, фарзандлари, невараларидан узоқда яшамоқда.
- Укамнинг ўғли ўзим билан бирга. Бошқа фарзандларим ҳам тилни яхши билиб олишди. Қаерга ишим тушса, бирга олиб боришади. Докторга борсам, пенсия масалаларига борсам, ўзлари олиб боришиб, бекаму кўст ишимни тўғирлашаяпти. Ўзим гапира олмайман.
Озодлик: Битта-иккита сўзларни ўрганиб олдингизми?
- Бир идораларга киришим билан (кулиб) “Hello. How are you?” деб қўяман. Ишим битса, кетаëтиб “Thank you” деб қўяман. Бир пайтларда “Bye bye” ҳам деб қўяман (Шу гапни айтиб Нажмиддин ота очилишиб кулди). Булар ҳам жуда яхши онгли халқ эканки, тушунмаганларни, катталарни, янги келганларни роса билар экан. Чиройли муносабат қилишар экан. Ҳолатингиздан нима демоқчи эканлигингизни билиб жавоб қилар экан. Ëрдам қилиб юборар экан. У томонлар яхши.
Сўнгги тилагим Парвардигор, омин дунëда тинчлик бўлсин. Ҳар бир одам ўзининг юртида яшасин. Қочоқ деган сўз йўқ бўлиб кетсин. Меҳмонлар, саëҳатчилар, зиëратчилар, тижоратчилар деган сўзлар билан бир биримизникига борди-келди қилиб ҳаëт жуда чиройли бўлсин, дейди Нажмиддин ота.
2005 йилдан кейин дунëнинг турли қитъаларидан қўним топган андижонликларнинг ëш авлоди яшаëтган юртлари тили, урфу одатини ўрганиб, ўз йўлини топиб кетган бўлса, 70 ни қоралаб қолган Нажмиддин ота Умаровнинг кўнгли ҳамон олис Андижонда.
- Ëшлар энди шаҳарларни айлантиришаяпти. Ҳақиқатан баланд, осмонўпар бинолар. Ерлар ҳаммаси мармар. Ҳамма ëқ чиройли. Улар томоша қилишиб, “Тоға, мана бу биноларни қаранг. Ҳаëтни қаранг” деса, “Ҳа, ҳа” деб қараяпману, хаëлим ўзимизнинг юртимизга кетаяпти. Булар сал олдинроқда кетаëтган эди. Ўзимга бир фикрлар, сўзлар келдики, мусофирчиликда, юртнинг соғинчида, оила, жигарлар соғинчида одам ëзувчи ҳам бўлиб кетар экан, шоир ҳам бўлиб кетар экан. Оддий инсон қатори ўйлаб туриб уч-тўрт қатор сўзлар келиб кетди. Ëшлар энди ҳамма ëқни таърифлашиб юрган пайтда менга келган нарса бу.
Юртим ҳамон кўзим сенинг йўлингда.
Юрагим жилови сенинг қўлингда.
Ўзгалар юртининг кошонасидан,
Яшамоқ истагим сенинг чўлингда.
Тилагим юртимиз озод бўлса бас.
Ўзаро низолар барбод бўлса бас.
Ҳар шаҳар қишлоғу, ҳатто чўлларда
Адолат биноси бунëд бўлса бас.
Бўлайлик ватанга доим фидокор.
Бўлайлик тадбиркор ҳамда бунëдкор.
Халқимиз дардини дилидан топиб,
Бўлайлик дардига уста шифокор.
Менинг ҳам ул юртда тоза қоним бор.
Вафодор рафиқам, мард ўғлоним бор.
Хўп ширин ва кўркам набираларим,
Гулшан қизим, Саидам, Дурдоним бор.
Энг гўзал, энг улуғ, юртимсан ўзинг,
Сен билан ҳамнафас ўтар ҳар оним.
Алишмам дунëга бир қарич еринг,
Нажмиддин фахрингдир Ўзбекистоним.