"Тожикистонда уруш" таъқиқланди

Operation Flashpoint: Red River ўйинидаги воқеалар Тожикистонда бўлиб ўтади.

Тожик депутатлари "Operation Flashpoint: Red River" ўйини ёзилган дискларнинг мамлакат бозорларида сотилишини таъқиқлаб қўйди.

Тожикистоннинг тоғли ҳудуди. 2013 йил. Қонли тўқнашувлар. Автоматлар, ҳарбий вертолётлар овози, миналар портлаши каби даҳшатли манзаралар тасвири.

Исломий эктремистик гуруҳлар Тожикистонни ўз тасарруфига олган.

Америка денгиз кучлари билан жангариларнинг тўқнашуви.

Вазиятга Хитой тинчликпарвар кучлари аралашади.

Бу Тожикистон ҳудудида йирик давлатлар орасидаги урушнинг авжига чиқишига туртки бўлади....



Бу Душанбе шаҳар бозорларида серхаридор бўлган “Operation Flashpoint: Red River” номли компютер ўйини сюжетидан парча эди.

Эндиликда бу дисклар бозор расталаридан олиб қўйилди. “Operation Flashpoint: Red River” нинг мухлислари уни ҳеч қаердан тополмаётганидан шикоят қилмоқда.

Тожикистон парламенти депутатлари фитна хусусиятига эга бўлган бу компютер ўйинининг ўсмирлар ва ёшлар руҳиятига салбий таъсири борлигига шубҳа қилмайди.

Британиялик мутахасислар томонидан ишланган компютер ўйинининг ёшлар орасида тарқалишига қарши чиққан тожик депутати Давлатали Давлатовнинг айтишича, мазкур ўйин фитначиликдан бошқа нарса эмас.

- Албатта, бу бир компютер ўйини. Лекин чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, Тожикистондаги барқарорликдан манфаатдор бўлмаган айрим кучларнинг Тожикистонга нисбатан навбатдаги сиёсий иғвосидир. Бу ўйиннинг ёшларимиз орасида тарқалишини тақиқламасак, ёмон оқибатлар келтириб чиқариши турган гап, - дейди парламент қуйи палатасида Тожикистон Халқ демократик партиясидан вакил Давлатали Давлатов.

“Operation Flashpoint: Red River” компютер ўйини Британиянинг “Codemasters” ширкати томондан ишланган.

Дисклар Тожикистон бозорларига шу йил апрел ойида киритилган.

Тожикистон расмийлари дискларнинг бозорларга контрабанда йўли билан киритилганини иддао қилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, 2013 йил Тожикистонда президентлик сайлови ўтказилади.

Британиялик мутахасисларнинг “Тожикистон - 2013 йил, уруш” тўқима сюжети тожик жамиятида турли баҳсларга сабаб бўлмоқда.

- Ғарбда шу кунгача ишланган бу каби ўйинларда мажозий макон танланган. Бу ўйинда эса макон ва замон аниқ. Яъни Тожикистоннинг қишлоқлари ва улар ҳақида маълумотлар аниқ берилган. Масалан, 2013 йил, яъни республикамизда бўлиши кутилаётган сиёсий тадбир. Қандайдир шубҳали сюжет, бу бежиз эмас. Менимча, бу масала ҳукумат томонидан жиддийроқ кўриб чиқилиши лозим, - дейди компютер ўйинлари ишқибози Саъдулло Халифаев.

Бироқ кўпчилик тожикистонликлар дисклар савдосини таъқиқлаш билан муаммо ҳал бўлмаслигига ишонади.

Чунки бундай ўйинларни интернет орқали топиш жуда осон ва қулайдир.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Акрам Абдуқодиров тожик расмийларининг бу борадаги ташвишлари асоссизлигини айтади. Унингча “Оперейшн флешпойнт” ҳеч қандай сиёсий хусусиятга эга эмас.

Компютер ўйинлари шаркатлар томонидан фақат тижорат ва даромад топиш мақсадида ишланади.

-1992 ва 1997 йиллар Тожикистонда фуқаролик уруши бўлганди. Бу компютер ўйинларини ишлайдиган хорижлик муаллифлар учун тайёр сценарий. Менимча шу нуқти назардан улар минтақа мамлакатларидан айнан Тожикистонни танлаган бўлиши мумкин. Ширкатларнинг мақсади қайсидир давлатда уруш режасини олдиндан тузиш ва провакация қилиш эмас, балки тижорат холос,- дейди Абдукарим Абдуқодиров.

Тожикистонда британиялик ширкат маҳсулоти тақиқланиши илк бор кузатилмоқда. Тожикистонлик ўсмирлар ва ёшлар бунгача “ Codemasters” ширкати томондан ишланган дискларни бемалол харид қилган.

Эндиликда “Оперейшн Флешпойнт. Ред ривер” ўйини сабабли Тожикистон расмийларида пайдо бўлган шубҳа ортидан мазкур ширкатга тегишли бошқа дисклар ҳам савдодан олиб ташланди.